Мақолалар

Даврий нашрларда: Дин барчамизники эмасмиди?

Биз битта калима ‒ «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан бу динни танладик. Битта жаннатни орзу қилмоқдамиз. Бир хил ибодатни адо этмоқдамиз. Қибламиз, амалимиз бир хил. Умид қилган нарсаларимиз, тасаллиларимиз бир хил. Бир хил нарса учун қувониб, ғам чексак ҳам бир хил нарса учун ғам чекмоқдамиз.

Дин учун хизмат қилишга келганда нима учун баъзи инсонларнинг номи дин кишиси бўлиб қолди? Дин барчамизники эмасмиди?! Дин ҳам, унинг юки ҳам бизники. Африкадаги бир инсоннинг миссионерлар қўлидаги ширин кулча эвазига Исломдан чиқиб, христианликни қабул қилиши бизни нақадар ташвишга солса, бу диннинг юки бизники эканини эътироф этишимиз ҳам шундай бўлиши керак.

Бугун Исломни қабул қилган бир германиялик ҳақидаги хабар бизни қувонтираётган бўлса, бу диннинг ютуғига ҳам ҳар биримиз мана шундай масъулмиз демакдир. Каъбаси бизники эканлигига кўра, дарду-ғамлари ҳам бизники.

Имомларимиз динга давъат қилишса-да, Исломнинг ташвиш барчамизники. Намоз ўқийдиган масжидларимизнинг тозалиги, назорати ҳар бир намозхоннинг вазифаси. Азон ҳамманики, муаззин эса унга масъул; лекин биз ҳам азон айтамиз. Барчамиз «Аллоҳ буюкдир» дейишдан-да шарафли ишларни қилишимиз керак.

Майли, фарзандимизга Қуръонни имом ё устоз ўргатсин. Аммо уларнинг ҳақиқий устози, мураббийи бўлишга, уларни мўмин қилиб вояга етказишда ҳар биримиз жавобгармиз. Барчамиз чўпонмиз, қўл остимиздагиларга масъулмиз. Барчамиз устозмиз, барчамиз имом, барчамиз муаззин, барчамиз мураббиймиз. Бунинг учун диплом, ваколат шарт эмас. Билмаган нарсамизга аралашмай, билганларимизни ўргатиб, ҳаётга татбиқ қилсак, шунинг ўзи кифоя.

Таҳоратни биламиз-ку, шуни ўргатайлик. Ароқнинг ҳаром эканидан хабаримиз бор, буни ҳам айтиб қўяйлик. Бировга ноҳақ озор беришнинг ҳаромлигини биламиз-ку, ундан ҳам қайтарайлик. Мўмин кишига ёрдам бериш иймоннинг тақозоси эканини биламиз-ку, буни ҳам қилайлик.

Бу вазифқлар учун устоз бўлиш, ҳукуматдан ваколат кутиш шартми? Динни ёйиш учун мусулмон киши мусулмон бўлаётганида берган сўзлари билан ваколатли бўлган эмасмиди?! Мана шунинг ўзи жиҳод эмасми?

Қанийди, саҳобаларни тушунганимизда!

Саҳобалар мусулмонликни қабул қилгач, ҳеч қанча вақт ўтмай Аллоҳ учун давъатга чиқишарди. Кимлардир суффада бир ҳафта бўлиб, сўнг ўрганганларини етказиш учун қабила ва қавмларига қайтишди.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу қўл билан санарли кишилар мусулмон бўлган даврда Исломга кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига қавмига қайтиб бориши ва зарур бўлганда чақиришларини айтдилар. Лекин у кетмади. Иймони тақозо этаган ондан бошлаб атрофидагиларга динини тушунтиришдан тўхтамаслигини айтди. Ва шундай қилди ҳам. Иймон келтирганига бир кун бўлган киши нима ўрганганиши, одамларга нимани ёйиши мумкин?! Ёхуд илк даврда дин учун нималар нозил бўлган эди?! Аммо Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг иймони, шижоати комил ва кучли эди. Иймон келтиришни бир неъмат ва бунинг эвазига иймон учун хизмат қилиши кераклигини бурч деб биларди.

Саҳобалар ваколат олишни, бирор вазифага тайин этилишни кутишсаганида Ислом йигирма уч йилда эришган даражасига чиқиши учун яна неча аср керак бўларди, ажабо? Улар мутахассислик ортидан тушмадилар, ихлос билан кифояланишди, холос. Кўп нарса ўрганишни эмас, ўрганганларига амал қилишни афзал билишди.

Бу борада ўзларини ожиз билишмади. Албатта, динлари учун қўлларидан келадиган бирор иш борлигига ишонишар эди. Аёллар ҳам шундай эътиқодда эди, эркаклар ҳам... Ҳатто қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бир ҳабаший аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларини супуришни бошлади. Дин учун бирор нарса беролмаслигини билган бир бева аёл ўн ёшли фарзандини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизматчи қилиб топширди...

Шунча иш бор экан, мусулмон киши қандай қилиб дини учун ҳеч нарса қила олмаслигини ўйлаши мумкин?!

Бир марта билан кифояланманг

Мўмин ўлароқ жонимиз узилгунига қадар иймон даъвомизга хизмат қилишимиз шарт. Рамазонларда, байрамларда, табиий офатларда, масжид қурилишида, хайрияларга ёрдам беришдаги амалга оширилган ишлар мавсумий. Мавсумий бўлмаган диннинг хизмати ҳам мавсумий бўлмайди. Дин абадий, унга хизмат ҳам бир умр давом этиши керак.

Бу вазифа замон билан ҳам, макон билан ҳам чегаралаб олинмайди. Қаерда Аллоҳнинг бир мўмин бандаси сифатида нафас олаётган бўлсак, иймон неъмати шукрининг тақозоси учун ўша ерда динимиз йўлида нимадир қилишга имкон топа оламиз. Кеча ёки кундуз, қийин ёки осон деб танлаб ўтиришга ҳаққимиз йўқ.

Албатта, Аллоҳ бандасига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Албатта, бардошимиз чегараланган. Беш йил, ўн йил дея олмаймиз. Тўққиз юз эллик йил хизмат қилган ҳолда зерикмаган, тоқати тоқ бўлмаганлар бор.

Ишимиздан нафақага чиқишимиз, юритаётган тижоратимизни тўхтатиб қўя қолишимиз, экинзор-боғимизни фарзандларимизга қолдириб, дам олишимиз мумкин, лекин динимизни танитишдан, бу йўлда хизмат қилишдан бир зум ҳам айрилмаймиз. Динимиз учун қўлимиздан нима иш келса, Аллоҳдан ўша иш устидада жонимизни олишини орзу қиламиз.

Ким масъул?

Динимизни танитишда фақат устозлар, вақфлар, турли ташкилот ва жамоатлар эмас, ўзини мўмин деб билган ҳар бир киши масъул. Жаннатга киришнинг бадали иймон бўлгани учун ўша ҳақни адо этаман деган ҳар кимнинг зиммасига шундай юк тушади.

Бу юкни устозларга ташлаб қўйиш билан қутилиб қололмаймиз. Устозлар ўша буюк вазифанинг бир қисмига масъуллар, холос. Дин намоз ўқишдангина иборат эмас, таблиғ фақатгина азон эмас, муаммо фақат болаларга Қуръон ўргатиш эмас!

Иш кўп, вазифа кўп!

Билимсизлик узр ҳисобланмайди. Билганларимиздан эса масъулмиз. Шуларни муносиб тарзда татбиқ қилсак, ҳамманинг билганлари оз-оздан жамланиб, қаршимизда кўп нарса юзага чиқади.

Нималар қила оламиз?

Нима иш қила олишимизни синаб қўриш билан бошлайлик. Шуур ва шавқимизни орттирадиган кишилар билан бирга ишлашимиз мумкин. Турли фитна ва ғаразли ташвиқотлари таъсирига тушиб қолмаслик чораларини кўришимиз керак.

Динимиз равнақи учун бир бурчакда ўтириб олиб эмас, ҳар бир олаётган нафасимизда ҳисса қўшишни мақсад қилиб олишимиз керак. Молимиз орқали, куч-қувватимиз билан, ҳеч бўлмаса, дуомиз билан кўмак берайлик.

Фарзандларимизга яхши тарбия бериб, илм-маърифатли қилишимиз ҳам дин йўлида қўшган муносиб ҳиссамиздир. Тўй-маъракалар, дам олишимиз, саёҳатларимизни динимиз билан чамбарчас олиб бориш мумкин.

Ҳақиқат, шуки...

Қилишимиз керак бўлган жуда кўп иш бор. Ҳар бир ишнинг ўзига яраша мутахассиси ҳам бор. Ҳамма битта ишни қилишга мажбур эмас. Орамиздан кимдир Умар бўлиб, адолатга хизмат қилади, шижоатга тўлади. Яна кимдир Алий бўлиб, илмга шўнғийди. Кимдир Ҳассон бўлиб, шеърлари билан динимизга хизмат қилади. Кимдир қўлига супурги олиб, бир масжидни тозалайди. Кимдир эса мана шу ишларни қилаётганларнинг ҳожатини чиқаради.

Ухлаш ва ғафлатда бўлишдан бошқа ҳамма нарса бизга тўғри келаверади. Шундай бўлмаганида Аллоҳ бизга бу юкни юкламас эди.

Жафар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

Ўн бир йил сургунда бўлди. Макка ва яқинларини соғинди. Ўн бир йил ўтгач, Хайбар фатҳи кунлари Маккага қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарнинг фатҳидан жуда қувонган эдилар. Жаъфар розияллоҳу анҳунинг қайтаётганини кўриб, қувончлари янада ортди. Шундай севиндиларки, «Қайси бирига кўпроқ суюнай: Хайбарни олганимизгами ёки Жаъфарнинг келганигами?» дегандилар. Жаъфар ҳам, албатта, қувончга тўлган эди.

Кейин нима бўлди?

Жаъфар розияллоҳу анҳу билан бирга ўтириб, ўн бир йиллик айрилиқнинг ҳасратини гаплашдиларми?..

Жаъфар қайтган кунлари румликлар Исломга хавф солиб турган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга қарши қўшин юбориш арафасида эдилар. Жаъфар розияллоҳу анҳу қўшиннинг иккинчи қўмондони этиб тайинланди. Йўлга тушди. Ўн бир йил ҳижрат диёрида яшаган ғарибликдан, яқинларидан айрилган кунлардан кейин йўлга тушди. Муътага етиб келишди.

Шиддатли жанг бошланди. Жаъфар қўшинда иккинчи шахс эди. Биринчи киши шаҳид бўлди.

Жаъфар қўшин қўмондони сифатида олдинга чиқди. Қўлида байроқ турарди. Бир қўли кесилди, байроқни иккинчи қўлига олди. У ҳам кесилди, устига ўқ-найзалар ёмғирдек ёғилди. Жангдан сўнг танасида тўқсондан ортиқ қилич, найза излари ва тешикни санашди. Бирорта зарба орқасидан урилмаганн эди. Чунки Жаъфар розияллоҳу анҳу асло орқага қарамаган, доим олға юрган эди.

У илк иймон келтирганлардан бири эди. Илк азобга учраганлардан ҳам бири бўлди. Дини учун ҳижрат қилди. Ғурбат аламларини ичига ютди. Мадинага қайтганида мусулмонлар Ҳайбарни фатҳ қилишган эди. Ўша фатҳдан кейин қўрғоқчилик ҳам тугади. Мусулмонлар энди қоринларини тўйдирадиган даражада озиқ-овқатга эга эдилар. Аммо Жаъфар розияллоҳу анҳуга яна бир вазифа юкланди. «Мен кечагина келдим, бир-икки кун ўтсин», демади. Дарҳол ҳозирлик кўриб, йўлга чиқди. Жанг майдонига қараб учди. Шу учиши билан жаннатгача етиб борди. Аллоҳ ундан рози бўлсин!

 

Олимжон Мазамов тайёрлади


«Ҳилол» журналининг 2(23) сонидан

Read 1444 times

Мақолалар

Top