Мақолалар

РАМАЗОН — маърифат ва қадриятлар қадр топган ой

Янгиланаётган Ўзбекистон диёрида муборак Рамазон ойи тинчли, меҳру оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан кутиб олинди. Президентимизнинг жорий йил 8 апрель куни “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида, ҳар томонлама муносиб ўтказиш дастури ишлаб чиқилди.

Дастурга мувофиқ, жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда ёш авлодни Ватанимизга муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тарғибот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишлар замирида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғояси ётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айниқса, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий ишлар диққат марказидадир.

Юртимизда муқаддас Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, эзгу амалларни адо этиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Ўтган йилги Рамазон ойи панде­мия шароитида, карантин талаблари палласида ўтгани ҳаммамизнинг ёдимизда. Шундай қийинчиликларни ҳам давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва метин интизом асосида енгиб ўтдик. Бироқ ҳали хавф чекингани йўқ, эҳтиёт чоралари ҳам бекор бўлмади. Шу боис, бу йил ҳам ушбу ойни карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказишга мажбурмиз. Бу вазият барчамиздан ҳушёр ва сергак бўлиш, масъулиятни янада оширишни талаб этади. Зеро, Рамазон ойида масжидларда таровеҳ, хатми Қуръон ибодатлари ташкил этилиб, уларда кўплаб намозхонлар иштирок этади.

Шунга кўра, барча масжидларда тозалик ва ободонлаштириш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш ва муқаддас Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ишлари олдиндан жиддий назоратга олинди ҳамда жорий йилнинг 20 февралидан 20 мартига қадар “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш” ойлиги эълон қилинди. Қайд этиш жоизки, мазкур ойлик давомида жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, мавжуд қабристонлар, зиёратгоҳ ва масжидларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда биноларни тўлиқ дезинфек­ция қилиш ташкил этилди;

— имом-хатиблар ташаббуси асосида маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда 9 мингга яқин маҳалла ва аҳоли яшаш пунктида, маҳаллалардаги ёлғиз кекса, боқувчисини йўқотган 6231 нафар фуқаро хонадонларида ҳашар тадбирлари ўтказилди;

131 574 туп гул, мевали ва манзарали дарахтлар экилди, 335 минг метр ариқ тозаланди;

ОАВ ва интернет орқали аҳолини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига тарғиб этиш йўналишида мунтазам чиқишлар қилинди.

Шу билан бирга, COVID-19 касаллиги тарқалиши бўйича мавжуд ҳолатни эътиборга олиб:

санитария-гигиена ва дезинфек­ция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарини ҳар куни дезин­фекция қилиш, уларнинг кириш жойларини пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич), антисептик воситалар билан жиҳозлаш;

ижтимоий масофаланишни (1,5­2 метр) сақлаш, бунинг учун ҳудуд ва ибодат жойларига махсус белги қўйиш, таровеҳ намозлари учун асосан, масжид ҳовлиси, очиқ ҳудудларда жойлар ташкил этиш, ибодат тугаганидан сўнг ҳудудни тез фурсатда тарк этиш;

фуқаролар масжид ичида ва намоз асносида тиббий ниқоб таққан ҳолда бўлиши ва масжидга киришда қўлларни дезинфекциялаш воситасидан фойдаланишини назорат қилиш;

диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни амалга оширишда 60 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ҳамда сурункали касаллиги мавжуд шахсларга улар томонидан кунлик диний тадбирларни имкон қадар уй шароитида амалга ошириш бўйича мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш;

жамоавий ибодатлар ташриф буюрувчилар тиббий ниқобда бўлган ҳолда қатъий санитария-гигиена қоидалари асосида ўтказилиши, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида шахсий масъулиятни ошириш юзасидан тарғибот йўлга қўйилди.

Юртимизда қадимдан Рамазон кечалари Қуръони каримни тўлиқ хатм қилиш чиройли анъанага айланган. Бу йил ҳам кўплаб жоме масжидларимизда хатми Қуръонлар тизимли давом этмоқда. Жорий Рамазон ойида мамлакатимизда фаолият юритаётган 2088 та масжиддан 1373 тасида хатми Қуръон (Қуръон китобини тўлиқ ўқиш) ва 685 та масжидда аҳоли талаби­га кўра, қисқа таровеҳ намозлари ташкил этилмоқда. Ҳозир таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли 30 та масжидда таровеҳ намозлари адо этилмаслиги маълум қилинган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсиясига кўра, ушбу тадбирларга 2320 нафар қори жалб этилди.

Рамазон ойининг улуғворлиги, алоҳида фазилатли томони шундаки, у саховат ойи ҳамдир. Меҳр-мурувват, саховат халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Саховатли зотлар, уларнинг тарихда қолдирган яхши номлари, саховатпешалик билан амалга оширган ишлари биз учун, ёшларимиз учун ибратдир. Албатта, бундан хайр-саховат фақат шу ойда қилиниши керак, деган маъно чиқмайди. Яъни саховат мавсумий қадрият эмас. Бироқ муқаддас китобларимизда Рамазонда қилинадиган ҳар қандай хайрли амаллар, жумладан, хайр-саховатга ҳам бошқа ойлардагидан бир неча ҳисса кўпроқ ажр берилиши қайта-қайта таъкидланади.

Буюк аллома Алоуддин Самарқандий “Туҳфат ул-фуқаҳо” асарида: “Кишиларда Рамазон ойида савобли ишларни ҳар қачонгидан-да кўпроқ қилишга интилиш иштиёқи янада ортади. Айниқса, давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан”, дейди.

Диёримиз мусулмонларига қулай бўлиши учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъатининг милодий 2021 (ҳижрий 1442) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори ҳам эълон қилинди. Қолаверса, бир ой давомида фақат яхши ниятда, яхши амалда бўлган кишиларнинг Рамазондан кейинги ойларда ҳам бундай яхшиликларни давом эттиришлари табиий.

Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарорида Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш борасида тавсиялар берилган. Шунга кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, “Зиё” медиа маркази билан биргаликда “Ҳидоят сари”, “Зиё” кўрсатувлари ва “Рамазон туҳфаси” эшиттириши эфирга узатилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида берилаётган материаллар эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, диний-маърифий руҳдаги, Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгулик, мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ғоялари, динимиз арконларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукроналик фазилатларини улуғлашга даъват этадиган суҳбат ва маърузалар шаклида ташкил этилмоқда.

Телеканалларда миллий қадриятларни улуғлаш, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришга бағишланган бадиий фильмлар, муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишларни ёритувчи ҳужжатли-публицистик фильмлар намойишини ташкил этиш масаласи эса айни муддао бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний соҳа ходимлари томонидан интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали Рамазон ойида саҳарлик, ифторликларни хонадонларда оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона ўтказиш, карантин қоидаларига риоя этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини сунъий равишда оширмаслик, турли бидъат ва хурофотлардан сақланиш, ёт ғояларга асосли раддиялар бериш, аҳоли саломатлигини сақлаш каби мавзуларда тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жума маърузаларида алоҳида мавзулар бериб борилмоқда.

Масжидлар имом-хатиблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамкорлигида Саховат, Мурувват ва Меҳрибонлик уйларида истиқомат қилаётганлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ногирон, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ҳамда саховатпеша инсонларни жалб қилган ҳолда моддий ёрдам кўрсатиш ишлари бошлаб юборилди.

Умуман, амалга оширилаётган барча эзгу ишлар Рамазон ойининг диёримизда янада шукуҳли ва кўтаринки руҳда ўтишига хизмат қилмоқда. Ватандошларимиз бугунги эркин ибодатларига мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, барқарорлик сабаб бўлаётганини чин дилдан ҳис этаётганлари таҳсинга сазовор.

Музаффар КОМИЛОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

2021 йил 15 апрель, №75 (331)

Read 1746 times

Мақолалар

Top