Мақолалар

Касбларнинг энг афзали

Деҳқончилик улуғ ва шарафли касблардан бўлиб, у орқали халқимиз дастурхонлари, бозорларимиз расталари, тожирларимиз дўконлари хилма-хил, бир-биридан мазали мевалар билан безалиб туради.

Деҳқоннинг иймони мустаҳкам, қалби доимо Аллоҳга боғланган ва Роббига таваккули кучли булиши керак.Чунки деҳқон уруғни ерга экиб қолганини Аллоҳга топширади. Мўътадил об-ҳаво, ёмғир ва ҳосилни баракали бўлишини сўраб Аллоҳ талога дуо қилади. Деҳқон Роббимизнинг уруғни қандай ўстириб етиштиришига гувоҳ бўлади. Шу билан бирга Аллоҳнинг қудратини қалбида ҳис қилади.

Қурони каримда марҳамат қилинади: "Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни сизлар ўндирурсизми ёки биз ўндирувчимизми?!" (Воқеа сураси, 63-64-оятлар). Қайси мўъмин инсон яхши ният билан экин экса, кўчат ўтқазса улуғ ажру савобга эга бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади, ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир, йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, унинг учун садақа бўлади", дедилар (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Деҳқонга нафақат бу дунёда, балки вафотидан кейин ҳам унга савоб етиб туради.

Абул Ҳасан Мавардий "Дунё ва дин одоби"китобида: Касбларнинг асл устуни уч нарсага боғлиқ. Улар зироат, тижорат ва саноатдир. Менимча, деҳқончилик касбларнинг энг покизаси ва афзалидир" деганлар.

Деҳқончилик касби инсон яралиши биланоқ бошланган бўлиб Одам алайҳиссаломнинг суннатлари (йўли) дир. Одам алайҳиссалом ерни ҳайдаб, буғдой эккан. Ерни суғориб ҳосил етиштирган буғдойни янчиб хамир қориган. Одам алайҳиссалом ҳаётларида гўзал намуналар бор.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар қиёмат бўлиб қолса ва бирортангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса уни экиб қўйсин", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ерга қадалган ҳар бир уруғ униб чиқиши билан бирга, то қуриганича Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Буларни етиштирган деҳқон эса ўша айтилган тасбеҳ савобларидан насиба олиб савобга эга бўлади. Илоҳим бу йилги деҳқончилигу зироатларга, чорво моллари ва оби равонларимизга барака берсин.

 

Л.Исоев,
Шофиркон тумани "Саид Ато" жоме масжиди имом-хатиби

Read 1929 times

Мақолалар

Top