Мақолалар

Аллоҳ бир қулни севмаса, унга ҳидоят бахш этмайди

Иймоннинг ҳар бир мусулмонда даражаси бордир. Китобларда имоннинг даражаси, қуввати ва нурининг ортиб бориши баҳс мавзуси бўлиб келган.

Иймоннинг илк босқичи инсоннинг калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлишидир. Бу фақат мусулмон бўлишига кифоядир, яъни ишнинг боши, охири эмас... Ояти каримада айтиладики, Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм:

 

قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُل لَّمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِن قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ... (سورة الحجرات:14)

Қолатил аъробу оманно. қул лам туъминў ва локин қўлув асламно валаммо ядхулул имону фи қулубикум («Ал-ҳужурот»,14.) Аъробийлар: «Иймон келтирдик», дедилар. /Эй Муҳаммад, уларга/ айтинг: «Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ лекин сизлар «Бўйинсўндик», денглар, /чунки ҳали-ҳануз/ иймон дилларингизга кирган эмасдир».

Маълум бўладики, Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келиб, «мусулмонмиз» деган инсонларнинг баъзиси ноқис иймонли, баъзиси ҳануз шубҳаю гумонда, баъзиси мунофиқлар тоифасидан экан.

Унинг учун мўъминлар «Аллазина йўъминуна билғайби» дея иймон билан мадҳ этилгандирлар.

Фақат бу иймон турли воситалар билан аста-секин қувватланади. Бу нуқтадан сўнгра инсонларнинг Аллоҳга бўлган боғлиқлиги, турли сабаблар билан – бу сабабларга бироз кейинроқ тўхталаман – «илмал яқин»дан «айнал яқин»га, «айнал яқин»дан «ҳаққал яқин»га томон боради ва киши оқибатда «эҳсон» мақомига эришади. «Эҳсон» мақоми биласизки, ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда билдирилади. Ҳадиси шарифда:

 

الاحسان ان تعبد الله کأنک تراه فان لم تکن تراه فانه يراک (خ. عن ابی هريرة)

Ал эҳсону ан таъбудаллоҳа кааннака тароҳу фаин лам такун тароҳу фаиннаҳу ярока – «Эҳсон Аллоҳни кўрган каби унга ибодат қилмоқликдир, гарчи сен Аллоҳни кўрмасанг ҳам у ҳар ерда ҳозиру нозирдир, Аллоҳ сени кўриб туради», – деб Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар беради. Инсоннинг оқибатда бу «эҳсон» мақомига етишиши асос қилиб олинади.

Бир мусулмон учун Аллоҳни билишда бу жиҳатлар жуда унумли, аҳамиятлидир. Буларга урғу бермоқ истайман. Аҳамиятига эътибор беришингизни хоҳлайман. Бир мусулмоннинг Аллоҳ ҳақидаги қуруқ билими кифоя эмас. Фақат «асмои ҳусно»сини билиши, Қуръон ўқиши, бу билимларни миясига жойлаштириши кифоя эмас. Бу билимни шарқшунослар ҳам, Шайтон ҳам жуда яхши билади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга замондош бўлган яҳудийлар ва насронийлар у зоти шарифнинг дунёга келишларини кутаётган эдилар. Ҳақ пайғамбар бўлганини /камо яърифуна абноаҳум /ўз авлодларини билган каби билар эдилар. Бироқ, фақат билганлари уларни мушрикликдан қутқарган эмас. Билишнинг ўзи кифоя қилмайди... Нима қилиши керак?... Аллоҳ маърифатининг инсон ботинида ҳақиқий бир билим ҳолига айланиши учун банда, Аллоҳнинг севги ва ризолигини қозонадиган бир ҳолатга келиши керак. Аллоҳ бир қулни севмаса, унга ҳидоят бахш этмайди. Масалан:

 

وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ الظَّالِمِينَ... (سورة آل عمران: 57)

Валлоҳу ло юҳиббуз-золимин / «Оли имрон» /57./ – «Аллоҳ золимларни севмайди», – деб буюрилади. Шунинг учун:

 

...وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ (سورة التوبة: 109)

Валлоҳу ло яҳдил қавмаз золимина «Ат-тавба»,109./ – «Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят этмас», – деб буюрилади.

Қул Аллоҳга итоат этмаса, осий бўлса, у пайтда ҳам ҳидоят бермайди.

 

... وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ (سورة التوبة: 80)

Валлоҳу ло яҳдал қавмал фосиқина «Ат-тавба»,80./ – «Аллоҳ фосиқ қавмга ҳидоят бермайди». Шунга биноан зулм, исён, гуноҳларни тарк этади, обид ва Аллоҳга итоаткор бир қул бўлади ва бунга чуқур ихлос билан ҳаракат этади.

Аллоҳу таоло қулларига тақво билан ҳаракат қилишларини, тақвога амал қилишни амр қилади:

 

...وَاتَّقُواْاللّهَ وَيُعَلِّمُكُمُ اللّهُ... (سورة البقرة:282)

Ваттақуллоҳа ва йуаллимукумуллоҳ/ «Ал-бақара»,282./ – «Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга /ҳақ-ҳидоят йўлини/ билдиради».

 

...وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (سورة: 200)

Ваттақуллоҳа лаъаллакум туфлиҳун / «Оли имрон»200./ – «Ва Аллоҳдан қўрқингизким, /шунда/ шояд нажот топгайсизлар!» Яъни, Аллоҳ маърифати бир инсонга етиши, муяссар бўлиши учун бу инсоннинг ўзи тақво аҳлидан бўлиши лозим!... Билимни инсонга Аллоҳ беради. Шу бериши учун тақво лозим!.. Шунинг учун тақвога жуда катта аҳамият берилади.

Кейин нафсни ислоҳ этиши ва гўзал ахлоққа эга бўлиш керакдир. Қуръони Каримда буюриладики:

 

قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا 9 وَقَدْ خَابَ مَن دَسَّاهَا 10 (سورة الشمس:90-10)

Қад афлаҳа ман заккоҳа ва қад хоба ман дассоҳо /»Аш-шамс»9-10./ - «Дарҳақиқат уни /яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан/ поклаган киши нажот топди. Ва у /жонни фисқ-фужур билан/ кўмиб хорлаган кимса номурод бўлади». Шунга биноан нафсини ҳам ислоҳ қилиши керак.

Инсон қалбини поклаши керак. Аллоҳу Таоло инсоннинг суратига, шаклига, мавқе-мақомига, моддий тузилишига эътибор бермайди. Қалбига, амалларига, ниятларига қараб баҳо беради. Шунинг учун инсоннинг қалбини поклаши муҳимдир.

Албатта, бу ерда жуда катта бир масала бор... Суҳбатимиз охирлаб қолди, вақтимиз ҳам тугади. Лекин масаланинг асосий, жон томир нуқтаси будир: Ажабо, бир инсон тақвога, ихлосга қандай эга бўлади, нафсини қандай ислоҳ қилади, қалбини қандай поклайди, ахлоқини қандай гўзаллаштиради? Энг муҳим бўлган нуқта – ана шу!

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 2016 times

Мақолалар

Top