Мақолалар

Рамазон – саховат ойи

Мана Рамазон ойининг келганига бир неча кунлар бўлиб қолди. Юртимиздаги мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг буйруғига биноан Рамазон рўзасини адо қилмоқдалар.

                  Аллоҳ таоло  мўмин-мусулмонларга рўза тутишни фарз қилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан авалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).

      “Тафсири ирфон”да ушбу оят тафсири бундай баён қилинади: “Бақара сурасининг 183-185-оятларида Рамазон  ойи рўзаси ҳукмлари ва ҳикматлари баён этилган. Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақвадорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти”. 

                   Рамазон ойи рўза фарз қилинган ойдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту-фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, бошқа кунларда саноғини тўлдирсин...” (Бақара сураси, 185-оят).

Албатта, мана шундай Рамазон ойида сахийлик қилиш, хайру-эҳсон бериш, ўзгалар аҳволидан хабар олиш кишини жуда катта ажр-савобларга ноил этади.

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).

Сахийлик бу – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгисидир. Бу тўғрисида Алишер Навоий ҳазратлари бундай дейдилар:

Буки санга Тенгри ато айлади,

Қисм карам бирла сахо айлади.

Жуду саховат чоғи бухл этмагил,

Шукр замони доғи бухл этмагил.

Сахийлик, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".

Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида бундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.

Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Эзгуликка ташна халқимиз Рамазон ойида янада саховатли бўлишади. Ҳадиси қудсийда (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар) Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир.  Унинг мукофотини Мен берурман.  У (одам боласи) шавҳатини ва таомини Мен учун тарк қилур” деди (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”, деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир. Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати 2021 йилги фитр-садақа, фидя ва закот нисоби бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

“ Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг), арпадан бир соъ 94кг), майиздан ярим соъ(2кг) ва хурмодан бир соъ (4кг)дир.

            Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори:

. 2 кг буғдой 10000 (ўн минг) сўм;

. 4 кг арпа 14000 (ўн тўрт минг) сўм;

. 2 кг майиз 80000 (саксон минг) сўм;

. 4 кг хурмо 140 000 ( бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақаси берса кифоя қилади.

Бу йилги фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб,  унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб  белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25000 ( йигирма беш минг) сўм,  бир ойга 750000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.

Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб,  ҳар бир вилоят ўз бозоридаги  нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

              Ислом шариатига кўра,  фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни Рамазон ойи давомида бериш мақсадга мувофиқ саналади.

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 27200000 (йигирма етти  миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 ( йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган муслмон киши жами маблағининг  қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот нияида камбағал ва фақирларга беради”.

           Аллоҳ таоло Ўз бандаларини доимо хайр-саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.

               Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилаётган эҳсонларимизни қабул этиб, барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин!

  

                                  Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилояти вакили

Read 2033 times

Мақолалар

Top