Мақолалар

АЁЛ КИШИ РАМАЗОНДА ҲАЙЗ КЎРСА

— Рамазон ойида ҳайз кўрган аёл киши қандай йўл тутади?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган. Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: “Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию, намозни қазосини ўқимайди?” деб сўради. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: “Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар.

Ушбу ҳукм фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган: “Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади” (“Ҳидоя”).

“Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади” ( “Ал-Мухтор”).

“Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади” (“Умдатур риъоя”).

Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлиғига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2742 times

Мақолалар

Top