Мақолалар

Ойлар султони — Рамазон: Аввал намозми ё ифтор? Рўзадор кундузи чўмилиши мумкинми?

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Муҳаммаджон Ибрагимов билан уюштирилди.

 

Аввал ифтор қилинадими ёки шом намози ўқиладими?

Ислом динида ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар...» (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан.

Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир», дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар («Раддул муҳтор»). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишли. Чунки бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас.

Рўзадор кундузи ювиниши мумкинми?

Одамлар орасида рўзадор киши кундузи ювиниши ҳақида бир бирига мутлақо зид икки хил қараш бор. Бири рўзадор киши кундуз куни мутлақо ювиниши мумкин эмас, дейди. Бошқаси кундуз куни рўзадор ҳам бемалол ювиниш мумкинлигини таъкидлайди.

Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.

Бу мавзуда «Ал-Фатовол Ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: ‘Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас’. Мана шу гап устунроқ, ‘Муҳити Сарахсий’ китобида шундай келган».

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда, таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин, масалан, кун жуда исиб кетганида ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.

Рўзадор одам чанқаган вақти оғзига сув олиб, ютмасдан ғарғара қилса бўладими?

Зарурат бўлса, рўзадор одам оғизини оҳиста чайиши мумкин. Лекин ғарғара қилиб, оғиз чайиш макруҳ бўлади. Чунки бунда сув ютилиб кетиб, рўзани очиб юбориш хавфи бор. Агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзаси бузилади ва Рамазондан кейин қазосини тутиши шарт бўлиб қолади. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Read 4254 times

Мақолалар

Top