Мақолалар

“Муборак ой суҳбатлари” (5-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Муҳтарам телетомошабинлар, эътиборингиз марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланаётган ҳамда жонли эфирда амалга оширилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сони хонадонгиз меҳмони. Эслатиб ўтамиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари.

Бугун студиямиз меҳмони Ўзбекистон мусулморлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси Ҳикматилла домла Тоштемиров бўлади. Ассалому алайкум! Кўрсатувимизга хуш келибсиз!

Ҳикматилла Тоштемиров: — Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи барокатуҳу. Ҳурматли телетомошабинлар барчангизни Рамазони шариф билан табриклайман. Аллоҳ таоло Рамазонни ҳаммангизга барокатли қилсин. Бу ойни имон ва эътиқод билан ўтказишликда собитқадам қилсин.

Бошловчи: — Кўрсатувимиз анъанасига мувофиқ, аввал бироз суҳбат сўнгра савол-жавоблар қисми бошланади. Шуни айтиб айтиб ўтиш керакки, мухлислар кўрсатувимизга бефарқ эмас. Кунига телеграм ботимизга минглаб саволлар жўнатишмоқда. Бугунги кўрсатувимизни эса фақат савол-жавобларга бағишласак. Зотан, динимизда савол бериш ҳам, жавоб олиш ҳам илмдир.

— Ассалому алайкум. 786 рақами динимизда қандай маънони англатади?

— Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи барокатуҳу. Демак, 786 рақами Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм сўзининг абжад ҳисоби бўйича ҳарфларнинг қўшиб айтилганини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бўлмаган. Бу кейинчалик пайдо бўлган. Хуллас бисмиллоҳни қўшиб чиқса шу сон юзага келади.

 

— Беш вақт намоз ўқирдим. Ҳозир тиззамда яра бор. Сажда қилолмаяпман ва намоз ўқиёлмаяпман. Лекин рўза тутаяпман. Шу масалада маслаҳат берсангиз?

 

— Мусулмон киши кучи етган даражада ибодат қилиши керак. Тик туриб, ўтириб ҳатто ётиб ҳам намоз ўқиши мумкин. Ушбу биродаримиз имконияти даражасида намоз ўқийверса бўлади.

 

— Ўзим кар-соқовман. Ўзимга тўқман. Кўпчилик менга эҳсон қилади. Мендан ҳам ҳақдорлар бор. Уларнинг ҳаққи менга ўтиб кетмаяптимикин?

 

— Саволни икки қисмга бўлиш мумкин. Берилаётган нарсалар эҳсон, ҳадя бўлса олаверса бўлади. Лекин закот, ушур каби фарзларни бериш ва олишнинг ўз талаблари бор. Агар бу йилги ҳисоб бўйича унинг 85 грамм тиллага етарли бойлиги бўлса, у одам закот билан ушрни ололмайди. У одам бой ҳисобланади.

 

— Ногиронман. Ёшим 62 да. Ислом дини бўйича энди тушунчага эга бўляпман. Олдин ўқилмаган намоз ва рўзаларимиз нима бўлади?

 

— Ёшлари улуғ бўлиб ҳидоятни топганлиги ҳам катта бахт. Энди сиз намозни мукаммал ўқишни ўрганиб олинг. Сўнг аввалги қазо намозларини ўқиб олса бўлади.

 

— Намозга ният қилиш эсдан чиқиб қолса, ўқилган намоз қабул бўладими?

 

— Ниятсиз намоз қабул бўлмайди. Асосий ибодатларда ният фарз қилинган. Намоз, ҳаж, закот кабиларда ниятни ҳеч бўлмаса қалбдан ўтказиш керак.

 

— Ота-она буюрган иш катта гуноҳ бўлса, итоат қилмаса, шунда оқ қилдим, дейилса ўтадими?

 

— Фарзанд ота-онага итоат қилиши фарз. Агар катта гуноҳга тарғиб қилишса, бош тортишга ҳаққи бор. Аммо бошқа ишларга буюрса итоат қилиши керак.

 

— Ўғлимга “Жоҳжаҳон” деб исм қўйилган. Яқинда бу исм нотўғри эканлигини билиб қолдим. Исмини алмаштирсаммикин, деб турибман. Сиз бунга нима маслаҳат берасиз?

 

— Фарзандга исм танлаш ва қўйиш нозик иш. Бунда кўп жиҳатларни эътиборга олиш керак. Шоҳжаҳон эса жаҳоннинг шоҳи, дегани. Бу бўлаверади. Инсон дунёда подшоҳ бўлиши мумкинку. Аммо Шаҳоншоҳ, деб бўлмайди. Моликул мулк, деб исм қўйиб бўлмайди.

 

— Саҳарликда оғизни эртароқ ёпса бўладими?

 

— Тонг отишидан бироз аввал саҳарлик қилиш мустаҳаб.

 

— Новвойман. Рўза ҳам тутганман. Баъзан тушдан кейин жуда чарчаб, чанқаб қоляпман. Ҳафсалам қочиб қолади. Шу ҳақда гапириб ўтсангиз?

 

— Баъзи касблар бор, рўзасиз бўлсаям машаққатлидир. Агар сизнинг аҳволингиз кун давомида жудаям ёмонлашса, оғизни очишга тўғри келади. Рамазондан кейин қазосини тутиб берасиз.

 

— Олтмиш нафар мискинни тўйдириш қандай бўлади? Шуни тушунтириб берсангиз?

 

— Савол бироз ноаниқ экан. Умуман олганда, мискинни тўйдириш каффорат ҳисобланади. Масалан, Рамазон рўзасини қасддан бузса, олтмиш мискинни тўйдиради. Лекин ундан аввал ҳам олтмиш кун рўза тутади. Тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бир одам рўза тутди, куннинг иккинчи ярмига бориб сабабсиз рўзасини очворди. Ана у одам гуноҳ қилди. Энди у Рамазон ўтгандан кейин бузган куннинг бир кун қазосини тутади ва олтмиш кун кетма кет рўза тутади. Ўртасида узилиш бўлмаслиги керак.

Агар рўзадор Рамазонда касалланиб қолса, бу узрли сабаб. Бундай ҳолатда у олтмиш нафар мискинни тўйдиради. Бева-бечора, камбағалларга таом едиради. Ёки қийматини ҳам бериши мумкин.

 

— Рўза пайтида қизларимнинг юзидан ўпсам рўзам очилмайдими?

 

— Ёш болаларни ўпиш билан рўза очилмайди.

 

— Айни кунларда тишим оғрияпти. Тишимни даволатсам қандай бўлади, рўзам очилиб кетмайдими?

 

— Рўзадор одам тишини даволатиши мумкин. Фақат эҳтиёт бўлмоғи керак. Қонини ютмаслик, дориям ичга кетмаслиги лозим. Лекин рўзадан кейин тишни даволатишни тавсия қиламиз.

 

— Ўғлим алимент тўлайди. Закот пулини алиментга ўтказсам бўладими?

 

— Закот, ушр фарз бўлган садақалар. Уларни фарзандга бериб бўлмайди. Фарзанд ота-онасигаям беролмайди. Бошқа қариндошларига бериши мумкин.

 

— Бир ёшли эмизикли болам бор. Рўзаман. Болам сутга тўймаяпти. Рўзам қабул бўладими?

 

— Бир нечта тоифаларга рўза тутмасликка рухсат берилган. Жумладан, ҳомиладор ва эмизикли аёлларгаям. Аёл ўзи ёки фарзандига зарар етса, рўза тутмайди. Кейинчалик тутиб беради. Аммо болалари таом ейдиган даражада бўлса, бундай оналар рўза тутиши керак.

 

— Намоз ўқиётган пайти қайсидир оятни билмаса китобдан қараб ўқиса бўладими?

 

— Намоз ўқиётган пайти китобдан қараб ўқишлик намозни бузади. Иложи бўлса оятларни ёдлаб олган маъқул.

 

— Рўза тутган одамнинг нос ёки сигарет чекиши қанчалик тўғри?

 

— Рўза тутмаган одам ҳам нос билан сигарет чекмаслиги лозим. Бу макруҳ. Ҳозир буларга ҳаром, деб фатво беряпти.

 

— Саҳарликда оғизни ёпсаму бошқа давлатга сафарга отлансам, оғизни ўша давлат вақти билан очсам бўладими?

 

— Албатта, қайси давлатга борсангиз, шу ернинг вақти билан очилади.

 

— Анча йилдан бери бурнимга дори томизиб юраман. Айтингчи, бу рўзамга зиён бермайдими?

 

— Рўзани очворади.

 

— Ароқ қуйилган идиш тоза бўладими?

— Ароқ — нажосат. Агар идиш сув тортмайдиган бўлса, уларни уч марта ювиш керак. Лекин сапол идиш бўлса, уч марта қатрон қилинади, ювилади ва чаппа қилиб қўйилади. Бу ҳолат уч марта такрорланади. Шунда тоза бўлади.

 

— Суннат қилиш учун боланинг ёши тоқ бўлиши керакми? Исломда бу ҳақда нима дейилган?

 

— Динимизда боланинг суннатини жуфт ёки тоқ ёшда қилиш керак, деган жойи йўқ. Имкон топилди дегунча суннатни ўтказавериш керак.

 

— Жойнамозда Макканинг расми бўлади. Унинг устига оёқ қўйиш мумкинми?

 

— Бу расм одатда жойнамознинг олд томонида бўлади. Уни хорлаш нияти бўлмаса зарари йўқ. Баъзи жойнамозлар бўладики, нақшлари кўп, хаёлни бўлади. Иложи бўлса текис матоли жойнамоздан фойдаланган маъқул.

 

— Ота-онамнинг ундови билан турмушга чиқдим. Эримга кўнглим йўқ эди. Охири 15 кундан кейин қайтардим. Ота-онам мени ўйлашмаяпти. Иккита оила ҳам барбод бўлмаслиги учун шундай қилдим. Ота-онам энди мендан норози. Нима қилсам бўлади?

 

— Оила ихтиёрий равишда қурилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бир қиз келиб шикоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга ихтиёрини ўзига берган. Демак, қиз болада ҳам танлаш ҳуқуқи бор.

Шунингдек, ёшлик чоғида одамнинг тажрибаси кам бўлади. Шу маънода ота-онанинг гапига қулоқ тутиш керак. Бу қиз ота-онаси билан маслаҳат қилиши керак. Уларнинг тажрибаси катта.

Read 2038 times

Мақолалар

Top