Мақолалар

Тақво – жаннатга кириш учун сабаб

Мусулмон киши Рамазон ойида тақвони ўрганади. Рўза вақтида таомга, ичимликка яқинлашмайди, шаҳвоний хирсини жиловлайди ва Аллоҳ таолони норизо қиладиган барча нарсалардан ўзини тийишга ҳаракат қилади. Ифтордан кейин ҳам, Аллоҳ таолога хуш келмайдиган, Уни ғазаблантирадиган амаллардан ҳазар қилади. Доимо Аллоҳ таоло уни кўриб, кузатиб турганлигини назаридан четта қолдирмайди. Вақтининг ҳаммасини тоат-ибодатга бағишлайди. Зеро, Рамазон ойи ва рўза ибодатининг самараси, бу тақводир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган:  

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ﴾

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз (Бақара сураси, 183-оят).

Тақво – луғатда "тўсиш", "асраш" деган маъноларни англатади. Уламоларнинг тақвога берган энг содда таърифларидан бири: “Тақво – охиратда зарар берадиган ҳар қандай нарсадан узоқлашиш”. Тақво – бу маънавий парда бўлиб, банда у билан ўзини Аллоҳнинг азобидан тўсади, дейилган ибора ҳам мавжуд.

Тақво – бу, нажот йўлидир. Аллоҳ таоло:бундай марҳамат қилади:

﴿وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ﴾

 “Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Тақво – бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган сабаблардан бири. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

﴿وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَعَ المُتَّقِينَ﴾

“Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” )Бақара сураси, 194-оят).

         Тақво – одамларнинг афзалини белгилайдиган меъёр. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

﴿إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ﴾

“Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Тақво – жаннатга кириш учун сабаб. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам

 «أكثر ما يدخل الجنة تقوى الله وحسن الخلق»[أخرجه الترمذي وصححه الحاكم].

“Жаннатга энг кўп киритадиган нарса Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Рамазон ойи ва рўза ибодатининг яна бир самараси, бу сабрдир. Мусулмон киши ушбу муборак ойда Аллоҳ учун машаққат ва қийинчиликларга чидайди. Аллоҳнинг ризоси йўлида нафсининг қийналишини енгишга ҳаракат қилади.

Рамазон тарбия ойидир. Унда мусулмон киши шаҳватини синдиради, ҳавойи нафсини жиловлайди. Шоят, Рамазоннинг кундузларида мубоҳ нарсаларнинг ман этилиши, тунларида рухсат берилиши, тонг отгач яна ман этилиши мусулмон киши учун Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиш қобилиятини мустаҳкамлайди. Шу тариқа мусулмон одам шариатда рухсат берилган нарсалар ҳудудида амал қилиб яшашга одатланади.

Рамазон ойида мусулмон учун бунданда кўпроқ фойдалар ва ҳикматлар бор.

Аллоҳ таоло ушбу ойда тутаётган рўзаларимиз ва амали солиҳларимизни Ўз даргоҳида қабул айласин. Омин.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ

https://t.me/tuhur

Read 2025 times

Мақолалар

Top