Мақолалар

Пайғамбаримизнинг Рамазон ойидаги амаллари

Ҳар қандай мусулмон борки, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига эргашишга ва унга тўлиқ амал қилишга уринади. Чунки Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида у зотни мақтаб шундай дейди: 

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди (Аҳзоб сураси 21-оят).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида қандай амаллар билан машғул бўлганлар?

Қуйида сизга у зотнинг бу ойда қилган амалларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:  

— Саҳарликни охирги вақтигача кечиктирар, ифторликни тезлаштирар эдилар. Саҳобаларни ҳам шундай қилишга буюрар эдилар. Яъни ифторликни Қуёш ботиши билан қилар эдилар.  Лекин баъзи мусулмонларда ифторликни шом намозидан кейин ҳатто хуфтон намозигача кечиктириб хатога йўл қўядилар. Худди шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни саҳарлик қилишга ундар эдилар.

 — Қуёмул Лайл (тунги намоз)ни кўпайтирар эдилар.

— Қуръон қироат қилишни зиёда қилар эдилар. Ҳар Рамазон ойида Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга бир маротаба ўқиб берар эдилар.

— Аллоҳ йўлида кўплаб Хайр-эҳсон қилар эдилар. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. Лекин у зотнинг сахийликлари бу ойда яна ҳам зиёда бўлар эди.

— Фитр садақасини ийд намозига чиқишдан олдин берар ва саҳобаларни ҳам шунга буюрар эдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини қулга ҳам, ҳур инсонга ҳам, эркак-аёл, катта-кичик мусулмонларга бир соъ ҳурмо ва арпадан беришни  фарз қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).

— Охирги ўн кунликни кўпроқ ибодат билан ўтказар эдилар. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирганда кечаларни бедор ўтказар, аҳлларини ҳам уйғотар ва изорларини шимарар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Баъзилар ҳадисдаги «изорларини шимарар эдилар» деган гапни, ибодатга кўпроқ вақт бўлиши учун аёлларидан тийилар эдилар деб тафсир қилишган. Баъзилар эса ибодатга қаттиқ киришганларидан киноя тарзда келтириляпти, деганлар.

— Охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Бу пайт аёллардан ва барча ишлардан узоқлашиб, вақтларини зикр, тавба ва ибодатлар билан ўтказар эдилар.

 

Тошкент Ислом институти  талабаси  

Муҳаммад Али Муҳйиддин тайёрлади

Read 1908 times

Мақолалар

Top