Мақолалар

“Бола бўлиб қолсам қанийди”

Жала қўйиб ётувди. Машинада секин кетаётиб йўлда қўл кўтарган аёлга бир машина тўхтаб уни олмай кетганига кўзим тушди. Ёмғирда турмасин дея машинага чиқариб олдим. Йўлда давом этдик. Бир маҳал қаршимиздан ёмғир остида чопқилаб юрган болалар чиқиб қолди. Улардан бири машинанинг олдига чиқиб кетди. “Ҳа, шумтака!” деб қўйдим болакай гапимни эшитмаган бўлсам ҳам. “Қани эди, шундайгина бола бўлиб қолсам”, деб қолди йўловчи аёл. “Болалик беғуборлик-да!” деб қўйдим. “Тўғри-ку, биласизми, мен айнан шундай беғуборлик чоғимда Худони таниб олмаганимдан кўп афсусланаман”, деди у.

Ишонасизми, шу гапни эшитганимдан сўнг асло қарамаслигим керак бўлгани ҳолда беихтиёр унга ўгирилиб қарадим. Ёши эллик бешлар чамасидаги қатъиятли аёлнинг кўзлари аллақандай мунглидек кўринди. “Бизни замон ҳам чалғитди-да”, деб унга далда бўлдим. “Шундай деб айбни шўроларга, нобоп замонга ағдарамиз, Аммо бу билан қалбимиз қўрқувдан халос бўлмайди. Қолаверса, болаликнинг шукуҳи бошқача, барибир. Ҳа майли, шунисига ҳам шукр. Боши саждага бормай қанча одамлар юрибди, ўшаларнинг сафига қўшиб қўймагани шукр”, деди. Индамай қўйдим. Манзилга ҳам етгандик ўзи. Машинадан тушиб раҳмат айтиб метрога шўнғиб кетди.

Йўлда давом этарканман, унинг гапларини ўйлаб бораётиб туни билан ухламай имтиҳонга тайёрланиб чиққан ўғлим ёдимга тушиб қолди. “Тун яримдан оғди, ухламайсанми?” десам, “Эртага имтиҳоним бор, шунга тайёрланяпман”, дейди.

Бола устозининг олдида мулзам бўлиб турмаслик учун туни билан мижжа қоқмай имтиҳонга тайёрланди. Биз-чи, биз ҳисобимиз кўтариладиган кунга қандай тайёрланяпмиз!

Аллоҳ таоло ояти каримада: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар. Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Ҳашр сурасининг 18-ояти), деб марҳамат қилган.

Бу оят мазмунидан келиб чиқиб ўзимизни талаба билан муқояса қилсак қуйидаги манзара ҳосил бўлади: талабадан устози олти ойда бир марта ҳисоб сўрайди. Талаба, ҳаттоки, дарс вақтида нима қилиб ўтирибди? Дарсдан кейин нима қилади? Қаерга боради? Кимлар билан учрашади? Бу ишларни қатъиян назорат қила олмайди. Агар устоз битта талабани миридан-сиригача таъқиб этмоқчи бўлса, ўзининг ҳаёти қолиб кетиб фақат унинг ортидан юрса бўлади.

Бизнинг  вазиятимиз эса бутунлай бошқача. Аллоҳ бир оятнинг ўзида бизни тақвога буюриш баробарида ҳар бир ишимизни кўриб-билиб турганини таъкидлаяпти. Эртанги кунимиз учун нима тадорук кўрганимизга эътибор қаратишимизни уқтиряпти. Шуни билиб туриб ҳам баъзиларимиз ҳалиги аёлнинг буткул тескарисидан келиб: “Ҳали ёшмиз-ку, пенсияга чиқиб олайлик-чи...” , деб ҳузурланиб эснаб қўямиз. Пенсияга...

Бу гапни айтганимизда учта мўътабар манбадан бирида ҳам гапимизни тасдиқлашга оид ишора йўқлигини эслаб қўйиш ўзимиз учун фойдалидир: шариатимиз китобларида, миллатимиз анъаналарида, ҳукуматимиз қонунларида “Ибодатни қариялар, пенсионерлар қилсин”, деган жумла-банд йўқ.

Бундан аён бўладики, эринчоқлик қилиб ўзимизни ўзимиз алдаб юрибмиз. баъзан нобоп замонни баҳона қиламиз, баъзан шайтонни. Баъзида эса ёшликни – умримизнинг энг гуллаган даврини!..

Ҳали ундай қиламан, ҳали бундай қиламан, деган қуруқ гаплар билан, хаёлий режалар ила умримизни бой бериб қўйувчи бўлиб қолмайлик. Аллоҳ барчамизни ҳузурига қуруқ қўл билан боришимиздан асраб бизга ғайрат, завқу шавқ ато қилсин!

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

 

Read 5263 times

Мақолалар

Top