Мақолалар

Хайрли амалларда бардавом бўлайлик

Баъзилар, Рамазон ойи тоат-ибодатлар, хайрли амаллар қабул бўладиган ой деб, унда кўпроқ ибодат қилишга ҳаракат қиладилар. Рамазон ойидан кейин эса, ғайратлари сўниб, гўё Рамазондан кейин кўп ибодат қилмаса ҳам бўлади, деб ўйлайдилар. Бу мутлақо нотўғри эътиқод. Ҳа, бу баъзи кишиларнинг эътиқодига айланган нотўғри тушунча. Бундай тушунчани тарк этиш лозим. Рамазон ойининг тугаши бизнинг ибодат ва амалларимизнинг камайишига сабаб бўлмаслиги керак, аксинча келаси йилдаги Рамазонга етиш иштиёқида хайрли амалларда бардавом бўлишимиз даркор. Биз бу ҳолатни Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кунларида айтган машҳур гапларига қиёслашни ўринли деб билдик.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Сунҳ (Мадинадан бир чақирим наридаги жой)да эдилар. Умар розияллоҳу анҳу масжидда туриб: Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаганлар, дер эди. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар, Умар: кўнглимга бундан бошқа гап келмаяпти. Албатта, Аллоҳ таоло у зотни қайта тирилтиради, шунда у зотни ўлди деяётганларнинг қўл-оёқ оёқларини кесадилар, дедилар.

Шу пайт Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини очдилар, муборак пешоналаридан ўпдилар ва: Отам ва онам сизга фидо бўлсин ё расулуллоҳ, тириклигингизда ҳам, вафотингизда ҳам муаттарсиз. Жоним қўлидан бўлган зотга қасамки, Аллоҳ таоло сизга ҳеч қачон жон бериш аччиғини икки марта тоттирмагай, дедилар. Сўнгра масжидга чиқиб: Эй қасам ичувчи, шошма, дедилар. Абу Бакр гапира бошлаганларида Умар ерга ўтирди. Абу Бакр Аллоҳга ҳамду сано айтгач: Билиб олинглар! Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилаётган бўлса, ҳақиқатан Муҳаммад алайҳиссалом вафот этдилар. Кимки Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ таоло барҳаёт ва у ҳеч қачон ўлмайди, деб ((Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар  ҳам ўлувчидирлар) (Зумар,30) ва (Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етказа олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлагай) (Оли Имрон, 144) оятларини ўқидилар.

Пайғамбар алайҳиссалом инсонларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, уларга Ислом дини шариатини етказишга юборилган эдилар. Ушбу вазифани мукаммал тарзда адо этиб бўлганларидан сўнг, бандаликлари учун бу фоний дунёни тарк этдилар.

Юқоридаги воқеадан хулоса қилган ҳолда шуни айтамизки, Рамазон ойи ҳам, инсонларга ҳаётлари давомида бажариб юришлари лозим бўлган амалларни уларга яна бир карра эслатиш, тоат-ибодат ва барча хайрли амалларга бўлган иштиёқни янада кучайтириш учун келган. Рамазоннинг улуғ ой бўлишлиги унда Қуръон нозил бўлганлиги билан (Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир) (Бақара, 185), Қадр кечасининг улуғлиги ҳам унда Қуръон нозил бўлганлиги биландир (Биз Қуръонни Қадр кечасида нозил қилганмиз) (Қадр, 1). Ушбу улуғ ой ва улуғ кеча насиб қилса, келаси йилгача бизни тарк этди. Аммо, Рамазон ойининг улуғлиги, Қадр кечасининг қадри баландлигига сабаб бўлмиш Қуръони карим мудом қўлимизда, унга амал қилишда бардавом бўлиш эса бизнинг зиммамизда боқийдир.

Фарз намозларни масжидларда адо этиш, нафл ибодатларни давом эттириш, меҳр-мурувватли, раҳм-шафқатли бўлиш, барча аъзоларни гуноҳлардан сақлаб, нафсни поклаш, гўзал ахлоқ ила муомалада бўлиш, ўзгаларга озор бермаслик, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, силаи раҳмни боғлаш, тунлари бедор бўлиб ибодат ва дуолар билан ўтказиш ва бошқа савобли амалларда бардавом бўлиш Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда баён этган кўрсатмасидир. Зеро, Аллоҳ таолога ибодат қилиш ҳеч қачон тўхтамайди.

Рамазон ойи давомида ҳосил қилинган тақво мўмин кишига доимо хамроҳ бўлиши лозим. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай васият қилдилар: “Қаерда бўлма, Аллоҳдан тақво қил, агар бирор гуноҳ иш қилсанг албатта, унинг ортидан ўша гуноҳни ювиб юборадиган савобли амал қилгин, одамларга яхши хулқ билан муомала қилгин”.

Рамазон ойидаги фазилатлар туфайли фақат Рамазондагина ибодат ва истиқоматда бўлиш керак, дегувчилар янглишадилар. Аллоҳ таолога барча замон ва барча маконларда ибодат қилинади. Рамазон ойи эса, ихлос билан ибодат қилишимиз учун руҳимизга қувват ва ибодатга ҳимматимизни оширади. Рамазонда орттирилган руҳий қувват ва ибодатга ҳимматни келаси йил Рамазонгача нафақат сўндирмай бориш, балки янада ошириш талаб этилади. Рамазон ойида қилинган ибодатлар, хусусан тутилган рўзанинг қабул бўлганлиги, гуноҳларнинг кечирилганлиги айнан шу билан билинади.

Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ берсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

         Ҳомиджон Ишматбеков

Read 2061 times

Мақолалар

Top