Мақолалар

Динда саволим бор: Совға, ҳадялар ҳақида

— Ҳозирда турли хил нақшли жойнамозлар тикиляпти. Уларнинг орасида “Аллоҳ” ёзуви туширилганлари ҳам бор. Шу жойнамозларни совға қилиш ёки унда намоз ўқиш мумкин-ми?

— Аввало, ўша ёзувни тикмаслик керак. Жойнамоз имкон қадар нақшсиз бўлиши талаб қилинади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нақшли хамийса (ипак ёки жундан тўқиладиган, қалин тўртбурчак эн кийим. Ундан устки кийим сифатида фойдаланилган)да намоз ўқидилар ва унинг нақшларига бир назар солдилар. Тамомлагач: “Бу кўйлагимни Абу Жаҳмга элтиб беринглар ва менга Абу Жаҳмнинг анбижония (Анбижон деган жойдан келтириладиган нақшсиз қалин эн кийим)сини олиб келинглар. Чунки у ҳозир мени намозимдан чалғитди”, дедилар”.

Ҳишом ибн Урва отасидан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Намозда турганимда унинг нақшларига кўзим тушиб, мени фитнага солиб қўйишидан хавфсирадим”, деганлар” (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).

Шундай қилиб, нақши бор, гули бор жойнамозларни совға қилиш, унда намоз ўқиш мумкин. Аммо бир хил рангдаги жойнамоз устида ўқиш афзалроқдир. Аллоҳ янада билгувчироқ!

— Совға олган киши уларни сотса ёки бошқа бировга бериб юборса бўлади-ми?

— Совға олган одам уни бировга бериши, ҳадя қилиши ёки ўзи истеъмол қилиши мумкин. Ҳадяга олган нарсаси унинг шахсий мулкига айланганидан сўнг ўша нарсани қандай тасарруф қилиш унинг ҳуқуқидир.

 

— Агар икки киши бир-бирига совга бeрса, бироқ ораларида кeлишмовчилик бўлиб, бири совғаларни қайтаришни сўраса ёки қайтариб олса, жоиз-ми?

— Уламолар томонидан совғани қайтариб олиш масаласида бу ишнинг жоиз эмаслигига иттифоқ қилинган. “Берган совғасини қайтариб олган киши худди қусган нарсасини қайтариб олган кабидир”, деган мазмунда ҳадис бор.

 

— Ҳозирги кунда баъзи корхона ва ташкилотлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларидан совғали акциялар уюштиришади. Бу қимор ҳисобланмайди-ми?

 Ишлаб чиқарувчи ўзининг мулкини бошқаларга совға қилиб бериши мумкин. Фақат бунинг шарти – ўша совға бошқа харидорларнинг ҳаққидан эмас, балки мулк эгасининг ўз шахсий мулкидан, соф фойдасидан бўлиши керак. Қимор ҳисобланмайди. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

— Ишхоналарда баъзи мижозлар кўрсатилган хизматлар учун ходимларга қўшимча пул ёки совғалар бериб кетишади. Уларни олиш ҳалол бўлади-ми?

— Масъул ходим ўзининг бажарган ишига ҳақ олган бўлса ёки маош берилган бўлса, унинг устига яна устама шаклда бирор нарса олиши шаръан жоиз эмас. Хусусан, таъма қилиши мутлақо мумкин эмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Азд қабиласидан бўлган бир кишини закот йиғиш учун тайинлайдилар. Ўша киши ҳаммадан закот йиғиб бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига закотларни олиб келади-да, “Мана бу закот моллари, бу эса менга берилган ҳадя”, дейди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни тўплаб, хутба қиладилар. Хутбада “Фалончи одам агар онасининг ёки отасининг уйида бўлганида, ўша ҳадяга эга бўлармиди?!” деб мазкур унинг қилган иши нотўғрилигини баён қиладилар.

Мижозлар ҳадя беришса, буни доимий одат қилиб олишмаса ва ходим таъма қилмаса, олиш мумкин. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

— Икки ёш унаштирилганда, куёв томон келин томонга совғалар, сарполар қилади, овқатланишга олиб боради... Лекин маълум бир сабабларга кўра, тўй бўлмасидан унаштирув бекор қилинса, келин томон олган совғаларни, еган овқатлари пулини қайтариб бериши шартми, агар қайтармаса бўйнида қарз бўлиб қолмайди-ми?

Куёв келинни овқатланишга олиб борганда, келиннинг еган-ичган нарсалари, модомики, куёв “бу қарз” демаган бўлса, қарз ҳисобланмайди. Одатда, бу каби харажатлар қарз сифатида қилинмайди. Шу боисдан едирган таоми ҳам қарз бўлмайди. Аммо ейилмайдиган буюмлар, масалан, идиш-товоқ, тилла тақинчоқларни қарз сифатида берилган бўлса, қайтариб берилади. Ҳадя тарзида берган нарсаларини қайтариб олиши жоиз бўлмайди. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

— Шундай спорт мусобақалари борки, унда ютганга мукофот эвазига пул ёки шунга ўхшаш совғалар берилади. Шуни олиш ҳалолми?

Ўша мусобақада бериладиган буюм барча иштирокчилардан йиғиб олиб, кейин битта ғолибига берилмаслиги шарт. Бошқа тараф, мусобақа иштирокчиси бўлмаган киши томонидан ғолибга деб берилган совға, буюм ва пул ҳалол. Чунки у қимор эмас, совриндир. Бир нарсага диққат қаратиш лозим, мусобақа ҳам мубоҳ (ҳалол) ишларда бўлиши шарт. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2908 times

Мақолалар

Top