Мақолалар

РАСУЛИ АКРАМ МЎЪЖИЗАЛАРИ "САҲИҲУЛ БУХОРИЙ"ДА: синган оёқнинг шифо топиши...

(V) 4039. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир неча кишини яҳудий Абу Рофеънинг олдига юбордилар. Уларга Абдуллоҳ ибн Атикни амир этиб тайинладилар. Абу Рофеъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етказар, у зотнинг зарарларига (бошқаларга) ёрдам берар эди. У ўзининг Ҳижоз еридаги қалъасида яшар эди. Улар унинг олдига яқинлашишганда қуёш ботиб бўлиб, одамлар подаларини қайтариб олиб келишган эди. Абдуллоҳ шерикларига: “Жойингизда ўтириб туринг, мен ўзим бориб, эшикбонга ҳийла қилиб кўраман, шояд, кириб кетсам”, деди. Юриб бориб, дарвозага яқин келди-да, сўнг худди қазои ҳожат қилаётгандай, кийимига бурканиб олди. Одамлар кириб кетишди. Шунда эшикбон унга: “Эй Аллоҳнинг бандаси! Кирмоқчи бўлсанг, кир, дарвозани ёпмоқчиман”, деди.

(Абдуллоҳ айтади:) “Мен кирибоқ, яшириниб олдим. Одамлар кириб бўлгач, у дарвозани ёпди-да, лўкидонни қозиққа илиб қўйди. Мен туриб, калитлар томон бордим-да, уларни олиб, дарвозани очдим. Одатда кечки пайт Абу Рофеънинг ҳузурида суҳбатлашиб ўтиришар эди. У болохонасида экан. Суҳбатдошлари кетгач, унинг олдига чиқдим. Ҳар эшикни очганимда, ортимдан (ичкаридан) қулфлаб олар эдим. (Ичимда) “Одамлар мени сезиб қолишса, уни ўрдиргунимча менга ета олишмайди”, дер эдим. Унинг олдига етиб бордим. Қарасам, у қоп-қоронғу уйда, аҳли-оиласининг орасида экан. У уйнинг (айнан) қаерида эканини била олмасдим. Шунда мен: “Эй Абу Рофеъ!” дедим. У: “Ким бу?” деди. Овоз томонга бурилиб, унга қилич урдим. Сўнг эшикларни бирма-бир очиб, нарвонга етиб келдим. Ерга етдим деб ўйлаб, оёғимни қўйган эдим, йиқилиб тушиб, болдирим синди. Уни саллам билан боғлаб олдим. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб бориб, у зотга (бўлган воқеани) айтиб бердим. Шунда у зот: “Оёғингни узат”, дедилар. Мен оёғимни узатдим. У зот уни силаб қўйдилар. Оёғим умуман оғирмагандек бўлиб қолди”.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Read 1713 times

Мақолалар

Top