Савол: Мен шариатга мувофиқ кийинишим учун нималарга эътибор беришим керак. Баъзи муслима аёл-қизлар қора рангли кийим киядилар. Ҳижоб қора рангда бўлиши шартми?
Жавоб: Шариатимизга кўра аёллар либоси айнан қора рангда бўлиши шарт қилинмаган. Қуръони каримда ҳам, суннати набавияда ҳам аёллар қора рангли либосда бўлиши ҳақида кўрсатма йўқ. Шариатда талаб этилгани – аёлларнинг либоси аврат аъзоларини тўлиқ ёпиши кераклигидир. Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёлларнинг икки қўли, кафти ва юзидан бошқа аъзолари аврат ҳисобланади.
Шунингдек, аёл киши кийган кийимнинг ўзи ҳам зийнат бўлмаслиги шарт. Яъни, номаҳрам эркак кишиларнинг эътиборини ўзига жалб қиладиган ялтироқ ва яшнаб турувчи рангларда бўлмаслиги талаб этилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аёллар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар!” дея буюрган (Нур сураси, 31-оят).
Ушбу оятдан уламолар аёл кишининг либосининг ўзи зеб-зийнат билан бурканган, одамларни ўзига жалб қиладиган бўлмаслиги кераклиги келиб чиқишини таъкидлашган.
Ислом тарихида баъзи саҳобия аёлларнинг қора рангли ёпинчиққа ўранганларининг асосий сабаби ўзларига номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб этмаслик бўлган. Лекин бундан бошқа муслима аёлларнинг ҳам кийимлари айнан қора рангда бўлиши шарт экани келиб чиқмайди. Чунки бошқа кўплаб ривоятларда Расули Акрам алайҳиссаломнинг аёллари, қизлари ва бошқа саҳобия аёллар ипак, пахта, канопдан тўқилган қизил, кўк, оқ ва сариқ рангли матолардан кўйлак кийишгани нақл қилинган.
Машҳур тобеинлардан Иброҳим Нахаий ва Алқама ибн Асвадлар Набий алайҳиссаломнинг аёлларини қизил ёпинчиқда кўрганларини айтишган (Ибн Аби Шайба ривояти).
Яна бир тобеин Ибн Аби Мулайка: “Умму Салама разияллоҳу анҳонинг устида сариққа бўялган рўмол ва кўйлакни кўрдим”, деган (Ибн Аби Шайба ривояти).
Шунингдек, Қосим ибн Муҳаммад Оиша онамизни эҳромдалик пайтларида сариқ рангли кўйлак кийганларини айтган. Саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу эса: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумнинг устига йўл-йўл чизиқли ипак тўн ёпиб қўйилганини кўрганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти)
Расули Акрам алайҳиссаломнинг суюкли қизлари Умму Кулсум разияллоҳу анҳо йўл-йўл чизиқли кийим кийганлари, ана шундай ранг ва шаклдаги либос кийиш аёлларга жоиз эканига далолат қилади.
Аёлларнинг қора кийим кийишларига диний тус бериш нотўғри эканини ҳозирги замон уламолари ҳам таъкидлаб ўтишган. Жумладан: Саудия Арабистонига қарашли “Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси” томонидан эълон қилинган “Аёл кишининг рўмоли ва либосининг ранги ҳақида”ги фатвосида шундай дейилган:
“Муслима аёл кишининг либоси қора рангга хосланган эмас. У истаган рангдаги либосни кийиши мумкин. Бунда кийим аврат аъзоларини тўсадиган бўлиши, эркакларнинг либосига ўхшамаслиги, тор бўлиб, аёлнинг аъзоларини билдириб турмаслиги, юпқа бўлиб, ортидаги нарсани кўрсатадиган бўлмаслиги ҳамда фитнага сабаб бўлмайдиган либос бўлиши шарт қилинган”.
Фазилатли шайх Аднан Таҳа Аммоннинг “Дастур” газетасига берган интервюсида шундай дейдилар: “Ҳижоб кийимининг қора бўлиши мажбурий эмас. Лекин ҳар қандай рангда жоиз. Шуҳрат кийими ёки диққат эътиборни тортадиган даражада бўлиши керак эмас. Одатда араб аёллари қора рангли кийим кийишади. Бу урф саналиб, камтарлик белгиси деб санашади. Шаҳарларда айрим қабилалар ва аёллар бош ва юзни бекитувчи ранг сифатида оқ рангдан фойдаланишган. Аслида динимиз аёлларни маълум бир рангдаги кийимни кийишга мажбурламайди”.
Ушбу маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, динимизда аёлларнинг либоси ёки рўмоли муайян бир рангда ёки шаклда бўлиши қатъий белгиланмаган. Балки Ислом динига мансуб ҳар бир халқнинг ўз миллатига, замонасига хос кийими бор. Масалан: Эронда бошқача, Туркияда бошқача, Малайзияда, Индонезияда бутунлай бошқача. Шу боисдан табиийки, ўзбек миллатига мансуб мусулмон аёлларининг миллий кийими ҳам ўзгача. Аёл киши юзи ва икки қўлининг кафтларидан бошқа аъзоларини беркитадиган ҳолда сидирға ёки гулли матодан кўйлак кийиб ва рўмол ўраб юрса жоиздир. Куйлак ва рўмолни қайси кўринишида ёки рангда бўлишнинг аҳамияти йўқ.
Кузатишлардан яна бир жиҳатни англаш мумкинки, айни кунларда аёл-қизлар орасида қора рангдаги либос кийишдан мақсад авратни тўсиш эмас, балки модага айланиб бормоқда. Шунингдек, урфимизда одат бўлмаган бошдан-оёқ тим қора либос қийиш жамиятда кўпчиликни ўзига жалб этиши билан авратдан ёпишдан бош мақсад бўлган ўзгаларни жалб этмаслик талабига зид ҳолатдир. Мана шу жиҳатни ҳам доимо ёдда сақлаш керак.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари оқ кийим барча рангларнинг энг яхшиси, шунинг учун уни иложи борича тез-тез кийиш кераклигини айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир. Ҳамда уларда ўликларингизни кафанланглар”, деганлар.
Баъзи араб халқларида аёллар қора рангли кийим кийишларини айрим мутахассислар қуйидагича таҳлил қилишган:
1) оқ ранг эркаклар устунлигини таъкидлайди. Аёл эркак кишига соя каби эргашиши учун қора кийим кияди. Шундай қилиб, бу кимнинг аёли ва кимга тегишли экани дарҳол тушунарли бўлади;
2) қадимги пайтда араб қабилалари орасида тунда кўплаб ҳужумлар содир этиларди, ўлжа сифатида болалар ва аёлларни қўлга олишарди. Шунинг учун ҳужум қилаётганлардан яшириниш мақсадида аёллар қорамтир кийим кийишган;
3) араб мамлакатларининг ҳудуди анча иссиқ. Кўчада қорамтир кийим кийган аёллар тезда қизиб кетиб, кўчада беҳуда кезиб юрмасдан тезда уйга қайтишга тўғри келган.
Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:
- Ислом динида аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилсада, бунда махсус рангдаги кийим кийиш шарт этиб белгиланмаган.
- Баъзи шарқ мамлакатлари аёлларининг қора кийим кийиши арабларнинг иқлимий ва маданий-тарихий омиллари билан боғлиқ бўлиб, бунга диний тус бериш тўғри эмас.
- Модага эргашиб, қора либос кийиш ҳам дуруст эмас. Шунингдек, одат бўлмаган бизнинг жамиятдаги тим қора либос қийиш орқали кўпчиликни ўзига жалб этиш ҳам динимизда маъқулланмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати