Салтанатида бирор инсон беҳуда ранжитилмасин дея амр этган, илм аҳлини ҳурматлаган адолатли саркарда Амир Темур мағрибу машриқнинг фотиҳи эди. Ўттиз беш йил давомида Осиёни бирлаштириб, буюк салтанат барпо этиб, унинг пойтахти Самарқандни тенгсиз меъморий обидалар билан безатган саркарда Хитой сари юриш бошлаганида умри поёнига етиб қолди.
Амир Темур моҳир саркарда, жуда ғайратли раҳбар, қатъиятли, шижоатли жангчи бўлгани бизга маълум. Унинг шахси мураккаб, қарама-қарши ва ранг-баранг бўлиб, бу инсон тиниб-тинчимас бунёдкор эди. У ўз аскарлари билан ёнма-ён яшаган, уларнинг ташвишларини баҳам кўрган, жангга киришда уларга бош бўлган, ҳарбий юришларининг чарчоқларига, жангоҳларнинг оғир ҳаётидан роҳат топувчи жисмонан мукаммал жангчи бўлишига қарамай, айни куч-қувватга тўлган вақтида бир оёғи ва қўлидан жиддий жароҳат олиб умр бўйи унинг асоратидан азоб чекиб яшаган.
Унинг қўшинидаги ҳар бир жангчиси ирқи, эътиқоди ва мавқеидан қатъи назар мардлиги ва қаҳрамонлиги учун қадрланар эди. Жангчиларни рағбатлантириш ва жазолаш масаласида Амир Темур фақат ўз сўзи ва ўз фикрига таянар эди. Мана, нима учун унинг аскарлари у хаста бўлган пайтларида уни Осиёнинг чексиз оловли ва музли йўлларида елкаларида олиб юришган. У қўшиндаги барча аскари билан турли тилда сўзлашиб уларнинг қалбига йўл топа олган эди.
Амир Темур тузган кучли ва ўзаро боғлиқ фуқаровий ва ҳарбий бир маъмурият, у узоқ муддатли сафарга кетганида ҳам самарали фаолият кўрсатар, котибият вакиллари ҳам (форс тилида олиб борилган) ёзма кўрсатмаларига мунтазир турар, барча воқеаларни рўйхатга олар, чет эллар билан ёзишмалар, янгиланиб борадиган ҳужжатлар ишини тартибли юритишар эди.
Табиийки савол туғилади: нима сабабдан турли ўлкалар, миллатлар ва турфа одамлардан ташкил топган, мукаммал тартиб қоида ва ҳар соҳага жиддий эътибор қаратилган улкан салтанат унинг асосчиси вафотидан сўнг узоққа бормади? Соҳибқироннинг салтанат келажагини таъминлаш борасидаги қатор режалари нега рўёбга чиқмади?
Соҳибқирон Амир Темур вафотининг вақтида ошкор этилмагани ҳамда унинг васиятини бажариш пайсалга солиниши яқин атрофда бўлган хоинларнинг тахтни эгаллаш мақсади йўлида фойдаланиб қолишига ва узоқдаги шаҳзодаларнинг бу ишлардан бехабар бўлишларига сабаб бўлди.
Натижада Амир Темурнинг жияни, Ўтрор ҳукмдори Султон Ҳусайн фитна уюштириб Самарқанд тахтини қўлга киритиш режасини туза бошлади. Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳнинг фарзанди, Тошкентдаги ҳарбий қўшин саркардаси Халил Султон бобоси тайинлаган валиаҳд Пирмуҳаммаднинг (бу вақтда Пирмуҳаммад Шарқий Афғонистонда ноиблик қилар эди) узоқдалигидан фойдаланиб, қонуний тахт ворисига хиёнат қилган ҳолда Самарқанд шаҳри калитларини қўлга киритди...
Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзонинг Самарқанд шаҳрини ўғли Мирзо Улуғбекка топшириши пойтахтни маданий-маърифий, илмий жиҳатдан қайта тикланишига ва қирқ йил давомида гуллаб-яшнашига сабаб бўлди. Бу давр тарихда “Самарқанднинг олтин асри” деб аталди.
Хуллас, Амир Темур ҳукмдорлик фаолиятларининг асосий мақсади эл-юрт тинчлигини асраш ва адолатни ўрнатиш, инсонларнинг манфаатларини таъминлаш бўлган. Бу орқали “Темурийлар даври уйғониш маданияти” деб номланган иккинчи ренессансга асос солинган эди.
Назокат РАСУЛОВА,
Олмазор туманидаги 261-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси