Мақолалар

Динда саволим бор: Ер, экин экиш ҳақида (Мол, чўчқанинг гўнги билан пишиб етилган мева-сабзавотларни ейишимиз жоиз-ми?)

— Динимизда эгасиз ерни ўзлаштиришнинг ҳукми қандай? Ўша ерга экин экиб, ундан фойдаланса бўлади-ми?

— Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким эгаси бўлмаган ерни обод қилса, унга у ҳақлидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти). 

Мусулмон инсон ўз меҳнати билан қаровсиз ерларни ўзлаштириб, ер эгаси бўлиши, ўша ерни обод қилиб, бой-бадавлат бўлиши мумкин. Эгаси йўқ ерни обод қилса бўлди. Ундай ерни обод қилиш эса экин ёки дарахт экиш, чегара қилиш, атрофига қўрғон олиш, бино қуриш учун текислаш билан ва одатда “ерни обод қилди”, “тирилтирди” дейиладиган ишларни қилиш билан бўлади.

Асосий шарти, ўша ер бировнинг мулки бўлмаслиги ва жамоатчилик фойдаланадиган ер бўлмаслиги керак. Ана шунда обод қилинган ер, уни обод қилган кишининг мулкига айланади.

Ер қаровсиз бўлиши учун қуйидаги сифатларга эга бўлиши лозим:

  1. Суви кесилган ёки тоши кўплиги учун экин экиш имкони йўқ бўлиб қолган ва бошқа шунга ўхшаш сабабларга кўра фойдасиз бўлиб қолган;
  2. Эгаси йўқ бўлиши, эгаси бор ер ҳеч қачон қаровсиз қолмайди;
  3. Обод жойдан йироқ ва обод жойнинг четидаги кимсанинг овози эшитилмайдиган бўлиши лозим. Бунда овози ўткир одам баланд жойга чиқиб олиб, бор овози билан қичқириши эътиборга олинган.

Бу масаланинг яна тафсилоти бор. Кенгроқ маънода ўрганиш лозим бўлади.

 

— Боғларда мевалар пишиб етилган маҳал қушлар гала бўлиб келади, лекин одамлар уларни ҳайдайди. Лекин дарахт эгасига шу қушлар еганининг ҳам савоби етиб турар экан, деб эшитдик...

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур”, деб марҳамат қилганлар.

Боғдорчилик ва деҳқончилик қилган кишига ўзи ўйламаган томонлардан ҳам садақанинг савоби ёзилиб туради. Унинг эккан нарсаларидан одамлар, ҳайвонлар, қушлар, ҳатто қурт-қумурсқалар ҳам фойда топади. Мазкур нарсаларнинг фойдаланиши зироатчи учун садақа ўрнига ўтади.

Шунингдек, Ислом дини доим иймонли инсонларни ҳайвонот, яъни жониворларга зарар келтирмасликка, ҳайвонларга меҳрибон бўлишга чақиради. Қуръони каримнинг бир неча суралари ҳайвонлар номи билан аталади: “Бақара” (Сигир), “Анъом” (Чорва ҳайвонлари), “Фил” (Фил), “Намл”(Чумоли), “Наҳл” (Асалари).

 

— Шериклик зироати билан шуғулланадиган кишилар бор. Шундай ҳолат бўладики, ер сотиб олишга ҳаражат бир кишидан, экин экиш ва меҳнат иккинчи кишидан бўлади, фойда эса тенг тақсимланади. Шариатимизда шундай бўлса тўғри-ми? Ёки ҳаммаси тенг бўлиши керак-ми?

— Бу келишув шариатда музораъа дейилади. Унинг 7 хил кўриниши бор.

  1. Ер ва уруғ бир кишидан, хўкиз ва ишлаш иккинчи кишидан. Бу дуруст.
  2. Ер бир кишидан, қолган ҳамма нарса иккинчи тарафдан. Бу дуруст.
  3. Меҳнат бир кишидан, қолгани иккинчи тарафдан. Бу дуруст.
  4. Ер ва хўкиз бир кишидан, уруғ ва меҳнат иккинчи тарафдан. Бу дуруст эмас.
  5. Ҳўкиз ва уруғ бир кишидан, ер ва меҳнат иккинчи тарафдан. Бу дуруст эмас.
  6. Ҳўкиз бир кишидан, қолган ҳамма нарса иккинчи тарафдан. Бу дуруст эмас.
  7. Уруғ бир кишидан, қолган ҳамма нарса иккинчи тарафдан. Бу ҳам дуруст эмас. Жоизини қилиш керак бўлади. Валлоҳу аълам!

 

— Баъзи деҳқонлар экинларга ўғит сифатида мол, чўчқанинг гўнгини беришар экан. Бундай ўғитда пишиб етилган мева-сабзавотларни ейишимиз жоиз-ми?

— Бу борада ҳайвонларнинг гўнгини ишлатишга уламолар, жоиз дейишган. Шу нарсалар тагига солинган сабзавотларни истеъмол қилиш мумкин.

 

— Мол (сигир) экинзорни пайҳон қилса, унинг зарарини ўша молнинг эгаси тўлайди-ми? Молнинг эгаси: “Экинни қўриқлаш, экин эгасининг бурчи, мол ўз ризқини териб еб юради” деса, ўша кишининг даъвоси тўғри-ми?

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Конда товон тўлаш йўқ, қудуқда товон тўлаш йўқ, ҳайвон етказган зарарга товон тўлаш йўқ ва дафинада бешдан бир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Яъни биров қудуқ қазиган бўлса-ю, унга одамми ёки ҳайвонми тушиб кетиб зарар етса, қудуқ қазиган жавобгар эмас ва товон тўламайди. У қудуқни сув чиқариш мақсадида кавлаган, бировга зарар етказиш мақсадида эмас. Ўша тушган одам ёки ҳайвон хушёр бўлиши керак эди. Шунингдек, эгасининг айбисиз ҳайвонлар томонидан етказилган зарарларга тўлов йўқ. Ҳайвон нима бўлса ҳам ҳайвон. Кундузи ундан экинни эгаси қўриқлайди. Кечаси молнинг эгаси молини боғлайди.

 

— “Деҳқон экинига салом берса, ҳосили баракали бўлади”, “Экинларга кўз тегишидан сақлаш учун кўзтикан ёки ҳайвоннинг калла суягини илиб қўйиш керак”, деган гапларни эшитганмиз. Шу гаплар динимизда бор-ми?

— Бундай гаплар динимизда йўқ. Буцларнинг бари аввалги диний эътиқодлар ва қарашлардан қолган хурофотлар ёки кейинчалик пайдо бўлган бидъатлардан бошқа нарса эмас.

 

— Деҳқонлар ҳосилини йиғиб олгандан кейин ҳосилнинг қанча миқдорини ушр (закот) қилиб беришлари керак ва ушр ҳосилнинг ўзидан бериладими ёки сотилган пулидан-ми?

— Тупроққа экиб олинадиган маҳсулотларининг закотига ушр дейилади. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ: “Тупроқдан маҳсулот олинганида оз бўлсин, кўп бўлсин ўндан бири ёки қиймати қадар олтин ё кумушни мусулмон фақирларга бериш фарздир”, деган.

Ушрнинг нисоби йўқ, ҳосил оз бўлса ҳам ушри берилади. Ушр сифатида ҳосилнинг ўндан бири берилади. Қилинган харажатлар олиб ташланмайди. Фақат суғориш пуллик бўлса ёки мотор билан суғорилса, ҳосилнинг йигирмадан бири берилади. Ушр бериш “Анъом” сурасининг 141-ояти билан амр этилган. Ўндан бири берилиши ҳам ҳадиси шарифда билдирилган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 1767 times

Мақолалар

Top