Мақолалар

Обидаларни асрашга ким масъул?

Юртимиздаги нодир меъморий обидаларни асраб-авайлаш, наинки соҳа мутахассислари ва масъуллари, балки барча фуқароларнинг бурчидир. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган «Маданий меросимизни асраб-авайлашнинг долзарб масалалари» мавзусидаги матбуот анжуманида айни жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари, Маданий мерос агентлиги раҳбари Камола Акилова ва бошқалар сўнгги йилларда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш борасида янги босқич ва ёндашув, янгича муносабат шаклланганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази негизида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.

Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларидаги моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимлари тугатилди ва уларнинг штат бирликлари тегишлилигича Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилди.

Шунингдек, Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва моддий-техника базаси тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданий мерос агентлиги тасарруфида ҳисобланади.

2021 йилда ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар харажатлари учун ажратиладиган маблағлар эндиликда Туризм ва спорт вазирлигига ажратилади.

ЎзА хабарига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобига моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича Маданий мерос агентлиги буюртмачи ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи катта. Айни пайтда ЮНEСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари киритилган.

Мамлакатимизнинг ЮНEСКОга аъзо бўлган 1993 йилдан бошлаб соҳага оид барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилиш чораларини кўрди, уларнинг нормалари миллий қонунчиликка имплементация қилинмоқда.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳудудидаги ноёб маданий мерос объектларини муҳофазалаш, тарихий шаҳарларнинг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ЮНEСКО халқаро стандартлари ҳамда талабларига мувофиқ ишлаб чиқишда мазкур тузилманинг халқаро экспертлари ҳам кенг жалб этилмоқда. ЮНEСКО билан яқин ҳамкорликда моддий ва номоддий мерос объектларини асрашга доир турли халқаро анжуманлар ўтказилмоқда.

Ушбу тадбирлар маданий ёдгорликларни асрашдаги долзарб муаммоларни кўриб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий мерос сақланишига доир миллий тизимни такомиллаштириш, бу борада давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш имконини бермоқда. Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорининг 10-бандига асосан ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра, юртимиз бўйича киритилган ҳудудлар алоҳида муҳофазаланадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади. Уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширишига оид тартиб ўрнатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ алоҳида муҳофазаланадиган тарихий-маданий ҳудудларга оид қатор нормалар белгиланган.

Эндиликда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиб олиш йўлга қўйилди.

«Моддий-маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят кодекси ҳамда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларга тааллуқли жавобгарлик белгиланди.

Ўз тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда, уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузишга оид юртимиз бўйича 2019-2021 йиллар ҳолатига кўра, 234 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилган. Ҳуқуқбузарлик бўйича 70 та иш судга, 160 та иш Прокуратурага, 4 та иш Ички ишлар бўлинмаларига юборилган.

Маданий мерос департаментининг Маданият вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Туризм ва спорт вазирлиги тасарруфига ўтказилиши ҳамда Маданий мерос агентлигига айлантирилиши ушбу тузилмага бир қатор ваколатларни берди. Жумладан, маданий мерос объектларига фақат қўриқланувчи ва муҳофаза қилинувчи иншоот эмас, балки мамлакатнинг моддий имкониятини кенгайтирувчи, мамлакатнинг ички ҳамда ташқи туризмини ривожлантиришга хизмат қилувчи имконият сифатида қарашга эътибор берилмоқда.

Шу билан бирга эндиликда меъморий обидаларни асраб-авайлаш тизимли равишда, режалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Реставрация ва таъмиршунослик соҳасининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, ҳудудларда узоқ йиллар давомида шаклланган меъморчилик мактабларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида давлат муассасаси шаклида «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси» ва босқичма-босқич равишда унинг минтақавий реставрация марказлари ташкил этилади. Давлат бюджетидан маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар учун ажратиладиган маблағлар устувор равишда тўғридан-тўғри шартнома асосида «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси»га йўналтирилади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1658 times

Мақолалар

Top