Мақолалар

 Рашк – мўминнинг сифати

Рашк сўзи аслида арабча сўз бўлиб,  у  қизғаниш, яхши кўрган кишини бировга ишонмаслик деган маъноларни ифодалайди. Рашк  яна  шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ўша нарсанинг эгасининг ғазабини қўзғаш маъносини ҳам  англатади.

Рашк икки хил бўлади:

  1. Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқлари поймол этилганда юзага келадиган рашк.
  2. Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилганда юзага келадиган рашк.

           Биринчиси:    Аллоҳ таоло мўмин бандаларини мункар ишни кўрганларида кучлари етса, қўллари билан тўхтатишга, унга қодир бўлмасалар, тиллари билан қайтаришга ва уни ҳам қилолмасалар, қалбларида ўша ишга қарши туриб инкор этишга буюрган.

                   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз қабиҳ ва гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин (тўхтатсин), унга имкони бўлмаса, тили билан ва унга ҳам қодир бўлмаса, қалби ила ўша ишга норози бўлсин, мана шу заиф иймон белгисидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун хеч қачон интиқом олмаганлар, фақатгина Аллоҳ таолонинг буйруқлари поймол этилгандагина ўч олганлар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

               Аллоҳ таолонинг буйруқлари поймол этилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рашклари жуда ҳам қаттиқ бўларди. Чунки у зот Аллоҳ ва Унинг дини учун рашк қилардилар.

                      Иккинчиси:       инсонларнинг хақ-хуқуқлари поймол этилганда унинг ҳимояси учун ҳаракат қилиш ҳам рашкдир. Киши ўз аҳлини ва яқин маҳрамларини бегоналардан ҳимоя қилиши ҳамда уларнинг турли назаридан сақлаши ҳам рашк ҳисобланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўз аҳлини ҳимоя қилиш асносида вафот этса, шаҳиддир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ўз аҳлини ва яқин маҳрамларини бегоналардан қизғанмайдиган, рашк қилмайдиган кимса даюс дейилади. Даюслик эса улкан гуноҳ бўлиб, у ҳақда қаттиқ ваъид ва огоҳлантиришлар бордир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишини Аллоҳ таоло қиёмат куни жаннатига киритмайди”, деганлар. Улар қуйидагилар:

  1. Ота-онасига оқ бўлган;
  2. Даюс;
  3. Ўзини аёлларга ўхшатадиган эркак ва эркакларга ўхшатадиган аёл (Имом Байҳақий ривояти).

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтадиларки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга уч киши кирмайди:

  1. Даюс;
  2. Аёлларки, ўзларини эркакка ўхшатадилар;
  3. Ароқ ичишда муккасидан кетган киши”, дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

– Ё Расулуллоҳ, ароқ ичишда муккасидан кетган кимсани биламиз, аммо даюс ким?

– Даюс шундай кишики, ўз аҳлининг олдига кимлар кириб-чиқади, рашк қилмайди, парво этмайди, дедилар.

Ва яна сўрадилар:

– (Ўзларини) эркакка ўхшатадиган аёллар қайси?

– Шундай аёлки, кийинишда ўзини эркакларга ўхшатади, деб жавоб бердилар (Имом Суютий ривояти).

Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рашк иймондандир. Беномуслик, шармандалик, уятсизлик – мунофиқликдир. Оиласидаги фаҳш ишларга рози бўлиш эса даюсликдир”, дедилар.

Паҳлавон Маҳмуд ўзининг байтларида рашк қилиш ҳақида шундай ёзади:

Эрлик ғуруринг бўлса, эй Аллоҳ суйган,

Аҳли аёлинг безатиб чиқарма уйдан.

Мевали шох агар чиқса кўчага,

Таъма қилар ўтган йўловчи ундан.

                Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рашк қилишлик иймоннинг аломатидир. Ҳақиқий мўмин-мусулмон ўз аҳлини яхши кўради, уларни бошқа бировдан рашк қилади. Рашк мўмин-мусулмоннинг сифатидир.  

Юсуф РАЖАБОВ,

Қарши тумани ‘‘Мулла Юсуф’’ масжиди имом-хатиби

Read 1808 times

Мақолалар

Top