Мақолалар

РАСМИЙ БАЁНОТ: Саудия Арабистони ҳукуматининг «Ҳаж-2021» мавсумини ташкил этиш бўйича чиқарган қарори юзасидан

 

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Ҳаж ва умра масалалари бўйича Атташеси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этилган расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг 13 июнь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ҳаж ва умра вазирликлари томонидан Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилган.

Унда “Ҳаж-2021” мавсумини ташкил этиш масалалари ҳақида тўлиқ ахборот берилган. Жумладан, жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ҳамда ҳожиларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида “Чет эл фуқаролари учун Ҳаж зиёратини чеклаш, маҳаллий аҳоли ва мамлакатда доимий яшовчи резидентлар учун Ҳаж тадбирини ўтказиш тўғрисида” ҳукумат Қарори қабул қилингани эълон қилинган.

Шунингдек, расмий хатда ҳожиларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида, жорий йилги ҳаж тадбири – Саудия Арабистони Подшоҳлиги аҳолиси ва ушбу мамлакатда муқим яшаб келаётган 18 дан 65 ёшгача бўлган, энг асосийси, “COVID-19”га қарши эмланган фуқаролар (резидентлар) учун ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган.

Ўз навбатида, бу йилги Ҳаж ибодатини бажарадиган маҳаллий зиёратчиларнинг чекланган миқдордаги умумий сони 60 минг нафар этиб белгилангани, хорижий мамлакатлардан зиёратчилар қабул қилинмаслиги ҳам қайд этилган.

Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ислом мамлакатларидаги кўплаб фатво ҳайъатлари ва бошқа илмий марказлар томонидан маъқулланган.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда Саудия Арабистони Подшоҳлигида мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда. Ҳар куни ўртача 1 000 дан ортиқ вирус билан касалланиш, 15-20 та ўлим ҳолати кузатилмоқда.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳожилар манфаатлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш нуқтаи-назаридан қабул қилган ушбу қарорини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, кези келганда, Жамоатчилик кенгаши ҳаж сафарига боришни режалаштирган фуқароларимизнинг навбатлари кейинги мавсум учун сақланиб қолишини эслатиб ўтади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Read 1865 times

Мақолалар

Top