Мақолалар

Саломлашиш одоби

Инсонлар бир-бирларига салом берганларида ўзаро тинчлик тилайдилар. Зеро, “Ассалому алайкум” дейишлик бошқа бир кишига тинчлик тилашдир. Одамларнинг бир-бирларига тинчлик тилашлари замирида катта маъно, катта фазилат ётади. Чунки берилган неъматлар ичида энг буюк неъмат бу – тинчлик неъматидир.

Қуръони каримда одамларни бир-бирларига саломлашишга буюриб бундай дейилади:“Қачон сизларга бирор (ибораси) билан салом берилса, сиздан ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора) ни қайтарингиз....” (Нисо сураси, 86-оят).   

Салом бериш ва унга жавоб бериш билан савоб кўпаяди, инсоннинг умри ва ризқига хайру-барака киради.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким билан учрашсанг салом бер, савобинг кўпаяди, уйингга кирганингда аҳлингга салом бер, уйингга хайру-барака киради”.

Инсон бошқа бир инсонга чин кўнгилдан ёруғ юз билан салом бериши яхшиликни кўпайтиради. Бу ҳақда ҳадисда:

“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетаётиб:

“Ассалому алайкум”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ўнта”, дедилар.

Яна бир киши ўтаётиб:

“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Йигирмата”, дедилар.

Яна бир киши ўтиб кетаётиб:

“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ва баракатуҳ”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ўттизта”, дедилар. Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум ўнта, йигирмата, ўттизта дейишларининг сабабини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биринчи кишига ўнта деганим, у салом бериш билан ўн савобни, иккинчи ва учинчи киши эса салом бериш билан йигирма ва ўттиз савобни қўлга киритди”, деб жавоб бердилар.

Салом бериш билан инсон сахийлик қилади. Зеро, дунёда энг бахил киши саломга бахиллик қилган кишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишидир”, дедилар.

Инсонлар ким олдин салом беришга мусобақалашишлари лозим. Чунки ким олдин салом берса, савобнинг кўпроғини қўлга киритади. Олдин салом бериш камтарликка, бошқаларни олдин салом беришини кутиш эса манманликка киради. Ёшим катта, унинг ёши кичик, у салом берсин, дейиш кибр ҳисобланади. Инсон ўзидан кибрланишни ювиш учун ҳам ўзидан кичикларга салом бериши лозим. Шу сабабли олдин салом бериш инсондаги кибрни кетказиб, унга камтарлик камолотини беради.

Баъзи бир кишилар салом беришда уни тўғри айтилишига эътибор бермайдилар. Инсонлар бошқа бир инсонлар билан учрашганларида  “Ассалому алайкум” дейиш ўрнига, “Ассам –алайкум” дейишса,  “Сизга ўлим бўлсин”, дейилгани бўлади.

Баъзи бир кишилар “ Ассалом” деб қўйишади. Бу ҳам нотўғри салом бериш ҳисобланади. Чунки “Ассалом”нинг ўзини айтиш ноаниқликни келтиради. Шу сабабли “Ассалому алайкум” деб тўлиқ ва аниқ салом берилиши лозим. Саломлашиш пайтида қўл бериб кўришиш фазилатли амаллардан ҳисобланади. Инсонлар саломлашиб, бир-бирларини қўлларини олиб кўришсалар улар ўртасида меҳр-оқибат мустаҳкамланади. Икки инсон қўл бериб кўришар экан уларнинг савоблари кўпайиб, гуноҳлари тўкилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки киши учрашганда қўл бериб кўришса, ҳар иккисининг гуноҳи ҳали бир-биридан узоқлашмасдан мағфират қилинади”, деганлар.

Салом беришда қўл билан кўришишдан ташқари қучоқ очиб кўришиш ҳам мавжуд. Инсонлар бир-бирларини соғинганларини изҳор қилиш мақсадида қучоқлашиб кўришади.

Инсонларнинг бир-бирлари билан учрашганидаги чин кўнгилдан, очиқ чеҳра билан саломлашиши халқимизнинг энг яхши одатларидандир. Саломлашиш одобларини яхши билиб, унга амал қилишлик одамлар ўртасида инсоннинг мартабасини кўтаради, улар орасида меҳр-муҳаббат ёйилади. Ва у инсонлар орасида адоватни йўқолишига, яхшилик жорий бўлишига хизмат қилади. Халқимизнинг саломлашиш каби одатлари фарзандларимиз онгида миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришга, уларнинг миллатга, қадриятларимизга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Умар АВЛИЁҚУЛОВ,

Қарши туман “Тош” масжиди имом-хатиби

Read 3054 times

Мақолалар

Top