Мақолалар

Чидаганга чиқарган

Каломи шарифида: “Ва ўзингиздан оиласизларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ кенг ва ўта билимдон Зотдир” , деган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Ҳадиси шарифларида: “Ким уйланса, батаҳқиқ иймонининг ярмини мукаммал қилибди. Қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин”, деган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб солавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир ота-онанинг энг интиқлиқ билан кутадиган орзуларидан бири фарзандларининг никоҳ тўйларига бош бўлиш, келган меҳмонларни хурсандчилик билан кузатиб қўйишдир. Бир қараганда, бу ишлар гўёки, хамирдан қил суғургандек осон туюлади. Шариат аҳкомларига амал қилинса, аслида ҳам шундай бўлади ўзи. Бу ҳозирги кунда баъзилар “Исломий тўй” деб ўтказаётган тўйлар дегани эмас. Номи ўзгаргани билан моҳияти ўзгариб қолмайди, балки тушуниб-тушунмасдан ислом дини аҳкомларига беписандлик қилишдир. Қолаверса, шариат аҳкомларига амал қилиш дегани ҳар ким ўзига мослаб тўн бичиб олиши дегани ҳам эмас. Бу борада никоҳ валимасига (зиёфат) тегишли бўлган барча жараёнларда олиму устозлар билан бамаслаҳат иш олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Аксинча, бир неча йиллар давомида бидъатчилар тўқиб чиқарган ва тўқиб чиқараётган урфларга, удумларга амал қилинадиган бўлса натижа қандай бўлиши кундай аён.

Одатда никоҳ валимасидаги расмиятчилик, хўжакўрсин олди-бердилар ёки одамлар гапиришади қабилидаги мулоҳазалар учун қилинадиган сарфу харажатлар ҳар иккала қуданинг ҳам тинка-мадорини қуритиб қўяди. Лекин, халқ орасидаги “обрўни” сақлаш керак “кўпи кетиб ози қолди”, “қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидагин” ёки “ҳа энди тўй бир кунда ўтади-кетади-да” деган мақол ва таскин берувчи сўзлар билан ўзимизни юпатамиз. Аслида-чи, бу юпатишларимизни нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам сариқ чақалик фойдаси йўқ эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Агар бирорта насиҳатгўй тўғри маслаҳат бериб ёрдам қўлини чўзадиган бўлса, насиҳатинг ўзингга сийлов, бошингга тушганида кўрамиз қандай қилишингни деб жеркиб берамиз. Ҳақиқатни оладиган бўлсак, ушбу бидъату хурофотлар ҳаммани жонига тегиб гўёки пичоқ бориб суякка тақалгандек! Аммо улардан қутулиш учун гўёки ҳеч қандай чора йўқ, нажот йўқдек!. Ўз қўлимиз билан ковлаган ўрага қулаб боряпмиз. Ўзимиз тўқиган бидъату хурофат тўрларига ўзимиз ўлжа бўлиб тушаяпмиз. Бундан ким фойда кўраяпти-ю, ким эса зарар –ўйлаб кўрмаймиз. Халқимизда: “Тарихини билмаган халқнинг келажаги йўқ”, деган ажойиб нақл бор. Демак, бу муаммоларнинг ечимини тарихдан қидириб кўриш керак. Қарийб XIV аср бурун бутун дунёни ҳозирда биз бош қотириб турган муаммолардан бир неча баробар каттароқ, кўпроқ, шиддатлироқ муаммолар гирдобидан нима қутқарди? Айтингчи,  Ислом дини эмасми!.. 

Ҳозир эса бу муаммолардан қутулиш учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар мавжуд. Фақатгина ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб буни астойдил истасак бўлди. Шунда келажак авлоднинг олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади.

Биз “ота-боболаримиздан қолган одатда, қилмасак бўлмайди” деб мажбурланган ҳолда қилаётганимиздек, авлодларимиз қилмайдилар.

Биз “ота-боболаримиз нима учун шундай бидъатларни қилганлар ёки тўқиб чиқарганлар” деб норози кайфиятда эслаётганимиздек, эсламайдилар.

Бу ҳасратли жумлаларнинг битилишига сабаблар жуда ҳам кўп. Лекин гап чўзилиб кетмаслиги учун иккита бўлган воқеани ҳукмингизга ҳавола қилиш билан кифояланамиз.

Ҳожи акалардан бирининг айтишича: “Тошкентдаги энг обрўли икки оила никоҳ тўйигача бўлган барча расмиятчилик-у олди-бердиларни ниҳоясига етказиб никоҳ валимасини қачон ва қаерда бўлишигача ўзаро келишиб олишибди. Обрўли оилалар бўлгани учун ҳар иккала тараф ҳам шаҳримиздаги энг ҳашаматли ва катта тўйхоналардан бирини танлашибди. Тўйхона бир пайтни ўзида 700-750 та меҳмонни ўз бағрига сиғдира олар экан. Одатда шаҳримизда икки ёшни бошини қовуштириш учун керак бўладиган сарф-харажатларнинг асосий қисмини келин тараф ўз зиммасига олишга мажбур. Шунинг учун ҳам келин тараф, куёв тарафдан наҳорги ошга неча киши бўлиб келишларини сўраган. Қуда эса 200 киши атрофида бўлишини айтган. Одатдагидек эрта тонгда карнай-сурнай садолари остида ҳашаматли тўйхонага кираверишда ўнлаб “ҳассакаш”лар дарёдек оқиб келаётган меҳмонларни хурсандчилик билан кутиб олишяпти.

Тўйхонанинг олдидаги майдонда эса, бирин-кетин келаётган қуда тарафнинг меҳмонлари жамланяпти. Уларни бир жойга тўпланаётганидан тобора адади кўпайиб бораётгани маълум бўлиб қолди. Бу эса ўз ўрнида мезбон тарафни ташвишга сола бошлади. Тўғри-да, келишувга мувофиқ жой тайёрланган. Мезбоннинг ташвишлангани тўғри чиқди. Қуда тараф кўп эмас, кам эмас нақд 500 киши бўлиб келибди. Наилож, мезбон тезлик билан ўзининг тарафидан бўлган мехмонларга узр айтиб, уларнинг жойларига ҳам қудаларни ўтқазибди. Ҳурматли ўқувчи, энди тўйхонада қандай ҳолат юзага келганини бир ўзингиз тасаввур қилиб кўринг-а? Шу билан ҳаммаси якунига етса қанийди. Зиёфат якунида тўйхонанинг олдидаги майдонда қуда тарафдагиларга чопон кийдириш маросими бошланибди. Мезбон қуда тишини тишига қўйиб бу расмиятчиликни ҳам қойиллатиб адо этибди. Кейин: “Қуда, бу меҳмонларнинг кўпроқ келишини олдиндан айтиб қўймабсиз-да, шунга яраша тайёргарчилик кўриб қўярдик, хижолатпазлик бўлмас эди”, дебди. Қуда эса жавобан: “Тўй қилишни чидаганга чиқарган” деб жавоб берибди. Шунда мезбон қуда атрофда турганларга мурожаат қилиб, қўлларингизни дуога қўтаринг: “Азиз меҳмонлар берилган ош Аллоҳ йўлида эҳсон, тўй эса бекор қилинди. Омин!” дебди.

Шу ўринда ҳикоямизнинг салбий қаҳрамонига ва у кишига ўхшаганларга, бу димоғдорлик билан айтаётган сўзларингизни айтишга озгина шашқолоқлиқ қилдингиз. Агар шу бир оғиз сўзингиз ўғлингизнинг бахтига чанг солиш эканини ўйлаб кўрганингизда, манманликнинг оқибати нима билан якун топишини билганингизда, сиздан аввалгилар ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтиб қўйиб, заҳрини узоқ йиллар тортганини билганингизда, бировнинг қалб шишасини синдирмоқ уни тиғ билан жароҳатламоқдан ёмон эканини тушунганингизда, ҳеч бўлмаса бирор зиёфатга таклиф этилганингизда мезбонга нисбатан Исломий маданият ила муомала қилишни, неча киши бўлиб бориш мумкин эканини билганингизда бундай оқибатлар бўлмас эди, деб эътиборингизга қуйидаги ҳадиси шарифни ҳавола этаман ва ибрат олурсиз деган умиддаман.

وجَاءَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ أَبُو شُعَيْبٍ إِلَى غُلاَمٍ لَهُ لَحَّامٍ فَقَالَ: اصْنَعْ لِي طَعَامًا يَكْفِي خَمْسَةً فَإِنِّي رَأَيْتُ فِي وَجْهِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم الْجُوعَ فَصَنَعَ طَعَامًا ثُمَّ أَرْسَلَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وآله وسلم فَدَعَاهُ وَجُلَسَاءَهُ الَّذِينَ مَعَهُ فَلَمَّا قَامَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وآله وسلم اتَّبَعَهُمْ رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَهُمْ حِينَ دُعُوا فَلَمَّا انْتَهَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم إِلَى الْبَابِ قَالَ لِصَاحِبِ الْمَنْزِلِ إِنَّهُ اتَّبَعَنَا رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَنَا حِينَ دَعَوْتَنَا فَإِنْ أَذِنْتَ لَهُ دَخَلَ قَالَ: فَقَدْ أَذِنَّا لَهُ فَلْيَدْخُلْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ.

Абу Шуъайб исмли бир киши ўзининг қассоб ходими олдига келиб:

«Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очлик аломатини кўрдим», деди.

У таомни тайёрлади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у зотни ва бирга ўтирганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб жўнаганларида даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига:

«Сен бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган киши бизга эргашиб келди. Агар изн берсанг киради», дедилар.

«Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин», деди у» (Термизий ва икки Шайх ривоят қилган).

Иккинчи воқеа: Шаҳримиздаги хонадонлардан бирида катта тантана, хурсандчилик, қўни-қўшни, таниш-билиш ҳамма эшитганлар уларни қўшалоқ келин тушираётганидан мамнун. Кўпчилик, айниқса, аёллар чуқур энтикиш билан: “Бизга ҳам шундай қўшалоқ келин тушириш насиб этсин”, деб орзу қилишган, баъзилар эса ҳадикда. Тўғри-да, ҳозирги кунда битта келинни қабул қилиб олиб кўнгилдагидек ҳаёт кечириб кетаётганларнинг ўзи камчиликни ташкил қилади, аммо бирданига иккита келиннинг машмашаси албатта ўзига яраша бўлади.

Халқимизнинг “ажойиб” бидъату хурофотларидан бири, келин туширилаётган хонадонга келин тарафдагилардан бир неча аёллар ва уйнинг ўлчамини оладиган мутахассислар келиб кетишидир. Юқорида айтганимиздек, деярли барча харажатлар келин тарафидан бўлиши етмаганидек, куёв тараф мазкур аёллар ва мутахассислар келишига бир неча хонадан иборат бўлган уйни бўм-бўш қилиб (яланғочлаб) қўйишади. Бизнинг қаҳрамонимиз эса бу ишларни қойил мақом қилиб амалга оширибди. Қўш келин тушираётгани учун “адолат” билан ҳар иккала келин тарафдагиларга бир хил шароитли, яъни чор девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бир неча хонани кўрсатиб қўйибди. Ана энди томошани кўринг. Никоҳ тўйига 10-15 кун қолгунича ҳар иккала келин тарафдагилар бир неча йиллардан бери йиғиб келган сарпо-суруғ, турли уй жиҳозлари, мебеллар, гиламлар, кўрпа-тўшаклар қисқаси деворнинг бирор жойи очиқ қолмайдиган даражада қимматбаҳо парда ва гиламлар билан безатишган. Буларнинг барчасини текширадиган, кўрикдан ўтказадиган ва ҳисоб-китоби чиқариладиган кун ҳам етиб келибди.

Бундай кун шариатимизда қиёмат куни деб аталади. Халқимизнинг урфида эса “мол ёяр” куни деб аталади. Бу кунда барча нарсани одатда “бош ҳакам” қайнона ҳал қилади. Ҳайъат аъзолари эса қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан иборат бир гуруҳ ғийбатчи аёллар. Бир овоздан катта келиннинг сепи аъло баҳога лойиқ деб топилган. Бечора кичик келинга нисбатан ҳақоратли сўзлар “гулдастаси” отилган. Эмишки, кичик келиннинг сепидаги барча нарсалар ўзимизники “импортний” ҳеч нарсаси йўқ. Бундай имтиҳондан кичик келин тарафдагилар ўта олмаганлар. Натижада эса кичик келин томон кўч-кўронини кўтариб тўйни бекор қилиб кетган. Бундан бўлажак қайнона ҳеч ташвишлангани йўқ. Чунки у кишининг хаёлларида кичкина ўғилга ҳам катта ўғилникидек бой-бадавлат хонадоннинг қизини келин қилиб олиб бериш нияти бор эди. Аммо у кишининг ҳам хаёллари пуч экани маълум бўлиб қолди.

Биринчи қуда бўлмиш яъни катта ўғилга қиз бераётган тараф иймонли одамлар экан. Агар ҳамма нарса мол-дунё билан ўлчанадиган бўлса, биз ҳам бундай оила билан қуда-анда бўлмаймиз деб, кичик келин томон қилганини қилиб кетибди.

Бундай воқеалар ҳар куни, ҳар қадамда учраши мумкин. Лекин кўпчилик қуда-анда бўлаётганлар бир-бирининг юқоридагига ўхшаган муаммоларига сабр қилишдан ўзга чораси йўқ. Гўёки ҳар тарафни ўйлайди, мулоҳаза қилади, ке, қўй, боламнинг бахтига зомин бўлмайин, деб паст кетишга мажбур бўлади. Мана шундай нотўғри фикрлар, мулоҳазаларнинг йиғиндиси эса фарзандларимизнинг бахтига чанг солиш эканини ўйлаб кўрмайди.

  “Дардни даволагандан кўра унинг олдини олмоқ осондир”, дейдилар. Бизнинг ҳикояларимиз қаҳрамонлари ўз фарзандларини айнан муқаррар фалокатдан сақлаб қолган халоскорлардир. Агарда ҳамма оталар ҳам ўз фарзандлари тўғрисида, уларнинг келажаги, оилавий ҳаёти ҳақида тўғри қарор қабул қилганида кўп нохушликларнинг олди олинар  эди. Қолаверса, бу ишлар фақат ота-оналарга тегишли эмас, балки барча мўъмин-мусулмонларга оиддир. Зеро суюклигимиз, Расулимиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бундай деганлар:

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم يقول : قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرَهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفَ اْلإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар» (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

 «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Read 6054 times

Мақолалар

Top