Мақолалар

Тавба ва истиғфорнинг фазилати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таоло бундай марҳамат килади: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинглар, шояд Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анхорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!" (Таҳрим, 8).

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зот. Инсон зоти борки, ҳаётида турли айбу нуқсонлар қилади, катта-кичик гуноҳларга йўл қўяди. Аллоҳ таоло инсонларни бошқа барча мавжудотдан азизу мукаррам қилиб яратган, уларга ўз хатоларини тузатиш, гуноҳлардан фориғ бўлишнинг йўлини ҳам белгилаб берган. Бунинг бирдан-бир чораси ўз гуноҳ-хатоларидан афсусланиш ва надомат чекиш, уларга чин дилдан тавба қилиш, истиғфор айтишдир. Ҳатто инсоният отаси Одам алайхиссалом ҳам хатога йўл қуйгач, тавба-тазарру орқали Аллох таоло жазосидан қутилган. Шу боис тавбага юзланиш, гуноҳларга истиғфор айтиш инсон наслига фарз қилинган азалий ҳукмдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда: "Гуноҳларидан холис тавба қилган киши хеч биp гуноҳ қилмаган киши кабидир”, деганлар. Уламолар оят ва хадисларда зикр этилган тавбадан мурод шудир, дейишган. Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи ўлкан неъматдир. Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай, дарров тавбага шошилиши, гуноҳларидан фориғ булишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига қўйилган бир тўсиқ кабидир.

Аллoҳ таоло айтади: "Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади"  (Бақара, 222).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам тавбанинг зарурлиги ва аҳамияти ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Гуноҳларга пушаймон бўлиш тавбадир", деганлар (Абу Довуд ривояти);

Бошқа бир ҳадиси муборакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳap бир Одам боласи гуноҳ қилувчидир, гунох қилувчиларнинг яхшиси тавба қилувчиларидир", деганлар (Имом Доримий ривояти); 

Ушбу ҳадиси муборакда эса гуноҳ ишларга берилиш касаллик экани ва унинг давоси нима экани тўғрисида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга касалларингиз нималигини ва ундан шифо топиш йулини айтайми? Касалларинг гуноҳларингиздир, унинг давоси истиғфордир", дедилар ("Рамузул аҳодис"дан).

Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек гуноҳ-хатолари Аллоҳ таоло томонидан кечирилган маъсум, юксак ахлоқ соҳиби бўлган зот ҳам ҳар куни бир неча бор тавба қилганлар ва умматни ҳам шунга чақирганлар: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар, доимо гуноҳлapингни кечиришини сўранглар! Мен Аллоҳга ҳар куни юз марта тавба қиламан” (Имом Муслим ривояти).

Банданинг тавбаси Аллоҳ таоло томонидан қабул бўлишининг бир неча шартлари бор. Булардан биринчиси пушаймонликдир. Яъни банда қилган гуноҳ-хатоларидан пушаймон бўлиши, уларга изтироб чекиши. жони қийналиши, ич-ичини ейиши, ҳузур-ҳаловати кетиб, уйқу ва оромдан кечишидир.

Тавбанинг иккинчи шарти гуноҳларга энди асло қайтмасликка қатъий азм-қарор қилишдир. Гуноҳдан қайтмаган кишининг истиғфоридан, надоматидан фойда йуқ. Бордию инсон бир гуноҳ ишдан сўнг тавба қилсаю кейин яна уни қайтарса, унинг тавбаси ҳақиқий тавба саналмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Улар истиғфор айтиб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас" (Анфол, 33),

Хабарларда келишича, "Гуноҳда бардавом бўлатуриб, гуноҳнинг кечирилишини сўраш Аллоҳнинг оятларидан истеҳзо қилишга ўхшайди" (Ибн Абу Дунё ривояти). Яна айтилишича, "Тил билангина истиғфор айтиш каззоблар (ёлғончилар) тавбасидир".

Тавбанинг учинчи шарти гуноҳларни бутунлай тарк этишдир. Гуноҳларни тарк этган киши уни савоб ишлар билан ювади. Тавбаси қабул этилишидан умидсиз бўлмайди. Тоат-ибодатларни кўпайтириш, Аллоҳ йўлида садақа-эҳсонлар қилиш, фақат солиҳ амаллар қилишга ўтиш тавбанинг қабул бўлиши шартларидандир.

Байхақий Муоз ибн Жабал розияллоху анҳудан ушбуни ривоят қилган: "Агар бир гуноҳ қилсангиз, унга каффорот бўладиган бир яхшилик қилинг. Махфий гуноҳга махфий яхшилик, ошкора гуноҳга ошкора яхшилик каффорот бўлади". Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Яхшиликлар албатта ёмонликларни кетказади" (Худ, 114). 

Жунайд Бағдодий рахимаҳуллоҳ бундай деган эканлар: "Тавба-тазаррунинг уч маъноси бор: пушаймон бўлиш, такрор гуноҳ қилмасликка қарор қилиш ва ўтказган ситамларига кечирим сўраб, нохақ олган нарсаларини эгаларига қайтариб, хусуматдан халос бўлишдир".

Банда гуноҳ ёки бир хато иш қилсаю, истиғфор айтса, меҳрибон ва раҳмли Аллох азза ва жалла унинг гуноҳларини албатта кечиради. Истиғфор айтилса, яхшиликдан умид қилинади. Аммо банда кибр ё ғурурга бориб, истиғфор айтишни канда қилса, ўзига зулм қилган, ўз зарарига ишлаган бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини ечади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради", деганлар.

       Саҳар вақти дуо ва истиғфорлар қабул қилинадиган онлар ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят килинган бир ҳадисда айтилишича, "Ҳар кеча туннинг охирги, учинчи қисмида Аллоҳ таоло: “Ким дуо қилса – ижобат этаман, ким сураса – бераман, ким истиғфор айтса – гуноҳидан кечаман», дейди”.

Инсонга тавба қилиш эшиклари ҳамша очиқдир. Хадиси қудсийда келишича, "Аллоҳ таоло: "Улуғлигим ва буюклигимга қасамки, то рухи танасида экан, бандаларимга тавба эшиги очиқдир", деган (Имом Ахмад, Абу Яъло, Ҳоким ривояти, саҳиҳ). Абдуллох, ибн Масъуд розийаллоҳу анху бундай деганлар: "Жаннатнинг саккизта эшиги бор, биттасидан бошқа ҳаммаси очилиб-ёпилади. Фақат Тавба эшигигина ҳамиша очиқдир. Бу эшикнинг ёпилмай очиқ туриши учун бир фаришта тайинланган. Шундай экан, ноумид булма, яхши амал қил!".

Инсон билиб-билмай қилган гуноҳларига сидқидилдан пушаймон бўлса, тавба қилиб истиғфорлар айтса, Ҳақ таолонинг йулига қайтса, инша Аллоҳ, гуноҳлари мағфират этилади, ёмонликлари яхшиликка алмаштирилади. Шунинг учун у ҳамиша Яратганнинг раҳмат-мағфиратидан умидвор бўлиши, яхши амаллари ва афсус-надоматлари билан Унга астойдил тавба қилиши лозим. Шунда унинг тоғдек гуноҳлари бўлса ҳам кечирилади.

 

 

Фазлиддинхон  МУХТАРОВ,

      Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатиби

Read 3245 times

Мақолалар

Top