Мақолалар

Ҳунарли киши хор бўлмас

Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини ҳам бошқа жонзотларники каби азалдан белгилаб қўйган. Фақатгина инсон ақлли махлуқ бўлгани учун касби-кор, ҳалол меҳнат қилиб, ризқини ҳалолдан топиб умр ўтказишга буюрилган. Аллоҳ таоло Нисо сураси, 29-оятида шундай буюрган: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро, розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”. Яна Аллоҳ таоло Набаъ сураси, 11-оятида: “Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” деб кундузни меҳнат ва касб-ҳунар, тирикчилик вақти қилганини эслатмоқда.

Инсон меҳнат, касб-ҳунар билан обрў ва шараф орттиргани каби, оила аъзоларининг эҳтиёжларини таминлайди. Уламоларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин этадиган миқдорда меҳнат қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун меҳнат қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини беками-кўст адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Банда бунга фақат меҳнат қилиш билангина этишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим Жума сураси 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, меҳнат қилишлик динимизда буюрилган иш экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларга мурувват қилиш мақсадида ҳалол меҳнат орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, Қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”, деган бўлсалар, бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади”, деганлар. Бундан ташқари, ҳалол касб қилиш ҳам ибодат ва солиҳ амаллардан ҳисобланиб, у инсоннинг содир этган баъзи гуноҳларига каффорат ҳам бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган меҳнат, касбгина каффорат бўлади” деганлар.

Собит Баноний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Менга айтишларича, ибодатлар ўн бўлакдир: тўққиз бўлаги тирикчилик талабидаги меҳнатда ва биттаси ибодатдадир”.

Ҳаким Абул Қосим айтадилар: “Ҳалол меҳнат қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини бекитади, пасткаш ғийбатчининг тилини кесади”.

Касбу ҳунарли, меҳнаткаш бўлиш Пайғамбарларнинг одатидир. Ривоят қилинишича Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Довуд алайҳиссалом одамлар танимайдиган суратда чиқиб, мамлакат аҳлидан, ўзлари ҳақида сўрар эдилар. Бир куни у кишига Жаброил фаришта алайҳиссалом одам қиёфасида кўринди. Довуд (а.с) айтдилар: “Эй йигит, Довуд ҳақида нима дейсан?”. “У яхши одам, лекин бир ёмон хислати бор мусулмонлар ҳазинасидан фойдаланади. Бандаларнинг ичида Аллоҳ таолога севимлироғи ўз меҳнати билан ризқ топиб ейдиганидир”, деди Жаброил. Шундан сўнг Довуд алайҳиссалом ўз ўринларига қайтиб, йиғлаб-йиғлаб айтдилар: “Эй Роббим, менга бир ҳунар ўргатгин, мўминларнинг молидан фойдаланмай”. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом га темирчилик касбини ўргатди. Темирлар у кишининг қўлида худди хамирдек юмшоқ бўлиб қоларди. Довуд алайҳиссалом ишдан бўш вақтларида совут ясардилар сўнгра уни сотиб ўзи ва оиласининг эҳтиёжларига сарфлар эдилар.

Довуд алайҳиссаломнинг вафотидан кейин у кишининг ўрнига Пайғамбар бўлган ўғли Сулаймон алайҳиссалом инсонлар ва жинларнинг подшоҳи эди. У кишига шамоллар бўйсундирилган, барча ҳайвонотнинг тилини билар эдилар. Мана шу Сулаймон алайҳиссалом одамларга минбарда хутба қилаётганларида, қўлларида палма дарахтининг новдалари бўлар эди, ундан сават ёки шунга ўхшаган бирор нарса ясаб турар эдилар. Агар тўқиб бўлсалар, бир кишига бериб: “Бозорга олиб бориб сот”, дердилар.

Бу икки зотдан ташқари Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дуродгорлик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Иброҳим алайҳиссалом газлама савдоси, Закариё алайҳиссалом дурадгорлик билан шуғулланганлар. Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам савдогарлик касби билан шуғулланганлар. Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари, касблари билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи лозим.

Шу пайтгача ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, таъмадан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдурки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур. Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи мақсадга мувофиқдир. Чунки, ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Улуғларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати ҳалол меҳнат ва касб орқасидан дейишган. Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Инсон Аллоҳ таоло берган қобилияти ва ақл идроки туфайли орттирган касбидан фақат хайрли мақсадларда фойдаланиши, ўзидан сўнг шогирдлар етиштирмоғи ҳам зарурдир. Аллоҳ таоло ризқларимизни ҳалол меҳнат ва касбу-корларимиздан ато қилсин!

 

М. Қораев,

ЎМИнинг  Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари

Read 2613 times

Мақолалар

Top