Мақолалар

“АГАР ШУКР ҚИЛСАНГИЗ У СИЗЛАРДАН РОЗИ БЎЛУР”

Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, ҳаммасини бирдек кўриб, шукрини бажо келтириш бандаларни  зиммасидаги бурчи ҳисобланади. Аллоҳ шунда бандаларидан рози бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиб: “Агар шукр қилсангиз У сизлардан рози бўлур”- деган. (Зумар сурасининг 7 оят.) Ушбу оятдан маълум бўладики, Ҳақ Таолони  розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай ҳолатда ҳам шукрона калимасини такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларда ҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтиб юрувчи кишидир”.

Неъматнинг Аллоҳдан эканлигини билишнинг ўзи ҳам ана шу шукрнинг бир навъидир. Фузайл бин Иёздан Сабаъ сурасининг 13-оятидаги: “(Эй) Довуд оиласи! (Бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир”, - деган жумласининг тафсирида шундай ривоятни келтирадилар: Бир куни Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога муножот қилиб:  “Эй Роббим! Мен ўзимча сенга шукр қилишим мумкин? Ҳолбуки Сенга шукр айтишимнинг ўзи ҳам Сенинг бир неъматинг-ку?!” – деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Довуд, мана эндигина ҳақиқий шукрни адо этдинг” деди. Яъни, банданинг унга берилган неъматларга шукрона келтиришининг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг бир неъмати экан.

Демак банда  ўзи баҳраманд бўлиб, турган неъматлар устида бир мулоҳаза қилиб кўрса, Аллоҳ қанча яхшиликлар берганига тушуниб етади. Алҳамдулиллаҳ  бизга берган энг улуғ неъматларидан бири, юртимизнинг ватанимизнинг истиқлолга эришиши шарофати билан қанчадан қанча неъматларга мушарраф бўлганимиз. Шу юртда яшаётган ҳар бир инсон бир ўйлаб кўрсин, Мустақилликдан олдин мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу-қарилар эмин эркин ибодатни адо этиш қаёқда эди. Йилдан-йилга, кундан-кунга янги масжидлар очилиши қаёқда эди.  Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, шу юртнинг ҳар бир фқароси бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғи лозим бўлади.

Айрим кимсалар борки, доимо куфрона неъматдан ўзга нарсани билмайдилар, яъни ношукрлик ва нонкўрлик қиладилар.  Аслини олганда ҳақиқий мўмин киши учун ибодатини бемалол қилишдан ўзга бир неъмат бўлмаса керак.

Шуни англамоқ лозимки Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Аллоҳ таоло бандага кичикми, каттами бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” -деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, -деганлар.

Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръону азимуш шаънда биз бандаларини зикр билан бирга шукрга буюриб:

Бас, Мени ёд этинглар, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилинглар, ношукрчилик қилманглар!- деган.

Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Кимга 4 нарса берилган бўлса, батаҳқиқ унга дунё ва охират яхшиликлари берилибди. Улар: зикр айтувчи тил, шукр қилувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа аёл”.

Бугун биз муъмин мусулмонлар ибодатларимизда Аллоҳдан юртимизни ёмонликлардан, фитналардан, офатларданасрашини сўрашимиз, ўзимизшукр қилгувчи бандалардан бўлмоғимиз, неъматларни қадрини билмоғимиз лозим бўлади. Ахир тинчлик дегани бу болалар қувончи, бу тараққиёт омили, ҳуррият нишонаси, қалб хотиржамлигидир.

Илоҳо, юртимизда доимий тинчлик, осойишталик ва хайрли ишлар ривожи давом этаверсин. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкам қилиб, халқимиз ҳаётини яна ҳам фаровон бўлишини насиб айласин.

 

Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби

Read 1656 times

Мақолалар

Top