Мақолалар

Ризқни кенг, умрни узун қилувчи амал

Халқимизда қавм-қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта аҳамият берилади. Қариндош уруғлар билан яхши муомала қилиш ризқни кенгайтиради ва умрни узайишига сабабчи бўлади. Ривоят қилишларича бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Менга умрни узун қиладиган, ризқимни кенг қиладиган амални ўргатинг" деб сўрабди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ризқини кенг бўлишини ва умрини узун бўлишини истаса қариндош уруғлар билан яхши муомала қилсин”, деб жавоб бедилар.

Узоқлашиб кетан қариндошларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш юксак инсоний фазилатлардандир. Бу юксак инсоний фазилатга кўра, қариндош қариндош эмас, балки қариндошлик муносабатларини тикловчи киши қариндошдир. Бу ҳақда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки қариндошлик алоқаларини тикловчи киши қариндошдир”, деганлар.

Қариндошлардан узилиш, улар билан муомала қилмаслик, улардан кечиш оғир гуноҳ ишлардан ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадисда: “Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир”, дейилади.

Халқимиз удумига кўра қариндош уруғларга нисбатан ҳамиша мурувватли бўлинади. Улар қилинаётган яхшиликларга ёмонлик билан жавоб беришса ҳам, уларга яхшилик қилишда давом этилади. Қариндошлардан айб изланмайди, уларнинг ҳатти-ҳаракатларидан яхшилик қидирилади.

  Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Мен қариндошларим билан алоқани яхшилашга ҳаракат қиламан, аммо улар менга нибатан ёмон муомала қилишади, мен уларга яхшилик қилсам. Улар менга доимо ёмонлик билан жавоб беришади. Мен улар билан алоқани узсам бўладими?” деб сўрабди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, унда сени ёмон қариндошлардан фарқинг қолмайди. Ёмон қариндошлар жиноятини сен ҳам давом эттирган бўласан . Сен қариндошларингни қандай муносабатда бўлишларидан қатъи назар уларга худо учун яхшилик қилишда давом эт. Ана шунда сени яхши одам эканлигинг маълум бўлади”, деганлар. Шу туфайли ҳар қандай ҳолатда ҳам қариндошларга яхшилик қилинади. Шу туфайли ҳадисда: “Қариндош-уруғлардан узилиб кетган киши жаннатга кирмайди”, дейилади.

Қариндошлик одобларига амал қилиш  халқимиз ҳаётида сингиб кетган юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бу фазилат туфайли халқ орасида бирдамлик, хотиржамлик, оқибатлилик каби инсоний хислатлар мустаҳкамланиб боради.

 

Р. Акбаров

 ЎМИ нинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

Read 1697 times

Мақолалар

Top