Мақолалар

Арафа қандай кун?

Маълумки, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит байрами бўлади. Ундан олдинги бир кунни эса халқимиз Арафа куни дейди.

Хўш, Арафа қандай кун?

“Арафа” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида "билиш", "таниш" каби маъноларни англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Арафа – (арабча) Макка яқинидаги тоғ номи; билиш, таниш. Қурбон ҳайитидан олдинги кун” деб изоҳланади.

Баъзилар "ҳаж қилувчиларнинг асосий зиёрати Арафот тоғида ўтганлиги ва ана шу куннинг эътиборидан ҳайитдан олдинги кун арафа куни дейилади", дейишади. “Ислом энциклопедия” китобида бундай изоҳ берилади: “Арафа-(араб. – билмоқ, танимоқ, маърифат ҳосил қилмоқ). 1) ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича 12 ой (Зулҳижжа)нинг 9 куни номи. Куннинг арафа деб аталишига сабаб Иброҳим алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом ҳаж ибодатининг арконларини ўргатган. Шу боис ҳожилар зулҳижжа ойининг 9 куни Арафот тепалигига чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат, дуо ва илтижо билан машғул бўлишади; 2) Ҳайитдан олдинги кун. Шундан келиб чиқиб, мусулмон халқлар орасида тантанали, оламшумул воқеалар ва байрамлар олдинги кун ва муддатни ҳам Арафа деб номлаш одатга айланган[1]”.

Айримлар эса арафа чин ва ёлғон арафа кунларидан иборат дейишади.  Уларнинг фикрига кўра, арафа кунидан олдинги кунни ёлғон арафа куни ҳисобланади. Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳиссалом туш кўрадилар. Тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга буюриладилар. Аммо Иброҳим алайҳиссалом бу бир туш деб ўйлаб, тушни ёлғон ёки чинлигига шубҳада бўладилар. Туш кўрилган ўша кун ёлғон арафа куни бўлиб қолди дейишади. Эртасига Аллоҳ таолонинг инояти билан Иброҳим алайҳиссалом яна ўша тушни қайта кўрадилар. Шу жиҳатдан бу кун чин арафа куни дейилади, дейишади.

Арафа куни дунё кунларининг ичидаги энг хайрли кунларнинг биридир. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да бундай марҳамат қилади: “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфтга, тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3-оятлар).  Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам, деяпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар намоз, рўза, садақа, ҳаж жамланган. Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва жонлиқ сўйиш бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқалардан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло айтади: "Маълумки кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари (ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)" (Ҳаж сураси, 28-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розиялоҳу анҳу ушбу оятдаги “маълум кунларни” зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир[2]”.

Арафа кунида Аллоҳ таоло Ўзининг динини комил қилиб берилгани ҳақидаги оятни нозил қилган: "Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да бундай дейилади: “Мазкур ояти карима Арафа куни нозил бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўнинчи йили ҳаж қилиш учун Маккага бордилар ва Арафотда машҳур хутбаларини қилдилар. Хутбани тамомлагач, уч марта: “Аллоҳим, шоҳид бўл!” дедилар. Худди шу пайтда юқоридаги ояти кариманинг охирги жумлалари нозил бўлди. Имом Бухорий бундай ривоят қилади: “Бир яҳудий Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб, “Сизлар бир оятни ўқийсизлар, агар ўша оят бизга нозил бўлганида, уни байрам қилиб олган бўлур эдик”, деди. “Мен ўша оятнинг қачон, қаерда, қандай нозил бўлганини биламан. Аллоҳга қасамки, бу арафа куни бўлиб, биз ҳам Арафотда эдик”, дедилар ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу[3]”.

Арафа кунида Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини мағфират этади, кўп бандаларини дўзахдан озод қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Арафа кунидан кўра Аллоҳ унда бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқ", деганлар (Имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У яқинлашиб, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади" (Имом Муслим ривояти).

Ибн Абдул-Барр айтадилар: «Бу ўша бандаларнинг гуноҳлари мағфират этилганига ишорадир. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳ-маъсият аҳли билан ҳеч қачон фахрланмайди. Фақат тавба ва мағфиратдан сўнг бу нарса бўлиши мумкин».

Арафа байрам қилинадиган кундир, чунки у байрам кунлар сирасига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз – Ислом аҳлининг байрамимиздир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Арафа кунида нафл рўзаси тутган киши икки йиллик гуноҳларига каффоратни қўлга киритади. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шуни эслатиб ўтамизки, бу йилги Арафа куни 19 июль кунига тўғри келади. Келаётган Арафа кунини Аллоҳ таоло барчамизга хайрли қилсин! Аллоҳ таоло Арафа кунида қиладиган дуо, ибодатларимизни, хайрли амалларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин! Барчамизни икки дунё саодатига етказсин!

Р. Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими

 

[1] Ислом энциклопедия. Ўзб. МЭД илмий нашриёти. Т. 2017. 66-бет.

[2] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. “Шарқ”нашриёти. МАКБТ. -2019. 6-жуз. 589-бет. 

[3] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. “Шарқ”нашриёти. МАКБТ. -2019.  3-жуз. 525-бет. 

 

Read 7894 times

Мақолалар

Top