Мақолалар

Ашраф Али Таҳонавийнинг 3 насиҳати

 

Аллоҳ таоло инсон зотини яратиб унга ўзининг кўп неьматларини ато этган. Зотан бу неьматларнинг шукрини адо қилиш банданинг зиммасидаги абадий бурчи саналади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло берган бу неьматлардан оқилона фойдаланиш ҳам унинг вазифасидир. Инсонга ато этилган неьматлар ичида катта бебаҳо неьмат борки, у орқали инсон муомалага киришади, ўз фикрини мустақил баён этади. Бе неьмат тил неьмати деб аталади. Бу аьзо шундай қувватга эгаки бир оғиздан чиқадиган бир сўз ёки ибора бир инсонни ёки бутун инсонлар жамоасини хурсанд этиши ёхуд уларнинг қалбини ларзага келтириши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Беҳуда ишларни тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир” деган муборак ҳадислари мусулмон киши ўзига манфаат бермайдиган хар қандай ёмон, ёмон ахлоқ ва амалларни тарк қилишига ишорадир. Мана шу сабабдан Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Одам боласи тонг оттирганда, тана аьзоларининг ҳаммаси тилга танбеҳ бериб - “Бизнинг тўғримизда Аллоҳдан қўрқ! Биз (нима ахволга тушсак хам) сен сабабли (тушамиз). Агар тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар эгри бўлсанг биз ҳам эгри бўламиз” дейишади” деганлар. Имом Кархий: “Инсон ўзига фойдасиз нарсани сўзлаши Аллоҳ томонидан хорланиши билан баробардир”, деганлар. Демак, тонг отгандан бошлаб турли ўзига манфаат бермайдиган нарсаларни сўзлаши инсоннинг ўзига зарар беришдан бошқа нарса эмас экан. Улуғ тобеьинлардан бўлган Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳи: “Аллоҳ таоло бирор бандани фойдасиз ишда машғул қилиб қуйиши ундан юз ўгиришининг аломатидир”, деганлар. Бугун сўзлаётган ва бажараётган амалларимизга бир назар ташласак нимага эришаётган эканимизни биилиб олишимиз мумкин бўлади.

Ўтмишда ўтган улуғ алломалардан Имом Муновийнинг “Файзул қодир” номли китобида бундай келтирилади: “Ибн Арабий айтади: “Машойихларимиз ҳар доим кун давомида гапирган сўзлари ва қилган ишларини ҳисоб-китоб қилиш учун қайд қилиб борардилар. Хуфтон намозини адо қилгач, дафтарга қараб ўзларини ҳисоб-китоб қилар, агар истиғфорга ҳақли иш кўрсалар, истиғфор айтар, тавбага лойиқ бўлса, тавба этар, шукр талаб амалларда шукрона келтириб, сўнг ухлар эдилар”. Албатта ислом билан танилган улуғ машойихлар барча нарсада ибрат ва намуна эдилар. Бутун бир кунлари давомида қилган амалларини ёзиб бориш ва уни таҳлил қилиш орқали ўша айб ва нуқсонлардан ўзларини йироқ тутишган. Шу сабабдан ҳаётлари ва умрлари билан бир умр бизга ўрнак бўлганлар.

Инсон ҳаётига назар ташлар экан баьзида қалби қотганлиги, ибодати унга таьсир этмаётганидан нолийди. Ваҳоланки унинг қалбининг қотишлигининг катта сабаби бор. Бу ҳақда Молик ибн Динор айтади: “Агар қалбинг қотганлиги, баданинг заифлашгани ва ризқингда маҳрумликни кўрсанг, огоҳ бўлгинки, сен ўзингга фойда бермайдиган нарса тўғрисида гапиргансан”.

Юнус ибн Убайд айтади: “Киши ўзига манфаат келтирмайдиган бир сўзни тарк қилиши бир кун рўза тутишидан афзалдир.”

Имом Шофеъий айтади: “Ким Аллоҳ қалбини нурлантириб қуйишини хоҳласа, беҳуда гапларни тарк қилсин”.

Имом Шофеъий айтади: "Уч нарса ақлни ўткирлаштиради.

  1. Уламолар билан ўтириш;
  2. солиҳлар суҳбатида бўлиш;
  3. беҳуда гап-сўзлардан тийилиш".

Умматнинг ҳакими Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ  Муҳаммад  Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳга  бундай васият қилган: “Албатта фарз, вожибларни адо қилиш, суннат ва мустаҳабларга риоя этиш хос-авом мусулмонга бирдек лозимдир. Лекин сенга уч амалда бардавом бўлишингни васият қиламан:

  1. Аллоҳга  тақво қилгин. Зеро, у намоз, рўза ва зоҳирий муомалот масалалари билан чегараланмаган. Балки ботиний амалларда ҳам тақво риоясини қилиш вожибдир. Шундай экан, тақво зоҳирий амалларда кўрингани каби ботинийларида ҳам руёбга чиқсин.
  2. Фойда келтирмайдиган нарсалардан четлан. У хоҳ амал, хоҳ калом бўлсин фарқи йўқ.
  3. Ҳар куни озгина бўлса-да, Қуръон тиловатида бардавом бўл. Бундан ташқари, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, “Астағфируллоҳ” каби зикрларни такрорлашда ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаш ҳамда намоздан сўнг айтиладиган тасбеҳларда бардавом бўлгин.

Шундай экан, юқоридаги ўгитларга амал қилиб, ўтаётган ҳар бир лаҳзамизни ғанимат билишимиз, бизга берилган тил неъматидан унумли фойдаланишимиз керак. Зеро, вақтимизни беҳуда гап-сўзларга совуриш ўрнига, илм-фан, касб-ҳунар, таълим-тарбия ва жамиятимиз фаровонлиги йўлида сарфласак, икки дунё саодатига эришамиз. Аллоҳ таоло бизларга ато қилган барча неъматларидан оқилона фойдаланишимизни насиб айласин.


Алишер ЖУМАЕВ,

Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби

 

Read 2077 times

Мақолалар

Top