Мақолалар

Ҳар соҳанинг ӯз мезони бор

Бир соҳанининг тасдиқлаш мезони бошқасидан, бир илмники бошқа илмникидан фарқ қилади. Масалан, Қуръони каримнинг ишончлилиги тавотур мезони билан тасдиқланади. (Тавотур – ривоят қилувчиларнинг ҳар бир табақасида ёлғонга келишиб олишлари мумкин бӯлмайдиган даражадаги кӯпчилик томонидан хабарнинг етказилиши. Бу тасдиқлаш мезонининг энг юксак талаби бӯлиб, ишончлиликнинг энг юқори даражасини ифода этади. Шу боис, бу мезон энг олий калом бӯлмиш Аллоҳнинг каломи Қуръони карим учун шарт қилиб қӯйилган). Шунинг учун оҳод йӯли билан (яъни, тавотур даражасига етмаган шахсларнинг хабар бериши орқали) ривоят қилинган қироат кӯринишларига "шозлик" (яъни камлик, озчиликка тегишли) деб ҳукм қилинади. (Бинобарин, бундай шоз қироатларни "Қуръон" деб қатъий равишда ҳукм қилиш жоиз бӯлмайди).


Ҳадисларда эса оҳод хабарлар қабул қилинаверади. (Зеро, ҳадисларнинг аксарияти оҳод йӯли билан ривоят қилинган бӯлиб, улар шаръий ҳукмлар учун Қуръони каримдан кейинги иккинчи шаръий манба ва далил сифатида эътироф этилади).
Аммо, ёзилган китоблар ва айтилган фикрларнинг ӯз эгаларига нисбат берилиши масаласига келсак, илм аҳллари орасида ана шу китоб ёки фикрнинг ӯз соҳибига нисбат берилгани ва унинг машҳурлиги билан ёки бу нисбат эгасининг шогирдлари ва издошлари томонидан унинг эътироф этилиши билан тасдиқланаверади. Агар мазкур нисбат соҳибининг шогирдларидан бирор киши ана шу нисбатни инкор этмаса, у собит бӯлади. Чунки кишининг шогирдлари у инсонни ва унинг айтган фикрларини бошқалардан кӯра яхшироқ билади.


Мана шу ӯринда икки ҳолатда йӯл қӯйилаётган хатолик равшан бӯлади:
1) Айрим уламоларга уларнинг шогирдлари ва издошлари билмаган фикрлар, йӯналишларни ва ҳатто, ӯз фикридан қайтганликни нисбат бериш. Масалан, Имом Ашъарий ёки бошқа имомларга (ӯз китобларида ёзган фикрларидан) қайтганликни нисбат бериш хатоси учраб турибди.


2) Нисбатнинг санадидаги баъзи кишиларни "заиф" ҳисоблаш оқибатида айрим китобларни ӯз эгаларига нисбат берилишини инкор этиш хатоси содир бӯлмоқда. Масалан, ровийларнинг баъзиларини "заиф" ҳисоблаб "Ал-Фиқҳул-акбар" китобини Абу Ҳанифа (роҳимаҳуллоҳ)га нисбатини инкор қилувчилар чиқиб қолди. Ҳолбуки, бир китобни ӯз соҳибига нисбатини тасдиқлашда ҳадиснинг ишончлилигини тасдиқлаш учун талаб қилинадиган шартлар талаб қилинмайди. Балки, бу нисбатнинг машҳурлиги ва нисбат эгасининг шогирдлари томонидан у инкор этилмаганининг ӯзи бу нисбатнинг ишончлилигини тасдиқлаш учун кифоя қилади.

Доктор Аҳмад Даманҳурий.

Таржимон ва изоҳлар муаллифи Мир Араб олий мадрасаси ӯқитувчиси Маҳмудов Асрорхон.

Read 1549 times

Мақолалар

Top