Мақолалар

Тирноқ қандай олинади?

Ҳар бир амалнинг маълум бир қоидалари бўлганидек, тирноқ олишнинг ҳам ўз тартиби бор. Инсон тирноқларини олиб юриши лозим. Чунки тирноқ орасига  ҳар хил кир-ифлосликлар кириб қолиб инсон соғлигига зарар етказади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу анҳу ўн беш аср илгари: Тирноқларингни олиб юринглар, Шайтон бармоқ учи ва тирноқларинг орасига ўз уруғини қўяди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Шайтоннинг уруғи – тирноқ учидаги қорайиб турган кирлардир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шайтон уруғи деб ҳозирги тиббиёт тили билан айтганда, зарарли вирус, бактерияларни айтганлар. Тирноқ олишимиз билан соғлигимиз учун  зарарли бактериялардан қутиламиз. Шу сабаб Ислом дини тирноқларни олиб юришга тарғиб қилади.

Динимизда тирноқ олиш суннат амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий марҳум Усмонхон Алимов ҳазратлари бундай ёзганлар: “Тирноқ олиш суннат амаллардан. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам мўйлабни қисқартиришга, тирноқ, қўлтиқ ва киндик таги тукларни олишга буюрганлар.

“Туҳатул ахбор” китобида тирноқ олиш тартиблари бундай баён қилинган: “Тирноқ олиш ўнг қўл кўрсаткич бармоғидан бошлаб бош жимжилоғигача олинади. Сўнг чап қўл жимжилоғидан бошлаб бош бармоғи тирноғини олиб, охирида ўнг қўлнинг бош бармоғи тирноғи олинади. Бошқача кўрсатилган йўллари ҳам бор,оёқ тирноқлари ўнг оёқ жимжилоғидан бошланиб, чап оёқ жимжилоғида тугатилади”. Яъни, ўнг қўлда бошлаган тирноқ олиш яна ўнг қўлга келиб тугайди. Оёқ тирноқлари эса ўнгдан бошланиб, чапида тугайди.

“Аврод”нинг шарҳида: “Кундузи ёки тунда хоҳ шанба, хоҳ якшанба бўлсин, тирноқ олинаверади, яхши иш ортга сурилмайди. Кунлардан ирим қилиш-бидъатчининг иши” , дейилган. Тирноқни тиш билан олиш мумкин эмас. Тирноқ ерга кўмилади. Жунуб киши ғусл қилмасдан олдин соч ёки тирноқ олиши макруҳ бўлади.

Динимизда қўлтиқ ва киндик ости туклардан покланишга тарғиб қилади. У қўлтиқ ва киндик ости тукларини ўстириб юришни нопоклик ҳисоблайди. Инсон қўлтиқ ва киндик ости тукларини олиш билан вужудий покланади. Киндик ости тукларни киндикдан бошлаб олинади. Бу жойларда тук олинмаса,  у ерда кир тўпланиб қўланса ҳид тарқатади. Ёки тери касаллигини келтириб чиқаради. Қўлтиқ ва киндик ости тукларини ҳар 15 кунда олинади. Уларни 40 кундан ўтказиб, олмай юриш макруҳдир. Шу сабабли Ислом дини мўйловларни қисқартириш, тиноқларни олиш, қўлтиқ ва киндик ости мўйларни тозалаш, хатна қилдириш, мисвок тутиш каби ишларга тарғиб қилади” ( Ислом нури газетаси. 2012 йил 15-январ. 1-сон. ). 

Тирноқ ва соч толаларини ерга кўмиш фазилатли амал ҳисобланади. Бу ҳақда  Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бундай ҳикоя қиладилар: “Макканинг йўлида соч оладиган сартарош мендан учта хато топди. Хатолардан бири соч олдиришда юзимни қиблага қараб турмаганим, иккинчиси эса соч олдирарда ўнг томонимни тутмаганим ва учинчиси эса сочимни олинганларини ерга кўмишга ҳаракат қилмай кетаётганим бўлди”.

Соч ва тирноқларни ерга кўмиш ҳақида ота-боболаримизнинг қадимий китоби  “Чор китоб”да бундай дейилади: “Олинган тирноқ ва қирқилган соч ва ҳайз хирқаси ва тушган тиш ва фасод қони ва шунга ўхшаганлар одам аъзосининг жузъий қисмлари бўлгани учун ( кўмилмоғи) дафн қилинмоғи талаб этилур.

Бу ҳақда “ Чор китоб” да бундай шеър берилади:

Етти нарса бордур инсон танида,

Расулдан меросдур уларни кўммоқ.

Гўдак туғилганда ўралган парда,

Ул неки хатна зиёда ҳар чоқ.

Нифосдан ул лаҳза ҳайз ҳирқаси,

Сочу тиш, тирноғу қонгача мутлоқ”.

Қўл тирноқлари ҳар ҳафтада, оёқ тирноқлари эса 12-15 кунларда олинади. Тирноқларни олиб юриш инсон поклиги ва соғлиги учун фойдали ишлардан ҳисобланади.

Руҳиддин Акбаров,

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Read 5789 times

Мақолалар

Top