Мақолалар

Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида бўлайлик!

 

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” мавзусидаги суҳбатида: “Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айланади. Мен бунга нафақат ишонаман, балки шу йўлда бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни сафарбар этишга ҳамиша тайёрман. Барча юртдошларимизни ана шундай улуғ сафда – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга даъват этаман”, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, юртимиз кун сайин, соат сайин тараққий этмоқда. Барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишдаги ислоҳотлар ҳам изчиллиги, халқчиллиги, маърифатга асосланганлиги билан эътирофларга сазовор бўляпти.

Истиқлолни қўлга киритганимизга 30 йил тўлади. Бу давр тарих саҳнида унча катта давр эмас. Лекин шу йилларда, айниқса, сўнгги 4-5 йилда бажарилган ишларни кўриб кўз қувнйди, дил яйрайди. Табийки, буларнинг барчаси шу азиз Ватанган муҳаббат, шу буюк миллатга ҳурмат натижасидир.

Аллоҳ таоло ҳазрати инсон қалбига Ватанни севиш туйғусини жо айлади. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар“Одам Ватанини, гарчи у чўл бўлса ҳам, борича севади. Ватанга муҳаббат туйғуси – савқи илоҳий. Инсон ватанидан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди”.

Буюк Раббимизнинг илоҳий амрига мувофиқ (Аҳзоб сураси, 21-оят), мўмин киши ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ибрат олишга интилади. Чунончи, Набий алайҳиссалом Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳзун ҳолда она шаҳри Маккага қайта-қайта қараб: “Қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши маконисан ва Алоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар мени сендан чиқармаганида асло чиқмасдим”, деганлар (“Фатҳул борий”).

У зот ўзлари туғилиб-ўсган Макка шаҳри соғинчи боис қаттиқ қайғуга чўмдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: (Эй Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир” (Қасас сураси, 85-оят) оятини нозил қилгач, таскин топдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб, Мадина кўчаларини кўргач, туяларини ниқтаганлар. Имом Ҳумайднинг ривоятида: “Мадинани севганларидан уловни ниқтардилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга, Ватанни севиш жоиз эканлигига ҳам ишора қилади”, деганлар.

Алишер Навоий ҳазратлари бежиз:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжу ғурбат ҳавас айлама, дея лутф этмаган.

Ўзбекистон аталмиш гўзал заминда халқимиз бир мақсад йўлида бирлашиб, муҳтарам Юртбошимиз атрофида жипслашиб ёрқин келажак, юксак тараққиёт сари йўл тутмоқда. Ўз навбатида, Ватан ўз халқига ҳам аҳилликда ҳикмат кўплигидан сабоқ бераётгандек.

Эътиборингизни яқин ўтмишда орзу қилиш ҳам мумкин бўлмаган, истиқлол туфайли, айниқса, сўнгги 4-5 йил мобайнида воқеликка айланган тараққиёт йўлимизнинг ҳаммамизга ойнадек аён кўрсаткичларига эмас, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган, бир қарашда оддий туюлган ҳақиқатларга қаратмоқчиман.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида мамлакатимиз мўмин-мусулмонларининг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш, масжидларни давлат рўйхатидан ўтказиш, янгидан қуриш, таъмирлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 14 та масжид Адлия вазирилигидан рўйхатдан ўтказилди, 42 масжидан янгидан қурилди, 88 таси таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, айни пайтда 180 дан зиёд масжидда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. 41 та масжиднинг лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланяпти...

Булар шунчаки рақамлар эмас, балки тинимсиз меҳнат, Ватан, дин, эл қайғуси йўлида тонгни тунга, тунни тонгга улаб қилинган хизматлар самараси, эзгу амаллар натижасидир.

Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг савоби жуда улуғ. Чунончи, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир кеча кундуз “рибот”, (яъни душмандан қўриқлаб чиқиш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Мухтасар айтганда, замонлар ўтиши, асрлар алмашиши билан ҳамма нарса унутилиши мумкин. Лекин динга ва Ватанга қилинган хизмат асло унутилмайди. Аллоҳ таоло ўзини шу азиз юрт фарзанди ҳисоблаган ҳар бир юртдошимизга умрини халқ манфаати, юрт тараққиётига хизмат қиладиган ишлар билан ўтказишини насиб айласин!

Ҳар биримиз муҳтарам Юртбошимизнинг давъатларига лаббай деб, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафидан жой олайлик!

 

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 1711 times

Мақолалар

Top