Мақолалар

Барча пайғамбарларнинг суннати

Албатта, инсон касб кор қилиб, ҳалол меҳнат қилса, унинг турмуши лаззатли бўлади. Яхши касб кор қилиш ҳалол меҳнат қилишнинг энг муҳим жаҳатидир. Инсон ҳалол меҳнат билан халқ орасида обрў ва шараф топади.  Уламоларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин этадиган миқдорда меҳнат қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун меҳнат қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини беками-кўст адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Банда бунга фақат меҳнат қилиш билангина этишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим Жума сураси 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, ҳалол меҳнат қилишлик динимизда буюрилган иш экан.

Ҳаким Абул Қосим айтадилар: “Ҳалол меҳнат қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини беркитади, пасткаш ғийбатчининг тилини кесади”.

Касбу ҳунарли, меҳнаткаш бўлиш ўтган барча пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг одатидир. Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Иброҳим алайҳиссалом газлама савдоси, Закариё алайҳиссалом ҳам дурадгорлик билан шуғулланганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам савдогарлик касби билан шуғулланганлар. Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари, касблари билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи лозим.

Шу пайтгача ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, таъмадан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдирки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур.

Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи мақсадга мувофиқдир. Чунки, ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Улуғларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати ҳалол меҳнат ва касб орқасидан дейишган. Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Инсон Аллоҳ таоло берган қобилияти ва ақл идроки туфайли орттирган касбидан фақат хайрли мақсадларда фойдаланиши, ўзидан сўнг шогирдлар етиштирмоғи ҳам зарурдир. Аллоҳ таоло ризқларимизни ҳалол меҳнат ва касбу-корларимиздан ато қилсин!

 

М. Қораев,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги

вакили ўринбосари.

 

Read 1696 times

Мақолалар

Top