Мақолалар

Ҳурриятни азиз билганлар ҳурмати

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

   Ҳуррият. Унинг қадр-қимматини истилочиларнинг зулми, зуғумидан азият чеккан, уларнинг шум ва маккор ниятини ақл кўзи, теран идрок билан илғай олган аждодларимиз муқаддас билганлар.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 майдаги "Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида"ги фармонига кўра, мана йигирма йилдирки, мамлакатимизда 31 август– Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади.

    Шўролар замонида "қатағон", "репрессия" сўзлари миллионлаб хазон бўлган умрлар, ҳаётдан бевақт кўз юмган инсонлар, уларнинг пароканда оилаларини, тарихнинг чигал саҳифаларию мустамлакачиларнинг асл қиёфаси, мақсад-муддаоларини ўзида пинҳон этгани рост. Тарихчи олимлар ўтмишнинг гоҳи оқ, гоҳи қора доғлари, деб талқин этган бу оғир кунлар, йиллар, ўтмишнинг оғир силсиласи мустабидчилик ғоясининг инсонни ўзлигидан, маънавияти, тарихи, миллий ори-ғуруридан мосуво этиш, уни манқуртга, қулга айлантиришдек мудҳиш ниятларни кўзлагани энди ҳеч кимга сир эмас!

     Аслида олимларимиз, ижодкор зиёлилар бу мавзуни астойдил  тадқиқ этиши ўтган аср саксонинчи йилларининг ўрталари, охирроғидаги даврдан бошланган, десак тўғрими, йўқми, буёғи тарихчилар ҳукмига ҳавола. Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши, мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмаслигига оид фикрлар истиқлол йилларидан бошлаб янада баралла янгради.

Халқимизнинг ана шундай минг-минглаб фидойи ва матонатли ўғил-қизларининг хотирасини эслаш, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат руҳини шакллантиришга эътибор кучайди.

     Мамлакатимизда "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. "Шаҳидлар хотираси" жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда.

     Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрда қабул қилинган "Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишига мувофиқ мазкур йўналишдаги ишлар янгича маъно-мазмун, шаҳду шиддат олди, десак янглишмаймиз.

    Тегишли тарзда комиссиялар, ишчи гуруҳлар тузилиб, "Йўл харитаси" белгиланди. Архивлар, маърифат масканлари, ҳуқуқ идораларида олимлар, тарихчи ва экспертларнинг ишлари янада авж олди. Аслида бу борадаги барча ишларнинг чеки, ҳудуди,чангалзору чакалакзорининг адоғи йўқ, қоронғу ўрмонда минг машаққат билан олиб борилаётган ишларга қиёсласак, бўлади. Тарихчилар, олимлар, экспертлар, тегишли соҳа мутахассислари тиним билмадилар. Қанчадан-қанча аждодларнинг пок номлари тикланди.

   Истиқлол байрами арафасидаги мунаввар тонгларда ҳақиқат асло синмаслиги яна бир карра аниқ бўлди.

 

 Назокат Усмонова, ЎзА

Read 1788 times

Мақолалар

Top