Мақолалар

Байрам муборак бўлсин!

Мана, Мамлакатимиз Мустақил бўлганлига ҳам ўттиз йил бўлди. Бу ўтган йиллар давомида Ватанимизда ва шахсий ҳаётимизда кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлди. Айниқса, диний соҳада қилинган ислоҳот ўзининг яхши самарасини бера бошлади. Ислоҳотлар туфайли рўй берган янгиликларнинг барчасини бу мўъжазгина мақолада айтиб ўтишнинг имкони йўқ.

Маълумки, бутун дунёда коронавирус хасталиги тарқаб, инсоният ҳаётига хавф солмоқда. Қўшни Афғонистон мамлакатида эса нотинчлик ҳукм сурмоқда. Ўз юртидан бошқа юртларга кетаётган қочқинлар кўпайган, бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилмоқда. Мана шундай даврда биз ўз юртимизда соғ-саломат, тинч–хотиржам яшашимизнинг ўзи катта бир неъмат.

Умуман айтганда, барча неъматлар учун Аллоҳ таолога қанча шукр қилсак, шунча оз. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида бундай марҳамат қилади: "... агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз,  албатта, (уларни янада) зиёда қиламан..." ( Иброҳим сураси, 7-оят).

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири Ирфон”да бундай дейилади: “Шукр сўзи аслида "миннатдор бўлиш", "раҳмат айтиш" маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва у рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани,  танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тингчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – Ўзига итоат қилишимизни, неъматлартга шукр айтишимизни талаб қилади, холос”.

Барчаси учун Аллоҳ таолога шукр қилган ҳолда, мамлакатимиз фуқароларини Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан табриклаймиз. Барчамизга байрам муборак бўлсин!

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими.

Read 1783 times

Мақолалар

Top