Мақолалар

Имом Бухорийнинг буюк олим бўлиб етишишида ота-онасининг ўрни ва хизматлари

Ислом динида фарзанд тарбияси ибодат даражасидаги амаллар қаторига киради. Шу сабабли донишманд ота-боболаримиз, оқила оналаримиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор бериб келган. Тарихга назар ташласак, бунга жуда кўп мисолларни кўрамиз. Жумладан, муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг буюк олим бўлиб етишишида ота-онасининг улкан хизматлари, узоқ йиллик машаққатлари мужассамдир. 

Имом Бухорийнинг отаси Исмоил ибн Иброҳим ўз даврининг етук муҳаддисларидан бўлиб, Имом Моликнинг шогирди ва асҳобларидан саналган. Манбаларда унинг Ҳаммод ибн Зайд, Имом Молик ибн Анас ва Абу Муовия каби йирик муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг суҳбатида бўлиб, у зотдан тарбия топгани ҳақидаги маълумотлар қайд этилган. Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн каби ироқлик бир қанча олимлар унинг шогирдларидан бўлган. Аллома Исмоил илм олиш ва уни тарқатиш билан бир қаторда тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган.

Манбаларда зикр қилинишича, Исмоил Бухорий ўта тақводор, художўй, одил инсон бўлган. Тарихчи Аҳийд ибн Ҳафс: “Абу Муҳаммад (Имом Бухорийнинг отаси) бандаликни бажо келтираётган маҳал уни зиёрат қилишга борганимда, менга: “Бор молу дунёимдан на ҳаром йўл билан, на шубҳали, нопок йўл билан топилган бир дирҳамни ҳам билмайман”, деб илтижо қилганида нафасим бўғилиб, бор вужудим унинг улуғворлиги олдида арзимас бир нарсадек туюлди,” деб ёзган.

Шунингдек, манбаларда Имом Бухорийнинг отаси Исмоилга хос бўлган яна бир талай инсоний фазилатлар зикр этилиб, бундай хусусиятлар ўша даврдаги камдан-кам инсонларда учрагани ҳақида ҳам қайд қилинади. Буюк шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомий ҳам “Батҳо (Макка атрофидаги тепаликлар номи) ва Ясрибда (Мадинада) ясалган танганинг сайқали Бухорода камолига етди,”[1] деган сўзлари орқали мана шундай тақво ва илм билан зийнатланган насаб ортидан Бухорои шарифда буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг етишиб чиққанига ишора қилади.

Буюк муҳаддиснинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва оқила аёл бўлганлар. Унинг асл исми манбаларда учрамайди, чунки у тақводорлиги ва кўп ибодат қилиши, илмли ва оқилалиги билан танилгани сабабли эл орасида асл исми унутилиб, каромат соҳибаси сифатида “Дуоси мустажоб аёл” номи билан машҳур бўлиб кетган. Имом Бухорийнинг улуғ аллома бўлиб етишишида отасининг тақвоси-ю онасининг ихлос ила қилган дуо-ю ибодатларини жуда катта ўрни бор.

Туғилганида ота-онаси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан табаррукан гўдакнинг исмини Муҳаммад деб қўйяди. Орадан бир неча йил ўтиб, ёш Муҳаммаднинг отаси Исмоил вафот этади. Имом Бухорий тўрт ёшлар атрофида кўзи жароҳатланиб, кўриш қобилиятини йўқотади ва табиблар ҳарчанд уринмасин, уни даволай олмайди.

Шу ўринда Имом Бухорийнинг онаси тимсолида буюк жасоратни ҳамда бошқа аёлларга юксак намуна бўладиган улкан бир матонат намоён бўлади. Ҳам турмуш ўртоғидан айрилган, ҳам фарзандига етган бундай мусибатдан ёш Муҳаммаднинг онаси ўзини йўқотиб қўймади. Аксинча, кундузлари ўғлининг таълим-тарбияси билан шуғулланиб, уни илм олишга рағбатлантирар, тунларини ихлосу ибодат билан бедор ўтказиб, Яратгандан ўғлининг кўз нурини қайтаришни тинмай илтижо қилиб сўрар эди.

Дарҳақиқат, ота-боболаримиз “Она фарзанд учун энг биринчи ва олий мадрасадир,” деб тўғри айтган. Оқила аёлнинг тарбияси билан кўзи ожиз бўлишига қарамасдан ёш Муҳаммаднинг илмга, айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини ёд олишга рағбати кундан кун ошиб борди.

Кунлардан бир куни онаси тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўради. У зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: “Эй волида! Сенинг беҳисоб дуоларинг шарофатидан Аллоҳ таоло ўғлингга мукаммал кўриш қобилиятини қайтарди”, дея хушхабар айтади. Уйқудан уйғониб ўғлининг қароқларида нур жилваланиб, кўзларига олам қайтадан нурафшон бўлиб турганини кўради. Оқила она Аллоҳ таолога шукрона ибодатини қилиб, фарзандлари ҳаққига узундан узун дуолар қилиб тонг оттиради.

Бу ҳақда Абу Али Ғассоний бундай дейди: “Муҳаммад ибн Исмоил ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолган. Онаси тақводор аёл бўлиб, тушида Иброҳим Ҳалилуллоҳни кўрганида, ул зот: “Беҳисоб дуолар қилиб йиғлаганингдан Аллоҳ таборак ва таоло ўғлингнинг кўзини қайтарди”, дейди. Она: “Эрталаб уйғониб Аллоҳ ўғлимга кўзини қайтарганини кўрдим”, деган”.

Аввал яшаб ўтган улуғ донишмандларимиз: “Ҳар бир буюк инсон ортида бир аёл бор”, деб бежиз айтмаган. Дарҳақиқат, Имом Бухорийнинг буюк аллома бўлиб етишишида онаи меҳрибонининг бошқа оналарга намуна бўладиган даражадаги буюк хизматини алоҳида эътироф этмоқ ва исмидан сифати машҳур бўлиб кетган бу муҳтарама Аёлнинг ҳаёт йўлини бугунги кун оналарга ибрат қилиб кўрсатмоқ керак.

Муқаддас динимиз таълимоти асосида таълим-тарбияни ибодат даражасидаги амал деб билган бир онанинг беқиёс хизмати сабабли бугун бутун олам мусулмонлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан, энг саҳиҳ ривоятлардан баҳраманд бўлиб келмоқда. Бир забардаст, фидойи она сабабли етишиб чиққан Имом Бухорийдек фарзанднинг қолдирган бебаҳо 20дан зиёд асарлари асрлар оша, бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Алалхусус, бу муҳаддис алломанинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўплами бутун дунё мусулмонлари томонидан ҳадис илми соҳасида энг муҳим манба сифатида эътироф этилган.

 

Н.Қобилов,

Имом Бухорий халқаро

илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими.

 


[1] Ал-Муборакфурий. Сийрат, 6-бет

Read 1738 times

Мақолалар

Top