Мақолалар

Яхшиликларнинг онаси

Инсоннинг энг гўзал сифатларидан бири бўлган ҳаё Ислом динида иймоннинг ярмига тенглаштирилади.  Ҳаё доимо инсонни эзгуликка ундаб, ёвузликдан қайтаради. Ҳаёсиз киши ўз қилмишларининг оқибатлари нима бўлишини ўйламай қилаверади, улар ўз манфаати йўлида бошқаларнинг инсоний ҳуқуқларини оёқ ости қилишдан тап тортмайди.

“Бир инсон иккинчи бир кишини ҳаёга даъват қилаётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни ўз ҳолига қўй, ҳаё иймондандир”,  деганларини имом Бухорий ривоят қилганлар.

“Ҳаё ва иймон бир жуфт шохга ўхшайди. Вақтики биттаси кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилади”.

 Машҳур олим Ҳусайн Воиз Кошифий: “Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳич кимда виждон ҳам қолмайди. Кишилар бир-бирларига бефарқ қарайдиган бўлиб қолишади”, деганлар. Демак ҳаёнинг йўқолиши иймоннинг йўқолишига олиб келади.

Бу хусусда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё иймондандир, иймоннинг жойи эса жаннатдадир. Беҳаёлик эса жафодандир, жафонинг жойи эса дўзахдадир”, дедилар.

Ҳаё-барча яхшиликларнинг онаси ва барча нарсани гўзаллаштирувчи зийнатдир. Бу борада Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаҳш қайси бир нарсада бўлса, уни хунуклаштиради. Ҳаё қайси бир нарсада бўлса уни зийнатлайди”, дедилар.

Иймон банда билан Аллоҳ ўртасидаги воситадир. Ушбу воситанинг натижаси ва меваси – нафс тарбияси, ахлоқнинг тўғриланиши  ва амалларнинг яхшиланишидир. Нафсда ҳаё ўрнашсагина инсон хатолардан сақланади, беҳуда, бемаъни ишлардан кўзини юмади.

Кийим-бошда, дин-у диёнатда ва кишилар ўртасидаги барча муомалаларда ҳаё бўлиши керак. Ҳаёсиз одамдан андишасизлик, юзсизлик, виждонсизлик каби иллатлар юзага келади.

ТИИ 4-курс талабаси

Қосимов Абдулваисхон

Read 2124 times

Мақолалар

Top