Мақолалар

Устоз ёди

Жоме масжидимизнинг муаззини, хушовоз ҳофизи Қуръон – Нурулллоҳ қори домламизнинг акалари – Наманган шаҳар, “Шодибек” жоме масжиди имом ноиби, олим ва ҳофизи Қуръон – Аҳмадали домла Убайдуллаев вафот этгани муносабати билан таъзия учун қутлуғ хонадонларига бориб, марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этдик ва Қуръон тиловати ортидан дуолар қилдик.

Собиқ муаззинимиз, марҳумнинг катта укалари Юнусжон қори домламиз кўзларида ёш билан қуйидагиларни сўзлаб берди:

"Қори акам билан жаноза намозига кетаётган эдик. Акам менга "Жанозага кеч қолмайлик, Юнусжон!" дедилар ва бироз вақт ўтар-ўтмас тоблари қочиб қолди. Шу боис уларни тўғри уйга олиб келдим. Акам менга қараб: "Юнусжон, қўлимдан тут!" дедилар. Уларнинг қўлларини тутишим билан: "Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу”, дея шаҳодат ила омонатларини топширдилар...

Амалдаги муаззинимиз, марҳумнинг кичик укалари Нуруллоҳ қори домламиз қуйидаги ҳолатни сўзлаб берди: "Дафндан кейин бир киши олдимизга келди ва таъзия изҳор этиб, шундай сўзларни айтди: "Ухлаб ётган эдим, тушимда бир қанча мўътабар олимлар даврасида ўтирган эканман. Шунда кимдир менга: "Жаннат аҳлининг жанозасига бормайсанми?" деди. Уйқудан туриб сўраб билсам, қори домламиз вафот топган эканлар. Автоуловимни икки километр масофа нарига амаллаб жойлаб, жанозага етиб келдим. Аслида мен уларни деярли унчалар яхши танимайман, йўлим тушганида ортларида атиги беш маротаба жума намозини ўқиганман. Шу сўзни Сизларга айтмасдан кета олмадим"...

Сўзлари давомида муфтийимиз Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратимиз ҳам алоҳида телефон орқали таъзия изҳор этиб, хайрли дуолар қилганларини мамнуният ила билдирдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга хайрли ва гўзал хотима насиб этсин, олим ва ҳофизи Қуръон – Аҳмадали домламизни Аллоҳ таоло Ўз раҳматига мушарраф этсин!

 

Нурали МАВЛАНОВ,

"Абу Бакр Сиддиқ" жоме масжиди имом-хатиби

Read 2762 times

Мақолалар

Top