Мақолалар

Тасаввуфшунослик илмида янги йўналиш

Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази томонидан фалсафа фанлари доктори, Тошкент давлат шарқшунослик университети Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси кафедраси доценти Жаъфар Холмўминов муаллифлигида “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли монография яратилди.

Ўтган ўн тўрт асрлик даврида Ислом таълимоти тасаввуф шаклидаги буюк ғоялар жараёнида ривожланди. Бизнинг давримизга келиб исломшунослик, шу жумладан, тасаввуфшунослик илмлари кенг миқёсда ривожлана бошлади. Узоқ муддатли Исломдан узоқлашиш, унга хурофот ва бидъат деб қараш, одамларни худосизликка, эътиқодсизликка, иймонсизликка даъват этувчи даҳрийлик ғояси барбод бўлгач, қалб ва иймон билан яшашга асосланган турмуш тарзи қарор топа бошлади. Ислом таълимоти, тарихи ва фалсафасини ўрганиш имкониятлари кенгайди.

Кейинги даврда тасаввуфшуносликка доир қатор тадқиқотлар, изланишлар амалга оширилди. Бироқ тасаввуф таълимотининг юраги бўлган тасаввуф фалсафасининг генезиси, эволюцияси ва унинг амалиёти билан боғлиқ масалалар ҳалигача етарли даражада ўрганилмаган эди.

Жаҳон динларининг тарихи, уларнинг ривожланиш босқичлари эволюцияси ва айни ана шу ривожланишлар оқимида уларнинг ғоявий асосларини тасаввуф фалсафаси асосида қиёсий таҳлил ва тадқиқ этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу ўта мураккаб ва зиддиятли вазифани забардаст тасаввуфшунос олим, фалсафа фанлари доктори Жаъфар Холмўминов катта илмий ирода ва қатъият билан ўз зиммасига олди ва тасаввуфшунослик соҳасида “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли янги фаннинг методологик асосларини яратишга муваффақ бўлди. Соддароқ тарзда айтганда, XX асрнинг иккинчи яримида “Қиёсий грамматика” ва “Қиёсий адабиётшунослик” фанлари, XXI асрнинг бошида эса “Қиёсий диншунослик” фани илм-фан майдонига кириб келган эди.

Жаъфар Холмўминов эса илк маротиба бизга “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли фан ҳам бўлиши мумкинлигини, бу фаннинг илк унсурлари эса X асрда Абу Райҳон Беруний, Абу Бакр Калободий ва Мустамлий Бухорий, кейинги даврларда Муҳаммад Ғаззолий, Ибн ал-Арабий ва Мавлоно Абдураҳмон Жомий каби улуғ мутафаккирларнинг фалсафий ва ирфоний асарларида кузатилишини илмий далиллар билан исботлаб берди ҳамда ўз навбатида “Қиёсий тасаввуфшунослик”нинг қиёсий таҳлил ва герменевтик усулларга таянган янги методологиясини ишлаб чиқди.
Шу тариқа, “Қиёсий тасаввуфшунослик” номли фалсафа, қиёсий диншунослик, исломшунослик, манбашунослик ва адабиётшунослик фанларининг қоришмасидан ҳосил бўлган янги фан дунёга келди.

Жаҳон динларини қиёсий тадқиқ этиш, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос ғояларини, таълимотини чуқур ўрганиб, келиб чиқиш манбалари асосида қиёсий таҳлил қилиш тадқиқотчидан катта билимни, барча динлар ҳақидаги асосли мулоҳазаларни ва холисона қиёслаш салоҳиятини талаб қилади. “Қиёсий тасаввуфшунослик” тасаввуфшуносликнинг муҳим ва таркибий қисми сифатида унинг генезиси ва эволюциясига бутунлай янги ўлчовлар, танқидий ёндашувлар, илмий мушоҳада ва мантиқий хулосалар асосида ёндашишни талаб қилади. Мазкур монография муаллифи Жаъфар Холмўминов айни ана шу мезонни яхши тушунган ва унга қатъий амал қилган.

Муаллиф тасаввуфшунослик фанини унинг моҳиятидан келиб чиқиб таснифлайди. Жумладан, унинг таснифида тасаввуф тарихи, тасаввуф манбашунослиги, тасаввуф терминологияси, тасаввуф фалсафаси, тасаввуф фалсафаси герменевтикаси, тасаввуф адабиёти ва тасаввуф адабиёти герменевтикаси каби таркибий қисмлар тасаввуф фалсафасининг мазмуни ва моҳиятини яхлит ҳолда очиб беришга хизмат қилиши мумкинлиги илмий асосланган.
Қиёсий тасаввуфшунослик энг аввало тасаввуф фалсафасининг ҳар томонлама чуқур таҳлилидан бошланади. Жаъфар Холмўминов айнан шундай йўл тутади. Тасаввуфшуносликнинг таркибий қисмларини, у нималардан иборат эканлигини ўрганади ва уни тизимли тарзда тартибга солади. Муаллиф тасаввуфшуносликнинг таркибий қисмлари юқорида санаб ўтилган йўналишлар ва структуравий элементлардан иборат эканлигини жадваллар орқали тушунтиради.

У тасаввуф илмининг тубсиз уммон, ғоят ранг-баранг имкониятларидан келиб чиқиб, уни ўрганишнинг бутунлай янги жиҳатларини очиб берар экан, тасаввуф таълимотининг ўзига хос томонларини қуйидагича таснифлайди: тасаввуф теологияси, тасаввуф этикаси, тасаввуф эстетикаси, тасаввуф социологияси, тасаввуф аксиологияси, тасаввуф психологияси, қиёсий тасаввуфшунослик.

Юқоридаги йўналишлар тасаввуфшуносликнинг маҳобатли моҳиятини очишга имкон беради. Ана шундан сўнггина қиёсий тасаввуфшунослик муаммосига катта жидду жаҳд ва шижоат билан киришиш мумкин бўлади. Бу ғоятда катта қунт, билим ва саботни тақозо этадиган жараённи тадқиқотчи Ж.Холмўминов етарли даражада тушунтириб бера олган. Аслини олганда тасаввуфшуносликда тасаввуфнинг юқорида баён этилган таркибий қисмлари ҳали шаклланмаган. Ана шу жиҳатдан тасаввуфшуносликка бундай ёндашувни тадқиқотчи Ж.Холмўминовнинг ўзига хос илмий янгилиги дейиш мумкин. Муаллиф буни илмий муаммо сифатида кўтаради ва ушбу китобда унинг илмий асосланган, назарий жиҳатдан етарли даражада таҳлил қилинган хулосаларини илгари суради.

Қиёсий тасаввуфшунослик табиий равишда тасаввуф фалсафасини бошқа турдош ғоялар ва таълимотлар билан қиёслашни тақозо этади. Жаъфар Холмўминов бунинг диний таълимотлардан ташқари дунёвий илмлар билан ҳам боғлиқ жиҳатларини алоҳида кўрсатиб ўтади. Жумладан, фалсафа, диншунослик, манбашунослик, тарих, адабиётшунослик, тилшунослик, психология, социология ва этнология. Айни ана шулар мантиқий жиҳатдан ҳам, илмий-фундаментал жиҳатдан ҳам, қиёсий тасаввуфшуносликнинг муҳим алоқадор жиҳатларидир.

Бу ҳолатни Ж.Холмўминов Шайх Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” каби достонларидаги ўзига хос психологик ҳолатларда, сўфийликнинг жамият турмуш тарзи ва ижтимоий ҳаётга муносабатини социология, жамият билан боғлиқ бўлган жиҳатларини Нақшбандия тариқатидаги “Дил ба ёру даст ба кор”, “Хилват дар анжуман” – инсон ва жамият муносабатларида банданинг жамоа билан ҳамжиҳатлиги қалбан эса Ҳақ билан боғлиқлиги, этнология, этнография ва акциололгиянинг, яъни инсоннинг ҳаёт билан қадрятлар, урф-одатлар, маросимлар, расм-русумлар билан боғлиқлигида ва, ҳатто, сиёсатшуносликнинг айрим жиҳатларини, Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг “Насиҳат ул-мулк”, Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулк” асарларида кўтарилган ғоялар билан асослайди.

Жаъфар Холмўминов тасаввуф фалсафаси генезиси ҳақида фикр юритар экан, унинг ўзига хос асосларини, асл манбасини қидиради ва уларни қуйидагича ифодалайди. Муаллифнинг хулосаларига кўра, тасаввуф фалсафасининг асоси Ислом дини. Унинг икки йўналиши бор. Биринчиси назарий манбалар, иккинчиси амалий манбалар. Назарий манбаларнинг асоси Қуръони Карим, ундан кейин Ҳадиси шариф, дин пешволари ва уламоларининг ғоялари. Амалий манбалари эса Расулуллоҳнинг суннати, ундан келиб чиқадиган саҳобалар одоби, хатти-ҳаракатлари ва ниҳоят, дин пешволари ва уламоларининг фаолиятлари, феъл-атворлари, юриш-туришлари. Муаллиф ана шу икки йўналишнинг туташган нуқтаси тасаввуфдир, деган қатъий хулосага келади.

Муаллиф тасаввуф фалсафасининг генезиси ва эволюцияси ҳақида қатор манбаларга, хос адабиётларга ёндашади. Ушбу таълимотнинг ривожланишига доир турли қарама-қарши фикрларни қиёсий ўрганади. Бу мунозарали муаммо Жаъфар Холмўминов тадқиқотида етарли даражада ўз ифодасини топган ва чуқур тадқиқ этилган. Бу борада муаллиф Шарқу Ғарб шарқшунослари, диншунос ва исломшуносларининг хулосаларини қиёсий тадқиқ этганлиги билан алоҳида қийматга эга.

Умуман олганда, мазкур монография тўғрисида узоқ фикр юритиш мумкин, аммо мухтасар қилиб айтганда, ушбу тадқиқот замонавий исломшунослик ва тасаввуфшуносликда ўзига хос муҳим илмий воқеа сифатида баҳоланашига ишончимиз комил.



Нарзулла Жўраев,
сиёсий фанлар доктори, профессор

Read 1820 times

Мақолалар

Top