Мақолалар

Аллоҳга яқинлаштирувчи икки хислат

Айримлар ўзидан устун кишини кўрса: “Менда нега шунақа сифатлар ёки бойлик йўқ?” дея тушкунликка тушади. Бунинг давоси эса, ўзидан қуйироқ кишига қараб тафаккур қилмоқдир. Чунки киши ўзидан қуйироққа назар солса, Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукр қилади.

Аслида, мусулмон киши мол ва даража жиҳатидан ўзи билан ўзгаларни солиштирмайди. Бироқ шундай ҳолатга тушиб қолган киши нима қилиши керак?! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан муолажа излаш айни муддаодир.

“Икки хислат борки, у кимда топилса, Аллоҳ таоло уни шукр этувчи ва сабр қилувчилар қаторида ёзиб қўяди. Кимда шу иккита хислат топилмаса, Аллоҳ таоло уни шукр ва сабр қилувчилардан эмас, деб ёзиб қўяди. Ким динда ўзидан устун кишига қараса, унга эргашса ва дунёда ўзидан паст бўлган кишига қараса ҳамда Аллоҳ таолога ўзини у кишидан устун қилиб қўйгани учун ҳамд айтса, Аллоҳ таоло уни шукр ва сабр қилувчилардан, деб ёзиб қўяди. Ким динда ўзидан паст бўлган кишига қараса ва дунёда ўзидан устун кишига қараб, менга бу кишичалик бойлик бермабди-да деб афсусланса, Аллоҳ таоло у кишини шукр ва сабр қилувчилардан эмас деб ёзиб қўяди” (Имом Термизий ривояти).

Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳимо ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “Бойларнинг ҳузурига камроқ киринглар, чунки бу Аллоҳ таолонинг неъматини оз санамасликларингиз учун энг яқин воситадир”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда: “Бирортангизнинг назари ўзидан бадавлатроқ ҳамда омадлироқ одамга тушганида ўзидан камбағалроқ ва омадсизроқ одамга ҳам бир назар ташлаб қўйсин!” дедилар.

Мазкур ҳадисларда мол-дунёда ўзидан устун бўлганларга кўп ҳам эътибор қаратиш керак эмаслиги, борига қаноат қилиш ва Аллоҳ таолонинг неъматларини оз санашнинг олдини олиш тавсия этилмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифларни ҳалол ризқ талаб қилишда сусткашликка йўл қўйса ҳам

бўлар экан, деб тушунмаслик керак. Балки киши ризқ топиш учун унинг сабабларига жиддий киришмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Сўнгра ризқ бергани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишга, ортиқча нарсалар учун ғам чекиб, маҳзун бўлмаслик тарғиб этилмоқда. 

Аслида, мусулмон илм ва тақвода ўзидан устун кишига етиб олишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг натижасида мусулмон Аллоҳ таолога яқин бўлиб бораверади.

Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗЗОҚОВ,

“Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2021 йил 10-сонидан олинди

Read 2173 times

Мақолалар

Top