Мақолалар

Умрага борувчи аёлларга тавсиялар

Умра қурби етган кишиларга суннати муаккада ҳисобланиб, йилнинг барча ойида бажариш дурустдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг” (Бақара сураси, 196-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: "Ҳаж ва умра қилувчи Аллоҳнинг меҳмонидир. Аллоҳга дуо қилсалар, дуоларини ижобат қилади. Ундан мағфират сўрасалар, уларни мағфират қилади" (Ибн Можа ривояти).

Умрага борувчилар орасида аёллар ҳам бўлгани боис қуйида уларга хос бўлган масалалар зикр қилинади:

  • Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар сидирға (гулсиз), ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор ва қора рангда бўлмаслиги талаб этилади.
  • Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида ҳалақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
  • Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, Иннал-ҳамда ван-ниъмата лака вал-мулк, лаа шарийка лак!..”
  • Меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади. Меҳмонхонада оз вақт бўлишни, умрага нима мақсадда борганини доимо ёдда сақлаган ҳолда элликбошининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш шарт.
  • Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
  • Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
  • Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя этиш керак.
  • Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доимо ёнида олиб юриш керак.
  • Ибодат ёки бошқа ҳолатларда меҳмонхонадан ташқарига чиқиладиган бўлса, калитни топшириб кетиш зарур.
  • Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки бошқа ишлар юзасидан элликбошини огоҳлантириб қўйиш лозим.
  • Аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, дуо ва талбия ўқиб эҳромга кирадилар. Лекин Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди. Сафо ва Марва саъйини адо этаверади. Салавот, дуо ва тасбеҳлар айтиш мумкин. Умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб иш кўрилади.
  • Аёллар камида уч киши бўлиб юришлари, кечаси ёлғиз юрмасликлари лозим. Масжид узоқда бўлса, шахсий автомобилларга ўтирмаслик, фақат таксилардан фойдаланиш тавсия этилади.
  • Масжидун Набавийдаги бир ракат намознинг савоби минг ракат намозга, Масжидул Ҳарамдаги бир ракат намознинг савоби эса юз минг ракат намоз савобига тенглигини доимо ёдда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, кўпроқ ибодатда бўлиш керак.
  • Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) югуриш аёллар учун суннат эмас.
  • Умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томонда қайчи билан кесилади. Эҳромга киришдан олдин шуларни ҳисобга олиш керак.
  • Умрага борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилиши ҳисобга олиб, бировларнинг ҳақига, молига ҳиёнат қилмаслик, атрофдагилар билан жанжалмаслик, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиш лозим.
  • Бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
  • Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича ёрдам бериш тавсия этилади.
  • Биз Абу Ҳанифа мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг намозига эътибор бермаслик лозим.
  • Ҳозирги вақтда тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага матоларни турли ниятларда суртиш, Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  • Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
  • Умра зиёратига бораётганлар нима мақсадда кетаётганлигини аниқ билиб олишлари, шунингдек, ибодат вақтларида аёлларни пардозланиб юришлари ман этилади.
  • Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилса саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
  • Шифокорлар ҳамиша хизматда бўлганлиги боис саломатлигингизда ёки ҳамхонангиз ўзгариш сезсангиз, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
  • Меҳмонхоналарда юк йўқолиши каби ҳодисалар бўлганида, дарҳол элликбошига мурожаат қилиш керак.
  • Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чипта элликбоши билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
  • Умра зиёратидан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, ёшлар тарбиясида ибрат бўлишлари тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради. Чнуки уламолар: “Умра қилган киши ахлоқининг яхши ҳолатга ўзгариши, қилган умрасининг қабул бўлгани аломатидир”, деганлар.

Аллоҳ таоло умра амалингизни даргоҳида ҳусни мақбул айлашини тилаб қоламиз.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси.

 

Read 3268 times

Мақолалар

Top