Мақолалар

Бемор яқинларимизни карантин даврида масофадан туриб йўқлайлик!

Ислом динида касални зиёрат қилиш энг улуғ савобли амаллардан бири ҳисобланади. Барча эзгу амаллар каби бу ишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Киши бемор бўлганда соғ пайтидан кўра яхшироқ амал ёзилади. Унинг ҳар бир ҳолати ибодат қилган билан тенг.

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалнинг инграши – тасбеҳ, оҳи – таҳлил, нафаси – садақа, уйқуси – ибодатдир, бир томондан иккинчи томонга ағдарилиши – Аллоҳ йўлида жидду жаҳддир. Унга соғлик вақтидаги амалдан яхшироқ амал ёзилади”, – дедилар.

Касаллик туфайли мусулмон киши улкан ажру савобни қўлга киритади, гуноҳлари кечирилади. Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин кишига етган ҳар бир мусибат учун – касаллик, қийинчилик, алам, нотинчлик, ғам-ташвиш, ҳаттоки кирган бир тикан учун ҳам улкан савобларга сазовор бўлиши билан бирга, ўша етган мусибатлар эвазига бандачилик билан қилган сахву хатолари кечириб юборилади".

Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳам дард беравермаc экан, балки дардни Ўзининг суйган бандасига унинг амал дафтарига яхшироқ амал ёзилиши учун, унинг гуноҳларини кечириб даражасини кўтариш учун берар экан.

Шу билан бирга, беморни зиёрат қилишнинг фазли ҳам улуғ. Беморни кўргани, ҳол-аҳволини сўрагани борган киши ҳам улкан ажру савобни қўлга киритади.

Ибн Умар ривоят қиладилар. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким касални зиёрат қилса, гўёки Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутгандекдир. Бир куни етти юз кунга тенг”, – дедилар. Яна бир ҳадиси шарифларида Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кимки касал ётган одамни кўргани борса, осмондан бир нидо келадики: “Яхши иш қилдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, сен ўзинг учун жаннатдан жой тайёрладинг”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Шу боис бемор одамни зиёрат қилгани борганда ундан дуо сўрашни ҳам унутмаслик керак. Зеро, Аллоҳнинг берган дардига сабр қилиб ётган беморнинг дуоси, албатта, ижобат бўлади. Бу ҳақда Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ҳаста-бемор кимсани олдига борсангиз, сизни ҳаққингизга дуои хайр қилишини сўранг, чунки унинг дуоси фаришталарни дуоси каби ижобат бўлади”, – деб марҳамат қилдилар.

 Демак, бирор-бир орзу ниятингиз бўлса, ижобат бўлишини хоҳласак, улкан савоб истасак, бемор яқинимизни йўқлашимиз керак экан. Шунда нафақат ажрга эга бўламиз, балки ундан дуо олиб хожатимиз раво бўлади.

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши қачон касал дўстини зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”, – деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом касалларни бориб кўрардилар ва: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Парвардигори, касалликни кетказгин, шифо бергин, Ўзинг шифо берувчисан, Ўзингнинг шифоингдан ўзга шифо йўқ, касални ташлаб қўймайдиган шифо беришни сўрайман”, деса, Аллоҳ унинг бу касаллигига шифо беради, – дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш тавсия этилган амаллардандир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касалнинг олдига кирсангизлар, унга умри ҳақида тасалли берингизлар. Чунки у бирон нарсани қайтармайди ва касални хушнуд этади”, – дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Маълумки, хаста одам, айниқса, анча муддат ётган бўлса, инжиқтабиат, кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Бундай ҳолга тушган киши мулойимлик ва ширин сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолиши табиий. Инчунин, касал зиёратига борган киши мазкур ҳолатларни, албатта инобатга олиб ширин сўзларни айтиши керак.

Албатта, юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифлар ва шу асосдаги фикр-мулоҳазалар одатий турмуш тарзимизга хос бўлган ишлардир. Айни пайтдаги карантин ҳолатида бемор яқинимиз ё дўстимизни телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашимиз, дардманд биродаримизнинг ёнидаги кишилар орқали дори-дармон ё зарур озиқ-овқат учун электрон шаклда пул ўтказиб, дуосини олишимиз бугунги кунда жуда ҳам зарур ва беқиёс савобли ишлардандир!

Аллоҳ таоло барчаларимизни хайрли ишларга ҳарис қилсин, беморларимизга комил шифо берсин, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни насиб этсин!

Уйда ётган, шифохонада ётган барча-барча беморларимизга Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи шифосини берсин! Тез кунларда яхши бўлиб, оилалари билан доимо соғ-омон бўлишсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Read 2232 times

Мақолалар

Top