Мақолалар

Қуръони карим ва ҳадиси шарифда зикр этилган мевалар

Муқаддас Китобимизда инсонларнинг фойдаси учун яратилган турли неъсатлардан намуналар келтирилган. Хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган баъзи ҳадиси шарифларда  бу неъматларнинг инсон соғлиги учун фойдалари ва соғлом яшаш воситалари экани маълум қилинган.

Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра  биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)” (Абаса сурасининг 24-32-оятлари).

Энди ушбу сурада тилга олинган мевалардан узум, хурмо, зайтунларга тўхталамиз. Қуръони каримда зикр этилган хурмо, узум ва зайтунларнинг фойдали жиҳатлари ҳадисларда бизга тушунтирилган. Шундан сўнг Қуръони каримда оти айтилган асал, сут, седана ва анжир ҳақида сўз юритамиз.

 

Хурмо

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севган мевалардан бири хурмо бўлган. Инсон вужудига ошқозон ости безида инсулиннинг бир маромда  ажралишини таъминлашга ёрдам беради ва шу тариқа қондаги қанд миқдорининг ошиб ё тушиб кетмаслигига ҳисса қўшади. Шунингдек, юкли аёлларда дард келишини енгиллаштиради. Бу хислат Марям сурасида қуйидагича ифода этилган. 

Бас, тўлғоқ дарди уни бир хурмо дарахти тубига олиб борди ва у деди: «Қани эди, мана шундан (туғишдан) олдин ўлиб, бутунлай унутилиб кетсам”. “Шунда (хурмо дарахтининг) остидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Раббинг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди”. “(Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, токи у (Менинг қудратим билан) сенга янги хурмо меваларини тўксин!”. “Бас, еб-ичгин ва шод бўлгин!..” (Марям сурасининг 23-26-оятлари).

Хурмо таркибидаги фруктозанинг юксак миқдори инсон танасида қувват бағишлайди ва унинг зийраклигини оширади. Ҳомиладор аёлларни дард тутган вақтда ширинлик ва қувват бўлувчи таомлар ейишга ташвиқ этилишининг сабаби ҳам шу. Туғиш вақтида қувватини йўқотиб, заифлашиб қолган аёллар яна кучга тўлиб олиш учун хурмо есалар кўп фойдали бўлар экан. Айниқса, эмизикли даврида сут гормонларининг ҳаракатини фаоллаштириб  она сутининг ортишига ҳам фойда беради.  Тўқималарга жуда бой бўлгани боис ичакларнинг фаолиятини тартибга солади ва қабзиятга қарши ажойиб дори вазифасини ўтайди. Айни замонда юксак  тўқима ҳисобига холестрин кўпайишининг олдини олади. Шунингдек, ичак саратонига йўл очиши мумкин бўлган биокимёвий моддаларнинг камайишига ёрдам беради. Буюк Роббимиз Биби Марямнинг тулғоғи яқинлашган вақтда унга: "Хурмо е!" деб амр этишининг мўъжизаси ана шунда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Агар сизларда хурмо бўлса, у билан оғиз очинглар, агар бўлмаса, сув билан. Чунки бу покланишдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). 

 

Зайтун

"Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғ ва егувчилар учун нонхуруш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни яратдик)" (Муъминун сурасининг 20-ояти).

Умар бин ал-Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Зайтун ёғини енглар ва унинг билан ёғланинглар, чунки у ёғ муборак дарахтдан пайдо бўлади.

Зайтун ёғи инсон организми учун ниҳоятда фойдали бўлиб,    Зайтун ёғини мунтазам истеъмол қилувчи кишилар юрак, қон-томир касалликларига дучор бўлмайди.    Чунки у қоннинг қуюқлашиб томирларнинг қотишининг  олдини олади. Жигар фаолиятини яхшилайди, сафро йўлларини фаоллаштиради, ошқозон кислотасининг меъёрини сақлайди.

Зайтун рахит ва болдир суякларининг қийшиқ ўсишини даволашда фойда беради. Қуёш нури тушмайдиган захчил хоналарда яшовчиларга фойда беради. 
 Мутахассислар таъкидлашича, зайтунда инсон организми учун зарур бўлган барча витаминлар ва микроэлементлар мавжуд. Зайтун мевасини ҳар куни истеъмол қилиш юрак-томир тизимидаги стенокардия, инфаркт, саратон (рак), айниқса, аёллардаги кўкрак саратони, қандли диабет, семириш касалликлари хавфини камайтиради. Шунингдек, зайтун ёғи таркибидаги моддалар қондаги зарарли холестерин ва триглицерид миқдорининг ошиб кетишига йўқ қўймайди. 
Зайтун ёғи инсон танасига тўлиқ сингади.   ёғини терига суртилса, уни чиройли қилади, истеъмол қилинса, соч ва тирноқнинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиб, тиш ва милкларни соғ ва мустаҳкам қилади.  

     

Узум

Қуръони Каримда оти энг кўп такрорланган мевалардан бири узумдир. Узум ичаклар фаолиятига яхши таъсир кўрсатади. Ҳазм қилишни яхшилайди ва ич қотишини юмшатади. Бавосил касаллигини даволаш, бўйракдаги тошларни туширишга фойда беради ва қаттиқ оғриқларни камайтиради.

Онамиз Ойша розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам узум бошини чап қўлларига олиб ва ўнг қўллари билан дона-дона узиб ер эдилар”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майиз қандай ажойиб неъмат: асабларни мустаҳкамлайди, чарчоқни кеткизади, оғизнинг ҳидини муаттар қилади, кўнгилни чоғ қилиб ғамгинликни даф қилади”, деганлар.

Шифокорлар жигар, талоқ, ошқозон ва ичакларга қувват бағишлайдиган узумни тонгда оч қоринга ейишни тавсия этадилар. Шунингдек, узум зеҳннинг очилиши ва хотиранинг яхшилашига ҳам ижобий таъсир қилади. Сўнгги вақтларда узум уруғининг фойдалари хусусида тадқиқот ишлар олиб борилаётир. 

 

Сут

Дарвоқе, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир; сизларни уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан чиқувчи, (лекин) ичувчилар учун иштаҳали тоза сутдан ичирурмиз” (Наҳл сурасининг 66-ояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Бир кун мен ва Холид ибн Валид иккимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Уммул муъминин Маймуна розияллоҳу анҳо хоналарига кирдик. (Бу волидамиз бу ул икки зотнинг холалари бўладилар). Онамиз бир идишда сут олиб келдилар.  Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар. Мен ўнг тарафларида эдим. Холид чап тарафларида эди. У зот дедилар: Эй, Абдуллоҳ, ҳозир ичмоқ сенинг ҳақингдир, чунки ўнгда ўтирибсан, лекин Холидга ўз ҳақингни кечиб берсанг, ихтиёринг бор. Мен айтдим: Ё Расулаллоҳ, ўзларидан насиб бўлган сарқит давлатини ҳеч кимга бермасман. Кейин у зот дедилар: Ҳар кимга Аллоҳ Таоло бир қисм таом насиб қилса, кейин ҳамд айтсин: "Ё Аллоҳ, бу берган ризқингни бизлар учун муборак қилгин ва бундан ҳам яхшироғини ато қилгин" ва ҳар кимга Аллоҳ Таоло сут неъматини насиб қилса, десин: "Ё Аллоҳ, бу сут неъматини бизлар учун муборак қилгин ва бу неъматдан бизларга кўпроқ бергил". Кейин Жаноб дедилар: "Дунёда ҳеч бир неъмат ҳам таом, ҳам шароб бўла олмайди. Магар сут шундай неъматки, инсон учун ҳам таомдир, ҳам шаробдир”.

Сутнинг фойдаси жуда ҳам кўп эканини олимлар тасдиқламоқда. У ғамгинлик, васвос, хафақонлик каби касалликларга қарши фойдалидир. Сут асалга аралаштирилиб ичилса, ички органларни тозалаш хусусиятига эга бўлади. Шакар билан ичилса, терининг рангини чиройли қилади. Ичакларнинг фаолиятини яхшилайди ҳамда уруғни қувватлантиради. Зеҳнга куч бериш хусусияти ҳам бор. Сут ва сут маҳсулотлари тўлишишга ёрдам беради. Туғруқдан сўнг аёлларга қувватини тиклаб олишга ҳамда сути яхши келишига фойда беради. ҳолсизлик, чарчоқ ва заифликни бартараф қилади. 

 

АСАЛ

"(Эй Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!» Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир" (Наҳл сурасининг 68-69-оятлари).

Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширинлик ва асални яхши кўрардилар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Доримий ривоят қилган). Пайғамбаримиз асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар. Бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб: "Биродаримнинг қорни оғрияпти",  деди. Расулуллоҳ унга: "Биродарингга асал ичир", деб тавсия қилдилар. Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди: "Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кеткизиб юборди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳнинг гапи рост, биродаринг қорни алдаган!" дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимда-ким ҳар ойда уч марта, наҳорда (оч қоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди” (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Ҳадис санади заиф). Асал одамни бардам қилади, мижозни тозалайди, қоннинг айланишини фаоллаштиради, кўзни равшанлаштиради. қонга  тез сўрилади, микробларни ўлдиради, шамоллаш, ҳолсизлик, асаб касалликларини даволайди.

 

Анжир

“Хабарда келурки, анжир дарахти Одам ва Ҳаввога беш япроқ берди, улар андомларини ёпиб чиқдилар. Тонг отгандан кейин ўша беш япроқнинг бирини кийик еди, ифор (мушк) бўлди. Бирини сигир еди, анбар бўлди. Бирини ари еди, асал бўлди. Бирини қурт еди, ипак бўлди. Бирини Одам ерга экди, юнг бўлди. Қиёматга қадар фарзандларига кафан бўлди.

Нукта. Оллоҳ таоло Одамга япроқ берганлиги учун анжир дарахтини жазолади. Маълумки, барча егуликлар уч турли бўлади: бирининг таши ейилур – олма, нок каби, бирининг ичи ейилур - ёнғоқ, бодом сингари, бирининг таши ейилмас ичи ейилур – қовун, тарвуз каби. Аммо анжирнинг таши ҳам ейилур, ичи ҳам ейилур” (“Қисаси Рабғузий”дан).

Анжир ҳақида Қуръони каримда бундай дейилган: “Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан, Тури Синин (тоғи) билан, мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки, ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик (Тин сурасининг 1.2.3.4-оятлари).

Анжир пешоб тутилишига ва эски йўталга қарши яхши фойда беради. Бўйрак тошларини ва сийдик пуфагини тозалайди. Бавосил касаллиги ва бошқа оғриқларга қарши фойда беради.

Анжирнинг танада йиғилиб қолган токсинларни тозалаш хусусияти бор. Ичакларнинг иш фаолиятига самарали таъсир қилади ва ич қотишини юмшатади. Жигар ва талоқни тозалайди. Ошқозонда йиғилган балғам аралашмасини йўқотади. Мушакларнинг оғриши ва подагранинг келиб чиқишининг олдини олади. 

 

Седана

Седанани ўлимдан бошқа ҳамма дардларга шифо деб билишган. Жолинус ҳаким айтишича: «Седананинг манфаати кўп бўлиб, қорин дамини ҳайдайди, меъда қуртини ўлдиради ва кўзда пайдо бўлган сувга фойдалидир. Агар уни това устида қовуриб, кўк латтага олиб ҳидласа, гриппни даф қилади. Агар майдалаб эзиб, пешонага боғласа бош оғриғини қолдиради. Сурма каби кўзга суртса, унинг қизиллигини кетказади. Агар сирка билан қўшиб боғланса, обила (қадоқ)ни узади. Балғамли шишларни қайтаради. Агар еса, она сутини кўпайтиради ва пешобни суради. Унинг мойи инсонни ёш сақлайди. Соқол ва сочнинг ўсишини тезлаштиради. Заҳарларни тортади. Шаҳват қувватини зиёда қилади».

«Тибби набавий»да келтирилишича: «Седана билан нон бодларни суради. Бош оғриғини ва ич кетишини тўхтатади. Юз қийшиқлиги, сакта, оғир ухлашлик, эссизлик, бош айланиши ва кўз олди қоронғулигига манфаатлидир».

Седана инсон танасидаги иммунитетни қувватлантиргани туфайли кўплаб касалликларнинг келиб чиқишининг олдини олади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

 Ибн Сино эса «Седана – вужуд энергиясини тузатади, касалликлардан йўқ бўлган бактерияларни тиклайди», деган. Седана иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, рак, ОИТС каби касалликларга қарши тавсия этилади. Қон босимини меъёрига олиб келади,  иситмани туширишда табиий антибиотик таъсир кучига эга.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 20595 times

Мақолалар

Top