Мақолалар

РЎЗАНИ БУЗУВЧИ ОМИЛЛАР

172 -CАВОЛ:
Қандай нарсалар рўзани бузади? Шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Рўзадор қасддан овқат еса, сув ичса, дори ичса ёки жинсий алоқа қилса рўза бузилади. Бу ҳолатларда ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.

Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларда каффорат йўқ.

Қуйидаги ҳолларда рўзадор одамнинг рўзаси бузилади ва қазосини тутиб бериши вожиб бўлади, каффорат вожиб бўлмайди:
- Тонг отмаган деб ўйлаб, саҳарлик қилса ёки кун ботди деб ўйлаб оғзини очиб юборса-ю сўнг тонг отиб қолгани ёки кун ботмагани билинса;
- аёлини ўпиши, ушлаши орқали жунуб бўлиб қолса;
- ҳўқна (клизма) қилдирса;
- бурнига дори томизса.

Беихтиёр қайт қилса рўза бузилмайди. Лекин қасддан, зўрлаб, оғзи тўлиб қайт қилса, рўзаси бузилади, кейин қазосини тутиши вожиб бўлади.

Қуйидаги ҳолатларда рўза бузилмайди:
- Рўзадор эсида йўқ ҳолатда еса, ичса, жинсий алоқа қилса;
- Уйқусида ёки аёлига қараб жунуб бўлиб қолса;
- Қон олдирса;
- Сурма қўйса;
- Аёлини ўпса-ю, жунуб бўлмаса.

Лекин рўзадор одам иложи борича ўзини бундай ҳолатдан узоқ қилмоғи лозимдир.

Рўзадор учун қуйидаги ишлар макруҳдир:
- Ўз нафсига ишонмаган кишининг ўз аёлини ўпиши. Агар нафсини жиловлай олса зарари йўқ;
- Бирор нарсани татиб кўриш ва мисвоқдан бошқа нарса билан тишни тозалаш;
- Эмизикли рўзадор аёл ўз боласига заруратсиз таом чайнаб бериши. Бунда агар чайнамасликни имкони бўлса, чайнамаслик маъқул. Аммо имкони бўлмаса чайнаб беришнинг зарари йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.

Read 2251 times

Мақолалар

Top