Мақолалар

Ҳайит – ибодат ва шукрона, хурсандчилик ва шодлик кунларидир

Бошимизда соя бўлиб турган, бутун дунё мусулмонлари учун шодлик, барокот, файз ойи бўлган Рамазон ниҳоялаб, Ислом динининг энг катта байрамлардан бири – Ийд ал-фитр – Рамазон ҳайити яқинлашмоқда.

Ойларнинг султони бўлмиш Рамазон – Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти, фазилат ва гўзалликларни ўз ичига жо айлаган, меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда юраклар юмшаб, ғуборлар кетадиган, жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари беркитиладиган дамлардир. Муборак ой якунига етиб, Ийд ал-фитр эшик қоқиб турган экан, ушбу муборак кунда ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз, ёру биродарларимизни зиёрат қилиш, беморлар ва кўнгли ярим кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва руҳий тасалли бериш кўп савобли амаллардандир.

Муқаддас ояти каримада таъкидланганидек, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”. Биз савобли ишларни қанча кўп қилсак, меҳр-оқибат кўрсатсак, Яратган ҳам биздан рози бўлади, турли бало-офатлардан, ёмонликлардан асрайди, йўлимизни очиб беради. Шундай экан, ушбу муқаддас дамларнинг қадрига етиб, қилган амалларимиз фақатгина яхшиликдан иборат бўлсин.

Рамазон ойи охирлар экан, муҳаддисларимиз ривоят қилган бир ҳадиси шарифни эслаб, қалбларимиз шодлик ва умидга тўлади:

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Рамазон хайру саховат ойидир. Олийҳиммат кишиларимиз бу ойда хайр-эҳсон амалларини янада кўпайтиришди. Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига кўмак бердилар, муҳтожларга ёрдам қўлини узатдилар. Ушбу хайрли ишлардан имом-хатибларимиз ҳам четда турмадилар. Бу йилги Рамазонда Самарқанд вилоятидаги имом-хатиблар саховатпеша инсонлар билан ҳамкорликда бир неча минглаб эҳтиёжманд оилалар, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига озиқ-овқат, кийим-кечак каби хайрияларни етказишди.

Мазкур хайрия давомида умумий ҳисобда 1100 та кам таъминланган оила, 849 нафар ногиронлиги бор, 659 та етим болаларга жами 157 миллион 300 минг сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ногиронлиги бор 2 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари эҳсон қилинди.

Ҳайит байрамлари барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Бу кунларда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун, шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, ҳайит намозларини адо этадилар.

Ҳайит байрами кунлари – ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир. Бу – дунё ва охират яхшиликлари жамланган улуғ кунлар ҳисобланади. Ҳайит байрамида сайлгоҳларга чиқиш, қавму-қариндошларни зиёрат қилиш билан бу кундаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади. Мусулмон киши ҳайит кунларида имкон қадар қавму-қариндошларга хусусан муҳтожларга хурсандчилик улашишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳайит байрами жамият аъзолари орасидаги гина-адоватлар ва турли кўнгилсизликларни кетказиш ҳамда улар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш сингари эзгу амаллар санасидир. Шундай экан, бу муборак кунда бир-биримизни самимий муборакбод этайлик. Биринчи навбатда, бизларнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни йўқлайлик, уларнинг ҳақларига дуо қилайлик. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.

Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, ҳайит – байрам, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.

Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қиламизки, парвардигор, Рамазон ҳайтини барча мўмин-мусулмонлар қатори бизларга ҳам хайрли ва барокатли қилсин. Жумла аҳли иймон каби халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзининг паноҳида асрасин.

Дуолармиз мустажоб, муродларимиз ҳосил ва Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

ЎзА

Read 2038 times

Мақолалар

Top