Мақолалар

Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақатгина жаннатдир

Каъбатуллоҳ зиёрати – ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Таассуфлар бўлсинки, миллатимизнинг не-не фозил фарзандлари учун бу орзу армонга айланган замонлар ҳам бўлган эди. Яратганнинг буюк инъоми – мустақиллик йилларида ушбу ибодат учун ҳам муайян шароитлар яратила бошланди. Кейинги йилларда эса бошқа барча соҳаларда бўлгани сингари ҳаж ибодати учун мамлакатимизда ҳар қачонгидан ҳам кенг имкониятлар яратилди.

         Барчамизга маълум ўтган икки йил дунёда кенг тарқалган вирус сабаб ҳаж ибодатини адо этиш ҳеч бир мусулмонга насиб қилмади. Алҳамдулиллаҳ, бу йил яна каъбаи муаззамани зиёрат қилиб, исломнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ибодатини бажариш учун зиёратга йўл очилмоқда.

Хўш, бу йилги ҳаж зиёрати Ўзбекистон мусулмонлари учун қандай амалга оширилади. Бугун “Ҳаж – 2022” мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда ҳажга доир бир қанча масалалар очиқланди. Жумладан, Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгилани маълум қилинди. 2019 йилда эса бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этган эди. Жорий ҳаж мавсуми учун ҳаж квотасининг оширилгани, шубҳасиз, юртимиз зиёратчилари  учун жуда катта хушхабар бўлди.

Маълумки, Саудия Aрабистони Ҳаж ва умра вазирлиги пандемия ҳамон давом этаётгани туфайли “Ҳаж – 2022” баёнотида бир қатор талаб ва чекловларни эълон қилди. Ҳар мавсумда 4 миллиондан зиёд зиёратчилар ҳаж ибодатини адо этишаётган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 1 миллиондан ортиқроқни ташкил қилмоқда. Зиёратчилар сони дунё миқёсида шунча чекланишига қарамай Ўзбекистонлик ҳожилар учун квотанинг оширилиши ҳам катта неъматдир.

         Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабга кўра, “Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди.

         Умид қиламизки, ушбу ёш бўйича чеклов вақтинча бўлиб, келгуси ҳаж мавсумларида ёши улуғ инсонларни ҳам бу муборак амални адо этиш саодатига эришадилар, инша Аллоҳ.

         Шунингдек, ҳаж сафари нархларида ҳам ўзгаришлар бор. Қайд этилишича, нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошгани сабаб бўлган. 

         Ҳаж ҳар бир мусулмоннинг орзусидир. Чунки у сабабли киши онадан қайта туғилгандек гуноҳларидан покланади. Дунёдаги мусулмонлар бирдамлигига гувоҳ бўлади ва оламларга раҳмат қилиб юборилган севикли Пайғамбаримизни (с.а.в)зиёрат қилиш бахтига мушарраф бўлади. Қуръони карим оятлари ва ҳадис шарифлардан маълум бўладики ҳаж, Ислом арконларидан бири экан. Бас йўлга қодир мусулмон, умри давомида бир маротаба ҳаж ибодатини амалга ошириши билан Ислом арконларидан бирини адо этган саналади.

Албатта бу улуғ ибодат фақат Яратганнинг розилиги учун бўлмоқлиги лозим. Риё ва гуноҳлардан холи, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила ихлос билан амалга оширилган ҳаж – “ҳажжи мабрур” деб аталади. Бундай ҳаж хусусида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Наби (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар:

Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади”.

         Ҳаж ибодатини адо этишни ният қилган ҳар мўмин-мусулмон кишини Аллоҳ таолонинг ўзи чақиришини насиб қилсин.

 

ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакили

Read 1714 times

Мақолалар

Top