Мақолалар

Отангга овозингни кўтарма, акс ҳолда...

Билгинки, агар сени отанг танбеҳ бериб уришаётган бўлса, бу отанг сени ёмон кўришини англатмайди.

Билгинки, отанг сендан бир нарсани жуда қаттиқ талаб қилаётган бўлса, у сенга яхши бўлишини хоҳлаётган бўлади.

Агар отанг сукут қилиб турган бўлса, сенинг келажагинг ҳақида тафаккур қилаётган бўлади.

Отанг сенга нисбатан иқтисод қилаётган бўлса, уни қизғанчиқ деб ўйлама. У сенга иқтисод қилган чоғида, ўзининг нафсига ҳамма нарсани ҳаром қилган бўлади.

Отанг агар «уҳ» тортаётган бўлса, бунинг сабаби фақат сен бўласан, эй фарзанд!

Агар отанг кулаётган бўлса, уни бахтли қилаётган ҳам сен бўласан.

Агар отангни қийналаётганини кўрсанг, демак, сен унинг насиҳатларига қулоқ солмаяпсан.

Агар отанг уйининг эшигини сенга ёпган бўлса, сен сира хафа бўлма. Отанг эшикни ёпиб, ичкарида ҳеч кимга билдирмай йиғлаётган бўлади.

Агар отангга овозингни баланд қилаётган бўлсанг, сен уни ўлдирибсан. Яъни уни маҳзунлик ва ғамга тўлдириб ташлаш билан қатл қилибсан.

Агар сен ўзингни адашган ва зое қилинган ҳолда кўрсанг, демак, отанг сенга ғазаб қилибди.

Эй фарзанд! Агар отангни тўшакка ётган, ҳолсиз, жим, ҳаракатсиз ҳолда кўрсанг, сен энг катта суянган тоғингдан ажралибсан. Шундай бир бўшлиқни пайдо қилибсанки, уни энди ҳеч қандай хотиралар тўлдира олмайди. Бир нарсани англагинки, отанг ўтиши билан барча яхшиликлар ва бу замона ҳам сендан ўтган бўлади.

Ота бизнинг аслимиздир. Фарзанд эса натижа ҳисобланади. Чунки бизда отамизнинг қони оқади. Бир инсоннинг қонини бутунлай алмаштирган тақдирда ҳам у бошқа инсон бўлиб қолмайди. Унда барибир отасининг қони пайдо бўлаверади. Ҳаром қон деган атама бор. Бу терминни тиббиёт соҳасида ҳам кенг қўллашади. Кислородга тўйинмаган қон – ҳаром қон ҳисобланади. Кислородга тўйинмаган қонни юрак қайта ишлай олмайди. У шу ҳолида бутун танага тарқалиб кетади. Бундай қон эса баданни бузади. Маънавий маънода эса ҳаром қон фарзандларни ота-онанинг юзига тек қарайдиган ва гапга унамайдиган қилиб қўяди. У доимо ота-онасига зарар беради. Бу мавзуни нега гапираяпмиз? Бу мавзуни кўтаришдан мақсад нима аслида?

Бугунги кунда бир нечта фарзанди бор, фарзандларининг ҳар бири шахсий машинага эга, аммо ота тўрва кўтариб бекатда автобус кутиб туришини қандай тушуниш керак? Ёки отаси билан ер талашиб судлашаётган ўғилни нима деб аташ мумкин? Ота-онаси ўтгандан кейин унинг мол-мулкини талашиб, арзимаган нарсалар учун юзкўрмас бўлиб кетаётган ака-ука, опа-сингилларнинг ишини қандай қабул қилиш керак?

Ота-она биз учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жавоб беради. Аслида ҳамма ўзининг қилган гуноҳига жавоб беради. Аммо ота-оналаримиз азбаройи бизга яқинликлари учун бизнинг қилаётган ва қилган гуноҳларимизга жавобгар бўладилар. Ота-она ва фарзанд ўртасида ришта бўлгани учун. Фарзандлар ҳеч қачон ота-онасини муҳокама қилиши мумкин эмас. Фарзанд ота-онасига нисабатан доим холис бўлиши керак. Ота-она ҳам фарзанд тарбиясида ўз ўрнига эга бўлиши керак.

Оила бузлиб ажрим ҳолатлари кузатилганда ҳам ота фарзанднинг тарбиясида қоим бўлмоқлиги лозим. Фарзандни отадан ажратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ота масофадан бўлсада, фарзанд тарбиясига қаттиқ эътибор бериши керак. Аввало, ўзини ёмон иллатлардан покламоғи даркор. Ота-она жаннат калитидир. Уларнинг фарзанд ҳаққига қилган дуоси фарзанднинг бахт ва камолга етиштирувчидир. Ҳаёт чоғида бу икки буюк зотнинг хизматида бўлиш, дуоларини олиш, розиликларига етишиш ҳар бир инсонга насиб айласин. Ҳаётдан ўтган чоғларида эса ўзимизнинг хайрли ишларимиз билан, ҳалол яшаш тарзимиз билан уларнинг ҳақларига дуолар қилиб, Аллоҳ таоло ўз раҳматига олишини сўрайлик.

Саййид Раҳматуллоҳ ТEРМИЗИЙ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 1411 times

Мақолалар

Top