Мақолалар

Ваҳий фариштаси
 
 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида Қуръони карим оятларини тафсир қилиб берганлар. Шунга кўра, муҳаддислар асарларига “Тафсир китоби” номли алоҳида бўлим киритиб, унда оятлар тафсирига оид ҳадисларни келтиришган.

“Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” номли бўлим бор. “Сунати Термизий”да ва Имом Насоийнинг “Сунани Кубро”сида “Китабут тафсир” номи билан тафсирга оид ҳадисларни келтирган.

Ҳадис асарларидаги тафсир китоби боб­лари оятлар номи билан номланган. Ушбу бобларда шу оятга боғлиқ ҳадислар нақл қилинган. “Тафсир китоби”да келган ҳадиси шарифларда сураларнинг барча оятлари тафсири баён қилинмаган, балки баъзи оятлар тафсири келтирилган.

Бунга қуйидаги ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин.

“Саҳиҳи Бухорий”нинг “Тафсир китоби”да Кавсар сураси бобида: «Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмонга кўтарилган пайтлари бундай деганлар: “Бир анҳор олдидан ўтдим. Икки қирғоқи ғовак дурдан чодирлар. “Бу нима, эй Жаброил?” дедим”. У: “Бу Кавсар”, деди»1, деган ҳадис келтирилган.

Кейинги ҳадисда бундай дейилган: «Абу Убайдадан ривоят қилинади. Ойша розийаллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг “Биз сенга Кавсарни ато этдик”2, деган сўзи ҳақида сўрадим. У: “Бу Набийингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган анҳор бўлиб, унинг икки қирғоғи ғовак дур­дир. Идишлари юлдузлар ададичадир”, деди»3.

“Саҳиҳи Муслим”нинг “Тафсир китоби”да келтирилади: «Ойша розийаллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг: “Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин”4 сўзи ҳақида бундай ривоят қилинади: “Бу оят етимнинг молини тасарруф қилиб турувчи ва уни яхши сақловчи валий, агар муҳтож бўлса, ундан еявериши ҳақида нозил бўлган”»5.

Шунингдек, “Сунани Термизий”нинг “Қуръон тафсири китоби”даги “Фажр сураси боби”да ушбу ҳадис келтирилган: «Имрон ибн Ҳусойн розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “шафъ” ва “ватр” ҳақида сўралдилар. У зот: “Унинг баъзиси жуфт ва баъзиси тоқ бўлган намоздир”, дедилар».

Ҳадис асарларининг “Тафсир китоби”да сура ва оятларнинг нозил бўлиши ҳақидаги ҳадислар келтирилган. Бунга ушбу ҳадисни мисол қилиш мумкин: «Абу Исҳоқдан ривоят қилинади. У киши айтади: “Мен Баро розийаллоҳу анҳудан бундай деяётганларини эшитдим: “Ансорлар ҳаж қилиб қайтиб келишса, уйларига фақат орқа томонидан киришарди. Ансорлардан бўлган бир киши (ҳаждан) келиб, уйининг эшигидан кирган эди, мана шу нарса борасида унга (ҳар хил гаплар) айтилди. Шунда: “Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...”6 ояти нозил бўлди»7.

Шунингдек, ҳадис асарларидаги “Тафсир китоби”да носих ва мансух оятлар, аввалги ва охирги нозил бўлган оятлар, қироатлар ва бундан бошқа маъноларга далолат қиладиган оятлар ҳақидаги ҳадислар кел­тирилган. .

Шокиржон МАДАМИНОВ,

ЎХИА 2-босқич магистранти

Read 1909 times

Мақолалар

Top