Мақолалар

Кибр қандай ашаддий душман!

Қайта тирилишни инкор этган, дунё ҳаётида қилган амалларидан ҳисоб бериш йўқ деб ўйлаган имонсизларнинг ўлим арафасидаги аянчли ҳолатини Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида бундай баён этади: «Дарҳақиқат(жон) ҳалқумга етганда, (вaфот этaётганга): “Дам солувчи киши борми?” деб қолинганда, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганда, (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалишиб қолган бир вақтда ёлғиз Раббингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир. На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди (у) ва на намоз ўқиди» (26–31-оятлар).

Ушбу ояти карималарда инсон учун умрнинг охирги – тавба эшиги ёпилган дақиқалари ҳақида сўз бормоқда. Одам боласига бундан оғир мусибат, аянчли мағлубият, бундан кўра аччиқ надомат йўқдир. Чунки у жоҳиллиги, кибри, итоатсизлиги боис ҳамма нарсани шайтонга бой беради. Бузуқ эътиқоди сабабли ўзича яхшилик деб ишонган амаллари ҳам чипкакка чиқади.

Бундай вазиятга тушишдан Аллоҳ асрасин. Аллоҳ таоло мўминларни жоҳилларча кибри сабабли ҳаёт жиловини бутунлай нафси ва шайтонга топшириб қўйган золимлардан юз ўгиришга, улардан узоқ бўлишга буюради. Шунингдек, тақво қилув­чи бандалар учун бундай золимлар­нинг қилмишларидан ҳисоб бериш йўқли­гини айтади. Лекин гуноҳлардан сақланишлари учун эслатма билан бошқаларни огоҳлан­тиришлари лозимлигини таъкидлайди: “Динларини ўйин ва беҳуда нарса қи­либ олган ва бу дунё ҳаёти алдаб қўйган­ларни қўяверинг (уларга парво қилманг)! Ҳар бир жон (ўз) қилмиши сабабли ҳалок бўлиши, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир дўст ва оқловчи бўлмаслиги, бадалнинг ҳаммасини берса ҳам, ундан олинмаслигини у (Қуръон) орқали эслатинг! (Ўз) қилмишлари сабабли азобланадиганлар ана ўшалардир” (Анъом сураси, 70-оят).

Мўминлар Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва раҳматидан бебаҳра қолмасликлари учун яхши, солиҳ амаллардан васила ҳозирлашлари лозим. Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!” (Моида сураси, 35-оят). Намоз, рўза, закот, ҳаж, Қуръон тиловати, зикр – булар ҳаммаси Аллоҳ розилиги учун холис адо этилса, васила бўлиши аниқ.

“Тақводор” сўзининг бир маъноси араб луғатида “холис”, “астойдил”, “чин қалбдан интилувчи” демакдир. Яъни Аллоҳ таолонинг розилигига интилувчи. Лекин бу интилиш салоҳиятини Аллоҳ таоло, аввало, ота-онанинг розилиги, ик­кинчидан, солиҳ зотлар – саҳобалар, муж­таҳид имомлар, авлиёларга эҳтиром, учинчидан, пайғамбарларга имон келтириш, муҳаббат қўйиш билан боғлаган. Яъни солиҳ, савобли амал ота-она розилиги, солиҳ зотлар дуоси, пайғамбарлар­га ишонч, эҳтиром туфайли Аллоҳ таоло­нинг даргоҳида қабулдир, иншоаллоҳ. Агар банда жоҳил, кибри ва шайтон васвасасига берилиб, ушбу боғланишларни менсимаса, яхши амалларининг ҳам йўлини тўсган бўлади.

Абдуҳаким ОРТИҚОВ,

Чироқчи тумани

Read 1870 times

Мақолалар

Top