Мақолалар

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонлар (савол-жавоб)

– Қурбонликка қандай ҳайвонларни сўйса бўлади?
– Қўй, эчки, сигир, туя каби туёғи ёриқ ҳайвонларни қурбонликка сўйиш дуруст.

– Товуқ, ғоз ва отга ўхшаш ҳайвонлардан қурбонлик қилса бўлмайдими?
– Дуруст бўлмайди.

– Қўй, эчки неча киши учун қурбонликка кифоя қилади?
– Ҳар бири бир киши учун кифоя қилади.

– Сигир, туя неча киши учун қурбонликка кифоя қилади?
– Бир кишидан то етти кишигача.

– Етти киши жам бўлиб бир сигирни қурбонлик қилсалар, гўштини қай тарзда бўлиб оладилар?
– Тарози билан ўлчаб оладилар.

– Қурбонликнинг териси нима қилинади?
– Фақирларга берилади ёки сотиб пули садақа қилинади.

– Терини масжид имомига берса бўладими?
– Агар фақир бўлса, берса бўлади.

– Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштини нима қилади?
– Фақирларга улашади ва зиёфат қилади ҳамда ўзининг оила аъзоларига улашади.

– Қурбонликни ким бўғизлайди?
– Қурбонлик қилган киши бўғизлашни яхши билса, ўзи бўғизлайди, билмаса, бошқа бир кишига сўйдиради, ўзи устида дуо қилиб туради.

– Қурбонлик қилинадиган қўй ёки эчки неча ёшли бўлиши керак?
– Бир яшар бўлиши керак.

– Олти ойлик қўйни қурбонлик қилса, бўладими?
– Агар ўша қўй семиз ва жуссаси бир яшар қўйнинг жуссасидек катта бўлса, дуруст бўлади.

– Қурбонлик бўладиган сигир ва ё ҳўкиз неча яшар бўлмоғи керак?
– Икки яшар.

– Туя неча яшар бўлмоғи лозим?
– Беш яшар.

– Девона, қўтир, қирчанғи, шохсиз, ахта қилинган ҳайвонлар қурбонликка ярайдими?
– Ҳа, ярайди.

– Қандай ҳайвонлар қурбонликка ярамайди?
– Ниҳоятда ориқ, юролмайдиган, оқсоқ, қулоғининг ё думининг учдан биридан ортиқроғи кесик бўлган ҳайвонлар, бир ё икки кўзи кўр, оғзида ҳеч бир тиши қолмаган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди.

– Қурбонлик учун қайси ҳайвонлар афзалроқ?
– Оқ ёки кўк рангли катта шохли, аъзоси саломат, семиз қўчқор афзалдир.

«Ибодати исломия» китобидан

Read 2008 times

Мақолалар

Top