Мақолалар

Ҳар бир улкан шахснинг ортида аёл бор

Аёл киши жамиятда юксак ўринга эга. Аёл – она, аёл – тарбиячи, аёл эрнинг суянчиғи. Аёл нафосат ва гўзаллик рамзи сифатида таърифланади. Исломда ҳам аёл кишига ва унинг ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилган. Аллоҳ таоло айтади: «У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, унинг жуфтини унга уйланиб, сукунат топиши учун пайдо қилган Зотдир» («Аъроф» сураси, 189-оят). Яъни «жуфт» – аёл сукунат, осойишталик, ором, латофат, меҳр-мухаббат рамзи эканлиги баён қилинмоқда.

Аёлнинг бу мақтовга лойиқ бўлиши жамиятда ва эри олдида унинг обрўсини оширади. Эрига содиқ хизмат қилиш, солиҳ фарзандлар тарбиялаш аёл кишининг бурчи бўлиши билан бирга уни жаннатга олиб киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтирмаган, намозини, рўзасини вақтида адо этган ва эрини рози қилган аёлга жаннат башоратини берганлар.

Аёл киши эрининг вазири бўлиб, уни гуноҳ ишлардан қайтаради, яхши амалларга тарғиб қилади ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган аёллар тоифасига киришга интилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймонидан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга қараса ҳурсанд қилади ва Аллоҳнинг амрларини бажаришга ёрдам беради". Ўзбек халқида ҳам «эрни эр қиладиган ҳам, ер қиладиган ҳам хотин» деган мақол бор.

Араб халқида эса бундай мақол учрайди – «Ҳар бир улкан шахснинг ортида аёл бор». Юртимизда яшаб ўтган муҳаддис алломаларни ҳам, бутун дунё алломаларини ҳам солиҳа аёллар дунёга келтиришган. Бундай аёллардан Аллоҳ рози бўлсин.

Ҳаётда энг гўзал ҳулқ ва фазилат қаноатдир. Аёл киши эрининг топганига қаноат қилиши, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам елкама-елка туриши лозим. Сўфи Оллоҳёр яхши, қаноатли хотинларни таърифлаб бундай дейди:

Агар бор олғонингни яхши ҳоли,

Дема хотун, дегил диннинг камоли.

Хуш ул зан билмаса беҳуда дерни,

Сучук лафзи ила шод этса эрни.

Агар ўн йил уйида бўлмаса ун,

Уни чиқмас уни айтурға бир кун.

Аёл кишининг сабр-тоқатли, қаноатли бўлмаслиги эрнинг ҳаромдан мол топишига ёки оиладаги жанжалларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Аёлнинг қаноатли бўлиши унинг ожизлиги нишонаси эмас, бу мақталган сифатдир. Али розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳони ранглари оқарган, лоҳас ҳолда кўриб: «Сенга нима бўлди, Фотима?», - деди. Фотима розияллоҳу анҳо: «Уч кундан буён уйда егулик нарса топилмайди», - деди. Али розияллоҳу анҳу: «Шундоқ экан, айтсанг бўлмасмиди?» - десалар, шунда Фотима розияллоҳу анҳо: «Тўйимиз куни отам – Аллоҳнинг расули алайҳиссалом: «Ҳой, Фотима! Агар Али бирор нарса топиб келса егин, бўлмаса сўрамагин», деган эдилар», деб жавоб берди.

Оилада турли ҳолатлар бўлиши мумкин. Шундай пайтларда аёл киши ўзини оқила тутиши, ғазабини ичга ютиши лозим, ҳозирда бу ҳолатларни аксини кўрамиз. Кўпчилик аёллар сабрли, қаноатли бўлиш ўрнига эрларига зулм қилишмоқда, тўй-ҳашамларда тоғоралар сонини орттираётганлар ҳам аёллар, янги-янги маросимларни ўйлаб топиб эрларини мушкул ҳолатга солиб қўяётганлар ҳам аёллар. Бундай исрофгарчиликлар ёшлар бахтини таъминлай олармиди? Аксинча, қанчалик исрофгарчилик кўпайган сари қудаларга, тўғрироғи, аёл қудага камдек кўринаверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларини қандай узатганлар. Фақат ҳозир замон бошқача деманг! Турли урф- одатларни тўқиб чиқараётган кимлар ўзи?! Унинг ўрнига қизларимизга юқорида айтиб ўтганимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳога тўй куни айтган насиҳатларини бир эслатиб ўтсак яхши бўлар эди. Оиланинг мустаҳкамлиги фақат эрга эмас, аёлга ҳам боғлиқ. Зеро, эрни эр қиладиган ҳам, ер қиладиган ҳам хотин!

М.Саиджалолова,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари

Read 1813 times

Мақолалар

Top